Карвонсарой
Терроризм

Қозоғистонда 2019 йилда террорга қарши кураш соҳасидаги ютуқлар сарҳисоб қилинди

Айдар Ашимов

Қозоғистон хавфсизлик кучлари Тараздаги «Темирйўл-Аксилтеррор 2019» машқлари чоғида, 11 октябр. (Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси)

Қозоғистон хавфсизлик кучлари Тараздаги «Темирйўл-Аксилтеррор 2019» машқлари чоғида, 11 октябр. (Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистондаги турли давлат идораларининг террорга қарши курашга оид саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) Аксилтеррор маркази бу йилги ютуқларни сарҳисоб қилди.

12 декабрь куни Нур-Султонда бўлиб ўтган брифингда маълум қилинишича, жорий йил бошидан бери Қозоғистон МХҚ эрта босқичда учта эҳтимолий террорчилик ҳужумининг олдини олишга муваффақ бўлган.

Ташкилотчилар 6 йилдан 18 йилгача бўлган турли муддатларга ҳукм қилинган.

Уч ҳолатнинг бирида «Ислом давлати» (ИД) тарафдорларидан бири Олмаотадаги савдо марказларида портловчи моддалар ва ўқотар қуроллар ёрдамида террорчилик ҳужумларини амалга оширишни режалаган.

15 апрель куни Олмаотада террорчилар фойдаланишни режалаштирган савдо марказининг чизмалари ва бомба тайёрлашда ишлатиладиган моддалар мусодара қилинди. (Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси)

15 апрель куни Олмаотада террорчилар фойдаланишни режалаштирган савдо марказининг чизмалари ва бомба тайёрлашда ишлатиладиган моддалар мусодара қилинди. (Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси)

Нур-Султонда «Ислом давлати»га (ИД) аъзоликда гумонланганлар устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда – 20 ноябрь куни КТК телеканалининг видеолавҳасидан олинган кадр. Терроризм ва ИДга алоқадорликда айбланган 14 судланувчидан бири Даурен Сабитули суд маҳкамасида гувоҳлик бермоқда. Судланувчиларнинг барчаси айбдор деб топилган.

Нур-Султонда «Ислом давлати»га (ИД) аъзоликда гумонланганлар устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда – 20 ноябрь куни КТК телеканалининг видеолавҳасидан олинган кадр. Терроризм ва ИДга алоқадорликда айбланган 14 судланувчидан бири Даурен Сабитули суд маҳкамасида гувоҳлик бермоқда. Судланувчиларнинг барчаси айбдор деб топилган.

Бошқа бир ҳолатда «ИД»нинг уч издоши Қарағанда вилоятида терактлар содир этишни кўзлаган эди.

Шунингдек, йил бошидан бери Қозоғистон куч тузилмалари терроризмга алоқадорликда гумон қилинган ва халқаро қидирувда бўлган 31 нафар хориж фуқаросини ҳибсга олиб, ватанига топширган.

Қирққа яқин қозоқ жангариси ва уларнинг оила аъзоларидан 65 нафари ҳанузгача чет элдаги террорчилик ташкилотлари сафида қолмоқда, деб қўшимча қилади МХҚ.

Бу йил Қозоғистон хавфсизлик идоралари мамлакатнинг турли минтақаларида еттита экстремистик гуруҳ фаолиятига чек қўйди.

Йил бошидан бери шу кунгача жами 140 нафар экстремист ва террорчи жавобгарлик тортилган.

Улар орасида «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси давомида ватанига қайтарилган 14 нафар қозоғистонлик ҳам бор. 2019 йилда Сурия ва Қозоғистон ўртасида амалга оширилган бир нечта авиарейсларни ўз ичига олган инсонпарварлик операцияси давомида Суриядан қарийб 600 фуқаро Қозоғистонга қайтган эди.

11 декабрь куни Қозоғистон суди қайтганлардан 14 нафарини Суриядаги террорчилик ҳаракатларида иштирок этишда айбдор деб топиб, саккиз йилдан 14 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суриядаги қозоқ контингенти аёллари амири (қўмондони) бўлган 41 яшар Нурлан Камолов энг узоқ муддатга – 14 йилга кесилган.

Прокурорларга кўра, маҳкама айбланувчилари мудҳиш жиноятлар содир этишган, даҳшатли фотосуратлар ва видеолавҳалар буни тасдиқлайди.

Далил сифатида тақдим этилган фотосуратда судланувчилардан бири – 33 яшар қозоғистонлик эркак танасиз бошлардан бирини оёғи остига олиб, уларнинг фонида суратга тушган,

Судланувчи терроризм тарғиботига оид видеолавҳаларда ҳам кўриниш берган бўлиб, ўз қўмондонларининг буйруғига биноан ҳаракат қилганини айтган, деб хабар беради Tengri News.

Профилактика чоралари ва ўқув машғулотлари

Қозоғистонда олиб борилаётган реабилитация чораларига келсак, жорий йилда 162 та маҳбус дерадикализация қилинди, деб хабар берган МХҚ. У Қозоғистонда радикаллашувдан воз кечмаганларгина жазога тортилишини қўшимча қилган.

2019 йилда Қозоғистонда террорчиликни тарғиб этувчи материалларни ўз ичига олган 14500 га яқин ҳаволалар аниқланди. Ҳозирда уларни блоклаш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, МХҚ, жумладан унинг Аксилтеррор маркази томонидан мунтазам равишда аксилтеррор машқлари ўтказиб келинмоқда. Хавфсизлик идоралари ходимлари жорий йилда 400 дан ортиқ террорчиликка қарши тренингларда, жумладан кенг кўламли машғулотларда қатнашдилар.

Октябр ойида Таразда «Темирйўл - аксилтеррор 2019» хавфсизлик машқлари ўтказилди, унда темирйўл объектларининг терроризмга қарши ҳимояси ва мамлакат маълумотлар тизимининг киберхавфсизлик даражаси текширувдан ўтказилди.

Июнь ойида Қарағанда вилоятида «Сариарка - аксилтеррор 2019» машғулотлари бўлиб ўтди.

Ҳар иккала машғулот давомида Қозоғистон махсус кучлари шартли террорчилар ва гаровга олинганлар иштирокидаги симуляцияда иштирок этдилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500