Карвонсарой
Хавфсизлик

Эроннинг АҚШ ҳарбийларига қарши жавоб чоралари натижасида қурбонлар берилмагани тангликни юмшатди

Карвонсарой ва AFP

Суратда: 7 январ куни Эрон ракеталари томонидан нишонга олинган Ироқдаги Ал-Асад авиабазасини қўриқлаётган АҚШ денгиз-пиёда аскари. [Жим Ватсон/AFP]

Суратда: 7 январ куни Эрон ракеталари томонидан нишонга олинган Ироқдаги Ал-Асад авиабазасини қўриқлаётган АҚШ денгиз-пиёда аскари. [Жим Ватсон/AFP]

Чоршанба (8 январь) куни Ироқдаги Америка ва бошқа хорижий қўшинлар жойлашган базаларга йўналтирилган ракета ҳужумлари оқибатида қурбонлар берилмаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп миллатга мурожаат қилар экан, ҳужумлар АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий объектларига катта зарар етказмаганини тасдиқлади.

Вашингтон ва Теҳрон расмийларининг баёнот беришича, чоршанба куни Эрон АҚШ ҳарбийлари ихтиёридаги Ироқ базаларига ракета зарбаларини берган. Аввалроқ Эрон ислом республикаси Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) «Ал-Қудс» кучлари қўмондони, генерал-майор Қосим Сулаймонийнинг АҚШ тарафидан ўлдирилгани учун қасос олишни ваъда қилганди.

Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда ҳалок этилган.

8 январь куни Теҳронда омма олдида нутқ сўзлаган Эрон олий руҳонийси Оятулло Али Ҳоманаий Эрон томонидан Ироқдаги АҚШ базаларига берилган ракета зарбалари учун жавобгарликни зиммасига олди. [Эрон мудофаа вазирлиги]

8 январь куни Теҳронда омма олдида нутқ сўзлаган Эрон олий руҳонийси Оятулло Али Ҳоманаий Эрон томонидан Ироқдаги АҚШ базаларига берилган ракета зарбалари учун жавобгарликни зиммасига олди. [Эрон мудофаа вазирлиги]

АҚШ қўшинлари жойлаштирилган Асад ва Ирбилдаги иккита Ироқ базасига умумий ҳисобда 22 та ракета келиб тушган, аммо Ироқ томонида қурбонлар қайд этилмаган, деб хабар берди Бағдоддаги ҳарбийлар тунги ҳужумидан сўнг.

Ўтган йил апрел ойида террорчи гуруҳ деб тан олинган ИИПК ракета ҳужумлари учун жавобгарликни бевосита ўз зиммасига олиб, янги таҳдидли баёнотларни тарқатган.

«Ҳар қандай ёвуз ниятли ҳаракат ёки тажовузкорликка нисбатан ундан-да шиддатли ва вайронкор жавоб қайтарилади», деб баёнот берган гуруҳ.

Эрон қўлловидаги Ироқ халқ кўнгилли кучлари ҳам уларнинг ҳужуми «Эронникидан кам бўлмайди» деган ваъдалар билан таҳдид қилишди.

«Мен Америка Қўшма Штатлари президенти эканман, Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмайди», дея ўз сўзини бошлаган Трамп АҚШнинг Теҳронга нисбатан қўллайдиган янги санкциялари хусусида батафсил маълумот берган.

Трамп Сулаймоний ўнлаб йиллар давомида Ироқ, Яман, Сурия, Ливан ва Афғонистондаги минглаб америкаликлар ва иттифоқчиларининг ўлдирилгани ва жароҳатлангани учун қай тарзда жавобгар бўлгани ҳақида сўзлади.

«У аллақачон йўқ қилиниши керак эди», деди АҚШ президенти.

Халқаро муносабат

Чоршанба (8 январь) куни дунё давлатлари раҳбарлари Эроннинг ракета ҳужумларини қораладилар.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон чоршанба куни Эронни коалиция кучлари жойлаштирилган Ироқдаги базаларга қайта ҳужум қилмасликка чақирди.

«Эрон бу каби ўйламай қилинган ва хавфли ҳужумларни такрорламаслиги керак, аксинча, дарҳол тангликни юмшатишга ҳаракат қилиши лозим», деди Жонсон парламентда қилган чиқишида.

Гемания мудофаа вазири ҳам Эроннинг сўнгги ҳужумини қоралаб, Теҳронни низо «гирдобини» тўхтатишга чақирди.

«Германия ҳукумати тажовузни қатъий қоралайди... эронликлар низонинг янада кучайишига йўл қўймасликлари керак», деди Аннегрет Крамп-Карренбауэр ARDга берган интервьюсида.

Европа Иттифоқининг (ЕИ) ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Жозеп Боррелга кўра, ҳужум «ихтилофнинг авж олиши ва кучайишига» яна бир мисол бўла олади.

«Зўравонлик гирдобини янада кучайтиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас», деб қўшимча қилар экан, у низонинг «Ислом давлатига» (ИД) қарши курашга тўсқинлик қилаётганидан огоҳлантирган.

Жума (10 январ куни) ЕИ Эрон инқирози бўйича фавқулодда мажлис ўтказади, унда тангликни юмшатиш масаласи муҳокама қилинади.

Ҳужумлар «Ироқ суверенитетига тажовуздир»

Чоршанба куни Ироқ парламенти спикери Муҳаммад ал-Ҳалбусий Эроннинг кетма-кет зарбаларини «Ироқ суверенитетига дахл қилиш» дея қоралади.

Ироқ ҳукуматининг диний-конфессионал тузилмасидаги энг юқори мартабали сунний араб – Ҳалбусий ташқи кучларни Ироқни жанг майдонига айлантирмасликка чақирган.

«Бугун тонгда Эрон томонидан Ироқ дахлсизлигига тажовуз қилинганини қораласак-да... низолашаётган томонлар Ироқдан ҳисоб-китоб майдони сифатида фойдаланишига мутлақо қаршимиз», деди у.

Ироқ бош вазирининг идораси ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиққан.

«Ироқ ўз суверенитетига нисбатан ҳар қандай тажовузлар ва ҳужумларни қоралайди», дейилади бош вазир идорасининг баёнотида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500