Карвонсарой
Дин

Қозоғистонда ўн минглаб аҳолининг диний саводхонлиги оширилмоқда

Айдар Ашимов

Тараз марказий масжиди, 9 декабр. (Айдар Ашимов)

Тараз марказий масжиди, 9 декабр. (Айдар Ашимов)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ҳукумати диний саводхонлик курслари, маърузалар ва юзма-юз суҳбатлар орқали аҳолининг диний саводхонлигини оширишда давом этмоқда.

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҚМДИ) маълумотларига кўра, ўтган йили бу каби тадбирларга 120 мингга яқин қозоғистонлик жалб этилган.

Ўтган давр ичида диний идора имомлари қозоғистонликларнинг ижтимоий тармоқлар, телефон, оддий ва электрон почта орқали юборган 14000 га яқин саволларига жавоб беришди, деб хабар беради ҚМДИ 24 декабр куни.

Тахминан 50 минг киши (33 минг эркак ва 17 минг аёл) мамлакат масжидларида ўтказилган диний саводхонлик курсларида иштирок этдилар. Болалар учун ташкил этилган ёзги диний саводхонлик курсларида 20 минг ўғил ва 10 минг қиз қатнашди.

20 декабр куни Нур-Султонда диний саводхонлик маърузаси ўтказилди. [DUMK]

20 декабр куни Нур-Султонда диний саводхонлик маърузаси ўтказилди. [DUMK]

Ўтган йилнинг октябр ойида Нур-Султондаги диний саводхонлик курсларида иштирок этаётган аёллар. (ҚМДИ)

Ўтган йилнинг октябр ойида Нур-Султондаги диний саводхонлик курсларида иштирок этаётган аёллар. (ҚМДИ)

Шунингдек, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси томонидан «Ёшлар учун зарур билимлар», «Мусулмон шахсияти», «Ислом ва оилавий қадриятлар» каби 25000 га яқин китоб ва брошюралар тарқатилди.

«Диний саводхонликни ошириш учун аҳоли орасида сифатли, замонавий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир», дейилади ҚМДИнинг 20 декабр кунги баёнотида.

Маърузалар кундалик намозлардан олдин ва кейин Қозоғистондаги барча масжидларда ташкил этилган. ҚМДИнинг ахборот-ташвиқот тадбирлари шунингдек, жазони ўташ муассасалари, мактаблар ва давлат идораларида ҳам ўтказилган.

ҚМДИ алоҳида жиддий эътиборга муҳтож шахслар учун 2500 га яқин юзма-юз учрашув ва суҳбатлар уюштирган.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда диний саводхонлик ва радикаллашувга қарши 2000 га яқин материаллар эълон қилинди.

Радикаллашувга қарши ҳамкорлик

Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги маълумотларига кўра, ҚМДИ давлат идоралари билан ҳамкорликда экстремистик материалларни мусодара қилиш ва диний мавзуларга оид ишончли маълумотларни тақдим этиш бўйича иш олиб бормоқда.

«Қозоғистон дунёвий давлат эканлигини тушуниш лозим. Бошқача қилиб айтганда, дин давлатдан ажратилган», дейди диний мутахассис ва тарғибот гуруҳи аъзоси, туркистонлик Нурбек Муҳаметов.

«Аҳолининг диний саводхонлигини ошириш ҳамда одамларни террорчилик ва экстремизмнинг зарарлари ҳақида огоҳ қилиш каби умумий мақсадлар ҳам бор», деди у.

«Диний идора ўз ишини, ҳукумат идоралари эса ўз вазифаларини бажармоқдалар. Хавфсизлигимиз йўлида ҳамкорлик қилмоқдалар», деди у.

Муҳаметов ҚМДИ экстремизмнинг олдини олишга катта ҳисса қўшаётганига ишонади.

«Масжидга келганлар имомларга ишонадилар. Оддий маърузачилардан кўра, имомларга ишонч кўпроқ», деди Муҳаметов.

«Имом диний таълимотнинг моҳиятини очиб берса, Қуръон ва ҳадисдан гапирса, Ислом ниқоби ортида яширинган ва зўравонликка даъват қилаётганлар борлигини тушунтирса, одамларнинг кўзи очилади, уларда радикал ҳаракатларга қарши иммунитет ҳосил бўлади», деб қўшимча қилди у.

Халқаро миқёсдаги ҳамкорлик

Ҳамкорликдаги чораларни кучайтириш ва минтақада экстремизмнинг олдини олиш мақсадида ўтган йили ҚМДИ Қирғизистон ва Ўзбекистон диний идоралари билан ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштирган.

ҚМДИ раиси, бош муфтий Серикбай қози Ўроз 22 апрель куни Нур-Султонда муфтий Мақсад ҳожи Токтомушев раҳбарлигидаги Қирғизистон делегацияси билан учрашди.

Икки давлат диний пешволари умумий масалалар ва диний байрамларни бир кунда нишонлаш бўйича фатволар қабул қилиш зарурлиги борасида фикр алмашдилар.

Аввалроқ, 18 апрель куни Нур-Султонда Ўроз ва Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов Қозоғистон ва Ўзбекистон диний идоралари ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми доирасида амалга оширилган лойиҳаларни муҳокама қилдилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500