Карвонсарой
Таълим

Тожикистон ҳукумати Бангладешдан қайтган болаларни тўғри йўлга қайтармоқчи

Карвонсарой

Суратда: Хўжанд шаҳридаги Хўжа Маслаҳаддин масжиди, 19 декабр. (Неъматулло Мирсаидов)

Суратда: Хўжанд шаҳридаги Хўжа Маслаҳаддин масжиди, 19 декабр. (Неъматулло Мирсаидов)

ДУШАНБЕ – Тожикистон ҳукумати ватанига қайтарилган бир нечта болани «қайта ўқитиш» мақсадида махсус мактабларга жойлаштирди, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL). Расмийлар Бангладешдаги мадрасаларда таълим олган бу болаларнинг онги заҳарланган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

2010 йилдан бери 3400 га яқин тожикистонлик чет элдаги мадрасаларда ўқиб қайтган. Ўша йилнинг ўзида президент Имомали Раҳмон келажакда «террорчилар» пайдо бўлишининг олдини олиш учун ўз фарзандларини хориждан қайтаришни сўраб, ота-оналарга мурожаат қилган эди.

Таълим вазирлигига кўра, Тожикистонга қайтганларнинг дунёвий мактаб тизимига мослашиши учун махсус дарслар ўтилиши лозим. «Озодлик» билан суҳбатлашган вазирлик вакили Эҳсон Хушвақт «бу болалар давлатнинг расмий мактабларида ўқимагани ва тожик жамиятида яшашга одатланмаганини» айтган.

Хушвақтнинг айтишича, уларни қайта ўқитиш жараёни «уч ой, олти ой ва ҳатто бир йилга» чўзилиши мумкин.

Сўғд вилояти уламолар кенгаши раиси Ҳожи Ҳусайн Мусозода, Хўжанд шаҳри, 19 декабр. (Неъматулло Мирсаидов)

Сўғд вилояти уламолар кенгаши раиси Ҳожи Ҳусайн Мусозода, Хўжанд шаҳри, 19 декабр. (Неъматулло Мирсаидов)

Расмийлар Бангладешда нечта тожикистонлик болалар таҳсил олгани ва улар қандай қилиб уйга қайтарилгани тўғрисида аниқ маълумот бермаган.

Охирги саккиз ой ичида Бангладешдан 10 га яқин бола қайтиб келди, деди исмини ошкор қилишни истамаган ҳуқуқ-тартибот ходимларидан бири.

Хабарларга кўра, февраль ойида болалардан бири Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) муддати ўтган ҳужжатлар билан юргани учун ҳибсга олиниб, депортация қилинганидан кейин тожик расмийлари бу болалар ҳақида хабар топганлар.

Ҳукумат хавотирга тушган

Бу ҳодиса тожик расмийларини хавотирга солиб қўйди, сабаби Тожикистонда ота-оналарга ҳукуматдан расмий рухсатнома олмасдан вояга етмаган болаларни диний таълим учун чет элга юбориш тақиқланган.

Расмийларнинг тахминига кўра, 2010 йилдан бери 3400 га яқин тожикистонлик ватанига қайтган бўлса-да, хориждаги таълим муассасаларида ҳанузгача юзлаб Тожикистон фуқаролари (улар орасида болалар ҳам бор) таҳсил олмоқда.

Ўн йилча муқаддам Раҳмон чет эллардаги мадрасаларда таҳсил олаётган аксарият тожиклар «5 ёки 10 йил ичида экстремистлар ва террорчиларга айланиши мумкинлигини» айтган эди.

Қайтганларнинг «Озодлик» радиосига маълум қилишича, ўшандан бери мамлакатдаги куч тузилмалари огоҳликни кучайтирган.

«Улар мени ҳар беш ёки олти ойда бир суҳбатга чақиришади», дейди бундан қарийб ўн йил аввал Мисрдаги мадрасада ўқиб қайтган 33 яшар Дилшод.

Ички ишлар ходимлари кундалик ҳаётим, таниш-билишлар, дўстларим ва қариндошларим қаерда эканлиги ҳақида билишни истайдилар, деди у.

Миср, Покистон ва Саудия Арабистонидан қайтиб келган бошқа уч киши ҳам органлар томонидан мунтазам равишда сўроқ қилинишини айтган.

Кузатувчиларнинг хавотирлари

Вазиятдан хабардор кузатувчилар ҳам тожик болаларининг Бангладешда таҳсил олганидан хавотир билдирганлар, гарчи бу мамлакат Саудия Арабистони, Миср ёки Покистондаги каби экстремистик ўқув даргоҳлари билан танилмаган бўлса ҳам.

Ҳукуматнинг хавотирига асос бор, дейди Тожикистон президенти ҳузуридаги Исломшунослик маркази раҳбари Файзулло Баротов.

«Бангладеш исломий илмлар ўрганиладиган мамлакат эмас», деди у.

Экстремизмга мойил ота-оналар Тожикистон ҳукуматини шубҳалантирмаслик учун «ўз фарзандларига янги жойлар излашни бошламоқда», деди у.

«Бангладешдан қайтаётган бу талабалар ким, улар қаерда ўқиган – давлатга қарашли муассасадами ёки норасмий равишдами – бу ҳақда маълумотга эга эмасмиз. Улар нималарни ўрганганини ҳам билмаймиз», дейди Сўғд вилояти уламолар кенгаши раиси Ҳожи Ҳусайн Мусозода. «Уларга қайтадан тўғри тушунча берилиши лозим.»

9 миллионлик кишилик аҳолига эга Тожикистонда битта расмий мадраса ва Ислом университети бор. Уларнинг иккови ҳам Душанбе шаҳрида жойлашган.

Сўнгги йилларда юзлаб тожик фуқаролари «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилган. Улар орасида ОМОН (махсус бўлинма) қўмондони Гулмурод Ҳалимов ҳам бор – у Марказий Осиёда ИД сафига қочиб ўтган энг юқори лавозимли амалдор ҳисобланади.

Қўшма Штатлар уни қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 3 млн. АҚШ доллари (29,1 млн. сомоний) мукофот ваъда қилган.

ИД 2018 йилдан Тожикистонда иккита ҳалокатли ҳужум ва иккиқамоқхона ғалаёни учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. Бироқ, унинг бу даъволарини мустақил равишда текшириш имконсиз.

(Ушбу мақолани тайёрлашга Хўжанддан Неъматулло Мирсаидов кўмаклашган.)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500