https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2020/01/06/feature-01
| Хавфсизлик

Европанинг қудратли давлатлари АҚШни қўллаб-қувватлаётган бир вақтда Эрон ядровий мажбуриятлардан воз кечмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Ироқдаги Бағдод элчихонасини қўриқлаш кучайтирилган пайтда постида турган АҚШ денгиз пиёда аскари, 2020 йил 4 январ. [АҚШ Марказий қўмондонлиги]

Якшанба (5 январ) куни Эрон режими ўзининг ядровий мажбуриятларидан воз кечишини ва «центрифугалар сонининг чеклови»ни бекор қилишини айтди. Бу орада Европанинг бир нечта қудратли давлатлари эронлик генерал ўлдириши ортидан Теҳрон билан юзага келган қарама-қаршилик АҚШни қўллаб-қувватлашини билдирган.

«Эроннинг ядровий дастури учун энди амалий жиҳатдан ҳеч қандай чеклов йўқ», деди Эрон ҳукумати якшанба куни кечқурун берган баёнотида.

Бу Теҳроннинг уранни бойитиш салоҳиятига, амалга оширилаётган бойитиш даражасига, бойитилган уран миқдорига ҳамда бошқа тадқиқотлар ва ишланмаларга тааллуқлидир, дейилади баёнотда.

Ҳозиргача Теҳрон атом электростанцияларида электр энергияси олишда ишлатиладиган ёқилғи ишлаб чиқариш учун уранни 5% гача бойитиши кераклигини айтган.

image

3 январ куни Эроннинг олий ҳарбий раҳбарияти мамлакатдаги ҳарбий объектларга ташрифи чоғида жорий вазиятни муҳокама қилди. [Эрон мудофаа вазирлиги]

image

Франция президенти Эммануэль Макрон Париждаги Елисей саройидан телевидение орқали халққа мурожаат қилмоқда. У Эронга қарши зиддиятда Британия ва Германия раҳбарлари билан биргаликда АҚШни қўллаб-қувватлашини эълон қилди. [FRANCE 2 / AFP]

Июл ойида Эрон режими 2015 йилги халқаро ядро битими томонидан белгиланган уранни бойитиш чекловини бузганини тан олган эди.

Европанинг қудратли давлатлари АҚШ тарафида

Германия, Франция ва Англия раҳбарлари якшанба куни тангликни юмшатиш устида ишлашга келишиб олдилар, деди Германия ҳукумати вакили.

3 январь куни Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони, генерал-майор Қосим Сулаймонийнинг АҚШ дрони томонидан ўлдирилиши Теҳроннинг Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудларда жангарилик ва ихтилофларни ёйишга қаратилган бир неча ўн йиллар давомидаги фаолиятида бурилиш ясади.

Теҳрон ўч олишга ваъда берган.

Германия канцлери Ангела Меркелнинг Франция президенти Эммануэль Макрон ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон билан телефон орқали сўзлашувларидан сўнг раҳбарлар «вазиятни юмшатишни ортга суриб бўлмайди», деган хулосага келганлар.

«Айниқса, юзага келган вазиятда Эронни босиқликка чақирамиз», дея қўшимча қилди у.

Якшанба куни Макрон АҚШ билан «бирдам эканлигини» уқтириб, Теҳронни «минтақадаги беқарорликни кучайтириши мумкин бўлган ҳарбий зиддиятдан» тийилишга чақирди.

Макрон «Ироқ ва минтақадаги тангликнинг кучайиб бораётганини» қайд этар экан, Сулаймоний қўмондонлик қилган Эрон кучлари минтақани беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатлар амалга ошириши мумкинлигидан хавотир билдирди, дейилади Елисей саройининг баёнотида.

Макрон Эрон бундай хатти-ҳаракатларга чек қўйиши кераклигини яна бир карра таъкидлаган.

«Ироқнинг суверенитети, унинг хавфсизлиги ва минтақавий барқарорликни тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда халқаро коалициянинг ДАИШга қарши курашига устувор аҳамият қаратиш лозим», деди Макрон «Ислом давлати»нинг (ИД) арабча номини тилга олиб.

«Генерал Қосим Сулаймоний барча манфаатларимизга таҳдид туғдириб, минтақада бузғунчилик ва беқарорлик келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларга масъул бўлган», деди Жонсон ўз баёнотида.

«У минглаб бегуноҳ одамлар ва Ғарб давлатлари ходимларининг ўлимига олиб келган амалиётларда асосий ролни ўйнаганини инобатга олиб, биз унинг ўлимига аза тутмаймиз.»

«Шуниси аниқки, қасос олиш ёки жавоб чоралари кўриш чақириқлари минтақадаги зўравонликнинг янада кучайишига олиб келади ва ҳеч кимга фойда келтирмайди».

Жонсон вазирлар учрашувлари ва халқаро даражадаги телефон сўзлашувларидан сўнг, сешанба (7 январь) куни парламент аъзолари вазиятдан бохабар бўлишларини айтди.

3 январ куни Германия ҳукумати вакилининг айтишича, Сулаймоний ва Ироқнинг юқори мартабали ҳарбий қўмондонининг ўлимига сабаб бўлган АҚШ ҳужуми Теҳроннинг «провокацияларига» жавобан амалга оширилган.

«Американинг бу чораси – Эрон масъул бўлган бир қатор ҳарбий фитналарга реакция бўлди», деди матбуот котиби Улрике Деммер.

Европа Иттифоқининг (ЕИ) ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Жозеп Боррелл дам олиш кунлари Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф билан телефон орқали суҳбатлашди ва уни музокаралар учун Брюсселга таклиф қилди.

ЕИ хабарига кўра, Зариф «ушбу масала юзасидан ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга қаратилган» таклифга жавоб бермаган.

«Катта хато»

Якшанба куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Теҳрон Сулаймонийнинг вафотидан кейин Америка қўшинларига ҳужум қилишга уриниши мумкинлигини айтди.

«Бизнингча, Эрон хато содир этиши ва айрим кучларимиз, Ироқдаги ҳарбийлар ёки Сурия шимоли-шарқидаги аскарларга қарши ҳужум уюштиришга қарор қилиши мумкин», деди у якшанба куни Fox News телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзлари Эрон олий раҳбари ҳарбий маслаҳатчисининг Сулаймоний ўлимидан кейин Теҳрон томонидан «ҳарбий объектларга қарши» «ҳарбий» жавоб қайтарилиши ҳақидаги даъволаридан кейин янграган.

«Бу иш Эрон учун катта хато бўлади», деди Помпео.

АҚШнинг минтақада 60 мингга яқин, жумладан Ироқда деярли 5200 аскари бор. Сулаймонийнинг ўлимидан кейин, 3 январда Вашингтон Яқин Шарққа яна минглаб аскарлар юборишни буюрган.

Якшанба куни Ироқ ва Эроннинг олий қўмондонлари ўлимига сабаб бўлган АҚШ ҳужумидан кейин элчининг чақирилишидан бир неча соат ўтиб, Бағдоддаги АҚШ элчихонаси яқинига иккита бомба ташланган.

Якшанба кунги ҳужум Бағдодда кучли қўриқланадиган Яшил ҳудудга қилинган кун давомидаги иккинчи ҳужум бўлди, АҚШ объектларига эса икки ой ичида 14 марта ҳужум уюштирилган.

Учинчи ракета Яшил зона ташқарисидаги хонадонлардан бирига бориб тушган, натижада тўрт киши жароҳат олган, деб хабар берган AFP.

Сулаймонийнинг махфий режасига оид тафсилотлар ойдинлашган

Бу орада Сулаймонийнинг АҚШ қўшинларига қарши режалаштирган махфий ҳужумига оид янги тафсилотлар пайдо бўлди.

Reuters агентлиги хабарига кўра, Сулаймоний октябрь ойи ўрталарида Эроннинг Ироқдаги таъсири кучайиб бораётганига қарши норозиликлар авж олган маҳал Эрон қўлловидаги бир неча ироқлик жангари гуруҳ етакчилари билан учрашган.

Октябр ойидаги учрашувлардан икки ҳафта олдин, Сулаймоний ИИПКга мукаммалроқ қуроллар, жумладан «Катюша» ракеталари, вертолётларни уриб тушира оладиган миномётларни икки чегара пункти орқали Ироққа олиб ўтишни буюрган. Бу ҳақда брифингда қатнашган икки ҳарбий қўмондон ва икки нафар хавфсизлик ходими Reuters агентлигига хабар берган.

Сулаймоний Бағдоддаги виллада тўпланган қўмондонларга янги хуфиёна жангарилар гуруҳини тузишни буюрган, улар Ироқдаги ҳарбий базаларда жойлашган америкаликларга қарши ракета ҳужумларини амалга оширишлари лозим эди.

Рейтер манбасининг хабар беришича, Сулаймоний «америкаликлар бундай гуруҳни аниқлаши қийин» бўлишини айтган.

Сизга мақола ёқдими?

17
Фикрлар 1
Сиёсат
Каптча *

Бундай ожиз давлатлар Эрондан қўрқади, ҳаммасини яксон қилиш керак

Жавоб бериш