ДУШАНБЕ – Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин сешанба (7 январ) куни Душанбеда АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича муовини элчи Элис Уеллсни қабул қилиб, ҳамкорликка оид музокаралар ўтказди.
Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, мулоқот чоғида Тожикистон-АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.
Муҳриддин ва Уэллс минтақавий хавфсизлик, Афғонистондаги тинчлик жараёни, терроризм, экстремизм, радикализм ва наркотрафик муаммоларини муҳокама қилдилар. Тожикистон ва Афғонистон 1300 км дан ортиқ умумий чегарага эга.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бир қатор минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Уэллс «минтақавий хавфсизликка оид ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва энергетик алоқаларини кенгайтириш ва халқлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш» масалаларини муҳокама қилиш учун 6-7 январ кунлари Тожикистонга ташриф буюриб, ҳукумат расмийлари билан учрашишни режалаштираётгани ҳақида АҚШ Давлат департаменти аввалроқ хабар берган эди.