БИШКEК – Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков мамлакатда уран ва торий конларини қидириш ва қайта ишлашни тақиқловчи қонунга имзо чекди.
31 октябрда Қирғизистон парламенти томонидан қабул қилинган ва душанба (16 декабрь) куни президент томонидан имзоланган қонуннинг мақсади «аҳоли саломатлиги, ерлар, сув ҳавзалари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, Қирғизистон фуқароларининг яшаши, ишлаши ва дам олиши учун қулай муҳит яратиш, шунингдек, мамлакатдаги радиацион ва экологик хавфсизликни таъминлашдир», дейилади хабарда.
Қонун шунингдек, таркибида уран ва торий моддалари бўлган хомашё ва чиқиндилар импортини ҳам тақиқлайди.
Қонун эълон қилинган вақтидан 15 кун ўтиб кучга киради, дейилади хабарда.
«Қўлбола бомбалар»
Марказий Осиё, хусусан Қирғизистон ўзидан кейин бир талай хавфсизлик ва экологик муаммоларни қолдириб кетган Совет Иттифоқи учун уран моддасининг асосий манбаи бўлиб хизмат қилган.
Тожикистон ҳукумати мамлакатдаги чиқиндихоналарда «қўлбола бомбалар» ишлаб чиқариш учун кифоя қиладиган даражада уран моддаси борлигидан хавотир билдирган эди.
Жорий йил кузда Европа Иттифоқининг (ЕИ) 85 млн. евро ($95 млн АҚШ доллари) ҳажмидаги молиявий кўмаги билан Марказий Осиёдаги еттита объектда (учтаси Қирғизистонда жойлашган) совет давридан қолган уран конларида тозалаш ишлари бошланиши режалаштирилган эди.
KyrTag ахборот агентлиги хабарига кўра, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда радиоактив чиқиндилар муаммосига қарши кураш ишлари сентябрь ойида бошланиши керак эди, ажратилган маблағнинг асосий қисми – 39 млн. евро (43 млн. доллар) Қирғизистондаги тиклаш ишларига йўналтирилган эди.
Бу борадаги ишлар Жалолобод вилоятининг Мойлисой шаҳридан бошланиши белгиланган.
Европа Иттифоқининг 2017 йилги ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёда 1 миллиард тоннага яқин заҳарли уран чиқиндилари мавжуд.
Совет Иттифоқи Қирғизистондаги турли ҳудудларда уран қазиб олиб, қайта ишлаган ва жуда кўп миқдорда радиоактив чиқиндилар қолдирган, деган эди ёшлар ташаббуси бўлган «MoveGreen» ташкилоти ходимаси, бишкеклик муҳандис-эколог Бактигул Стакеева шу йилнинг апрель ойида.
Бундай чиқиндилардан келиб чиқадиган хавфларни бартараф қилишда Қирғизистонга чет эллик донорлар зарур, деди у.
«Муаммо жуда жиддий бўлгани сабабли бу ёрдам биз учун муҳим», деди Стакеева.
Советларнинг бепарволиги
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) апрель ойида Қирғизистонда Совет давридан қолган уран объектларини тозалаш чоралари ҳақида эълон қилган.
ЕТТБ ва унинг Марказий Осиёдаги шериклари олдида улкан вазифа турибди.
Совет тузуми 50 йилдан ортиқ вақт давомида Марказий Осиёда уран қазиб чиқарган ва бошқа мамлакатлардан уран рудаси олиб келиб, қайта ишлаган.
ЕТТБга кўра, «чиқиндихоналар ва омборхоналарда катта миқдорда заҳарли радиоактив моддалар тўпланиб қолган». 1995 йилда аксарият конлар ёпилганига қарамай, Россия бу ерларни тарк этгунигача ва ундан кейин деярли ҳеч қандай тозалаш ишларини олиб бормаган.
ЕТТБ – ядровий хавфсизлик ва зарарсизлантириш дастурларида иштирок этувчи ягона халқаро молия муассасаси бўлиб, бу соҳада 1993 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда.
ERA жамғармасини Европа Иттифоқи, Бельгия, Швейцария, Норвегия и Литва маблағ билан таъминлайди.
ЕТТБ шунингдек, 1986 йили Чернобилдаги (Украина) АЭСда юз берган мудҳиш ҳалокатдан кейинги тиклаш ишларида, Болгария, Литва ва Словакиядаги собиқ совет ядро реакторини зарарсизлантириш ва Россия шимоли-ғарбидаги радиоактив чиқиндиларни бартараф этиш ишларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда.
Миллий бойликларга ҳурматсизлик
Ўтган йили Қирғизистон фуқаролари, фаоллар ва экологлар Россиянинг Иссиқкўлда ўтказган ҳарбий синовлари ва машғулотларидан дарғазаб бўлиб, бу машқлар атроф-муҳитга зарар етказишини айтган эдилар.
Иссиқкўл мамлакатдаги асосий сайёҳлик масканларидан биридир.
«Кўришга арзигулик воқеа! Иссиқкўлдаги ҳарбий машғулотлардан олинган 20 та сурат» – Кремлнинг ташвиқот қуроли бўлмиш «Спутник» газетасида чоп этилган фото-мақола сарлавҳаси шундай номланган.
Маҳаллий муштарийларнинг аксари бу мақолани истеҳзо ўлароқ қабул қилиб, кўл атрофида ўтган ҳарбий машқлардан ранжиганлар, чунки бу ҳудуд ўзининг шифобахш сувлари ва нозик экотизими билан салкам муқаддас маскан ҳисобланади.
Бишкеклик муҳандис-эколог, «MoveGreen» экологик ҳаракати ходимаси Бахтигул Стакеева Иссиқкўл атрофида ўтган машқларнинг кўл экологиясига жиддий зарар етказганини қоралади.
Ҳарбий машқлар давомида рўй берган портлашлар зарарли моддаларни тарқатиши шубҳасиз, деди у Карвонсарой нашрига.
«Портлашлар юз берган жойда чуқурлар пайдо бўлади, уларнинг атрофидаги тупроқ ва ўсимликлар хароб бўлади», деди у. «Заҳарли моддалар, тупроқ, сув ва ҳайвонот оламига зиён етишидан ташқари, шовқинли ифлосланиш ҳам бор.»
Маҳаллий экотизим ҳарбий машқларсиз ҳам ўта нозик, деди у.
«Севимли кўлимизнинг аллақачон бузилган экотизимини янада нобуд қилиш нотўғри қарор», деди у.
Иссиқкўл ҳар куни ифлосланади. Иссиқкўл қирғоғида жойлашган курортлар унга катта зиён етказмоқда. Улар йил сайин кўпайиб бормоқда. Ҳайдовчилар машиналарини сув олдида олиб келишади, Иссиқкўлга қуйиладиган сувларда машина ювадилар. Нега кўл бўйида турли дам олиш масканларини очиш тақиқланмайди? Уларнинг оқова сувлари Иссиқкўлга қуйилади-ку. Кўл учун табиий филтр бўлган буталарнинг кесилиши-чи! Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари нима билан шуғулланмоқда? Назорат ёъқ. Қирғизистон ва Иссиқкўл табиатига чинакам ташвиш чекаётганлар, зудлик билан шу ишларга эътибор қаратишлари керак! Ўтмишда Иссиқкўл қирғоғи бўйлаб қурилиш тақиқланган ва чиқиндиларни тегишли равишда ёъқ қилишга қатъий риоя қилинар эди, аммо нега ҳозир ҳеч ким бу ҳақда ўйламаяпти? Ходимлари ойлик маош эвазига ўз ишини виждонан бажарадиган хизматлар қани?
Жавоб беришФикрлар 2
Эскирган зарарли совет иншоотлари
Жавоб беришФикрлар 2