Карвонсарой
Дипломатия

АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги «Очиқ осмон» келишуви янада яқинроқ алоқалар томон йўл очади

Айдар Ашимов

Шарқий Қозоғистон вилояти, ўтган йил октябрь ойида самолётдан олинган сурат. (Айдар Ашимов)

Шарқий Қозоғистон вилояти, ўтган йил октябрь ойида самолётдан олинган сурат. (Айдар Ашимов)

НУР-СУЛТОН – Қўшма Штатлар ва Қозоғистон икки давлат ўртасидаги авиаташувларни енгиллаштиришни кўзда тутувчи «Очиқ осмон» келишувини имзолади. Бу ҳақда АҚШ давлат департаментининг шу ҳафтадаги баёнотида маълум қилинган.

АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уильям Мозер ҳамда Қозоғистон саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазири Бейбут Атамкулов 2019 йил 30 декабрь куни Нур-Султонда ҳаво-транспорт алоқаси шартномасини имзоладилар.

Шартнома АҚШнинг «Очиқ осмон» халқаро авиация сиёсати талабларига мувофиқ фуқаролик авиацияси муносабатларини ўрнатади, дейилади душанба (6 январь) кунги баёнотда.

Шартномада Қозоғистон ва Қўшма Штатлар ўртасида чекланмаган сондаги авиарейсларни амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, у шунингдек, бошқа афзалликлар, жумладан туризм ва савдони ривожлантиришга кўмаклашади.

АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уильям Мозер Қўшма Штатлар ва Қозоғистон ўртасида ҳаво-транспорт алоқасига оид шартномани имзоламоқда, Нур-Султон, 30 декабрь. (АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси)

АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уильям Мозер Қўшма Штатлар ва Қозоғистон ўртасида ҳаво-транспорт алоқасига оид шартномани имзоламоқда, Нур-Султон, 30 декабрь. (АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси)

«Қозоғистон билан имзоланган бу шартнома кучли иқтисодий ва тижорий ҳамкорликни ҳамда халқлар ўртасидаги муносабатларни ҳам ривожлантиради. Авиалиниялар, сайёҳлик компаниялари ва мижозлар учун янги имкониятлар яратади», дейилади баёнотда.

Ҳужжат Қозоғистон Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) томонидан тавсия этилган «Очиқ осмон» тамойилларини кўзда тутувчи илк шартнома ҳисобланади, дейилади Қозоғистон саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги баёнотида.

Унга кўра, бу чора Қозоғистон ва Қўшма Штатлар ўртасида парвоз қилувчи авиаташувчилар учун улкан имкониятлар яратади.

Ишонч белгиси

Расмийларга кўра, келишув икки мамлакат ўртасида мунтазам равишда узлуксиз парвозларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос яратади ҳамда Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

«Очиқ осмон келишувининг муҳим жиҳати – АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий ва икки халқнинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашдир», деди АҚШнинг Нур-Султондаги элчихонаси матбуот котиби Шон Бода.

«Ишонаманки, келишув мамлакатларимиздаги тижорий фаолият ва фаровонликнинг жадал ривожланишига ҳисса қўшади», деди Бода.

«Имзоланган битим Америка Қўшма Штатлари ва Қозоғистон ўртасидаги ишонч белгиси ва ривожланиб бораётган алоқалар келажаги учун яхши ҳисса қўшади», дейди таразлик сиёсатшунос Руслан Сексенбаев.

«Бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, очиқ осмон тўғридаги шартнома фуқаро авиациясининг равнақига хизмат қилади. У бизнес сектор учун ҳам, оддий фуқаролар учун ҳам фойдалидир», деди Сексенбаев.

«Шу муносабат билан, АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг Қозоғистонга Ироқ ва Яқин Шарқдаги вазият сабабли вақтинча кечиктирилган ташрифидан умид катта», деди Сексенбаев дастлаб январь ойи бошига режалаштирилган ташрифни назарда тутиб.

Янада яқинроқ

АҚШ билан бизнес, таълим ва бошқа алоқаларга эга қозоғистонликлар янги келишувдан жуда мамнун.

«Мен бу фурсатни ўтган йилнинг январь ойидан бери кутаётган эдим, ўшанда АҚШ ва Қозоғистон ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш тўғрисида битим тайёрланаётгани ҳақида эълон қилинган эди», дейди Нур-султонлик тадбиркор Берик Торгумбаев.

«Биринчи бўлиб йўлга қўйиш режалаштирилаётган Нью-Йорк учадиган тўғридан-тўғри рейс жуда зўр, эндиликда АҚШ бизга янада яқинроқ бўлади», деди у.

Ҳозирги вақтда Нур-Султондан Нью-Йоркка учишда Москвада қўниб ўтилади, бу «вақт йўқотилиши ва Россия аэропортида осиёликларга нисбатан ёмон муносабат» туфайли жуда ноқулай, деди Торгумбаев.

«Илк узлуксиз парвозларни сабрсизлик билан кутмоқдамиз. Жияним Қозоғистоннинг «Болашак» дастури доирасида АҚШда таҳсил олади. У олмаоталик», дейди Чимкентда яшовчи Бибигул Боранбаева юқори натижа кўрсатган қозоқ талабаларига хорижда таълим олиш учун бериладиган грантни назарда тутиб.

«Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг кенгайиб бораётганидан мамнунмиз. Дунё биз учун янада кўпроқ очилмоқда», деди у.

2019 йилги AҚШ-Қозоғистон ҳамкорлиги

Ўтган йил АҚШ-Қозоғистон муносабатлари учун муҳим йил бўлди. Жумладан, қуйидаги диққатга сазовор воқеалар юз берди:

5 декабр куни Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ержан Ашикбаев ва АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс Вашингтонда учрашиб, мамлакатлар ўртасидаги мустаҳкамланиб бораётган стратегик шерикликни муҳокама қилдилар.

Учрашувда АҚШ Давлат департаменти Қозоғистоннинг терроризмга қарши кураш ва «Суриядан 600га яқин қозоқ фуқароларини ватанига қайтариш ва жамиятга қайта мослаш» йўлидаги ютуқларини юқори баҳолади.

АҚШ Давлат департаментининг Терроризмга қарши кураш масалалари бўйича координатори, элчи Натан А. Сейлс октябр ойида Нур-Султонга ташриф буюриб, қайтарилганларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта мослаш бўйича «Қозоғистоннинг новаторлик фаолиятини» мақтаган.

Июн ойида Қозоғистонда Буюк Британия, Ҳиндистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ҳарбийлари иштирокида «Дашт бургути - 2019» кўп миллатли ҳарбий ўқув машқлари бўлиб ўтди. Бу машғулотларда 2003 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Яқин келажакда Қозоғистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги геосиёсий мавқеининг мислсиз мустаҳкамланишига қарши реал қарама-қарши куч сифатида Россияни эмас, балки АҚШни кўра бошлайди. Умуман олганда, бу икки мамлакат ўртасидаги яқинлашув жараёнини тезлаштиради ва Россиянинг Евро-Осиё жанубий ҳудудидан чиқариб юборилиши таҳдидини юзага келтиради.

Жавоб бериш