Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

«Диктаторга ўлим»: Эронда ғазабнок намойишчилар режимнинг тугатилишини талаб қилдилар

Карвонсарой ва AFP

Ўтган дам олиш кунлари кўчаларга чиққан ўн минглаб эронликлар 13 январь куни ҳам тўхтовсиз равишда «диктаторга ўлим» (олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаийга мурожаат), «ёлғончиларга ўлим» каби режимга қарши шиорларни ҳайқирдилар.

ТЕҲРОН – Ўтган ҳафта Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) Украинанинг йўловчи самолётини уриб туширганини тан олганидан кейин Эронда яна ҳукуматга қарши намойишлар авжига чиққан.

Бу эътироф каттароқ миқёсдаги халқаро низонинг олдини олган бўлса-да, у мамлакат ичкарисида ҳукуматга қарши норозилик намойишларига сабаб бўлди. Ўтган йилнинг кузида мамлакатни ларзага келтирган ёқилғи нархларининг кўтарилишига қарши намойишлар шафқатсиз тарзда бостирилган эди.

Ўн минглаб эронликларнинг дам олиш кунлари бошланган кўча юришлари душанба (13 январ) куни ҳам давом этган.

Намойишчилар «диктаторга ўлим» (олий раҳбар Оятуллоҳ Али Ҳоманаий назарда тутилган), «ёлғончиларга ўлим» ва режимга қарши бошқа шиорларни ҳайқирганлар.

Дам олиш кунлари ўн минглаб эронликлар режим раҳбарлари истеъфосини талаб қилиб кўчаларга чиқишган. [Файл]

Дам олиш кунлари ўн минглаб эронликлар режим раҳбарлари истеъфосини талаб қилиб кўчаларга чиқишган. [Файл]

Суратда: Теҳрондаги Шариф университети олдига тўпланган намойишчилар, 13 январь. [File]

Суратда: Теҳрондаги Шариф университети олдига тўпланган намойишчилар, 13 январь. [File]

Ижтимоий тармоқларда тарқаган кўплаб видеолавҳаларда намойишчилар Ҳоманаийни истеъфога чиқишга ва самолётни уриб туширганларни жавобгарликка тортишга чақирганлар.

«Уял, Ҳоманаий. Мамлакатни тарк эт», деб ҳайқирган намойишчилар.

Талабалардан иборат айрим намойишчилар ИИПКни «лаёқатсиз» ва «шармандали» деб атаганлар.

Мамлакат бўйлаб айрим намойишларда кўздан ёш оқизувчи газ қўлланилган, шунингдек, жанговар ўқлар ҳам ишлатилгани айтилмоқда.

AFP хабарига кўра, Теҳрон жанубидаги машҳур Озодий майдони атрофига кўплаб полиция кучлари тўпланган, Амир Кабир, Шариф ва Теҳрон университетлари ҳамда Инқилоб майдонига эса сув пуркагичлар ва тўқмоқлар билан қуролланган полициячилар юборилган. Амир Кабир яқинида намойишга чиққанларни нишонга олиш учун пейнтбол қуролларини ушлаган элликка яқин Босиж жангчилари ҳам кўринган.

Дунё лидерлари Эрон режимини эронликларнинг норозилик билдириш ҳуқуқини ҳурмат қилишга ва икки ой олдин юз берган қонли қатағонни такрорламасликка чақирганлар.

Ёқилғи нархини ошириш ҳақидаги кутилмаган қарор ўтган йилнинг ноябр ойида мамлакат бўйлаб норозилик намойишларини келтириб чиқарди.

Эрон режимининг «шафқатсиз бостириши» туфайли намойишлар ҳалокатли тус олди – минглаб намойишчилар, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва талабалар ҳибсга олинди.

Amnesty International маълумотларига кўра, 15-18 ноябр кунлари «норозилик намойишларининг ҳукумат тарафидан қонли бостирилиши натижасида» камида 304 киши ҳалок бўлди ва минглаб одамлар жароҳатланди.

Тартибсизликлар авжига чиққан маҳал, Теҳрон режимнинг шафқатсизликлари ҳақидаги сурат ва видеолавҳаларнинг дунё бўйлаб тарқалиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида интернетни ўчириб қўйди.

ИИПК мудҳиш хатони тан олди

8 январ куни тунда Украина самолёти ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учраган – бу воқеа ИИПКнинг «Ал-Қудс» кучлари қўмондони, генерал-майор Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилганига жавобан Теҳрон Ироқдаги АҚШ кучларига қарши ракета ҳужуми бошлаганидан бир неча соат ўтиб юз берган. Сулаймоний 3 январ куни Бағдодда АҚШ дрони ҳужуми туфайли ҳалок бўлган эди.

Ҳалокат натижасида барча 176 йўловчи ва экипаж аъзолари ҳаётдан кўз юмган, улар орасида 82 нафар Эрон фуқароси, 63 канадалик, 11 украиналик, 10 швед, тўрт афғон, уч немис ва уч британиялик бўлган.

Самолёт «ер-ҳаво» тоифасидаги ракета билан уриб туширилганини исботловчи видеолавҳа ва билвосита далилларга қарамай, Теҳрон бир неча кун давомида «Украина халқаро ҳаво йўллари»га қарашли PS752 самолёти ракета ҳужуми туфайли ерга қулаганини рад этиб келди.

«Бир нарса аниқ: бу самолёт ракета билан уриб туширилмаган», деган эди Эрон фуқаролик авиацияси раҳбари ва транспорт вазирининг ўринбосари Али Обидзода 10 январ куни Теҳронда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Аммо шанба (11 январ) куни тобора кучайиб бораётган халқаро ва ички босимга дуч келган Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳақиқатни – самолёт Эрон ҳарбийларининг «ҳалокатли хатоси» билан уриб туширилганини тан олди.

ИИПКнинг аэрофазовий кучлари қўмондони 8 январ куни уриб туширилган самолёт билан боғлиқ жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олса-да, оператор йўловчи самолётни «қанотли ракета» деб ўйлаб нишонга олганида мустақил тарзда ҳаракат қилганини айтди.

«Қисқа масофага учадиган бу ракета самолёт ёнида портлаган. Шу сабабли самолёт бир муддат парвозни давом эттира олган», деди генерал Амирали Ҳожизода шанба куни давлат телевидениесида орқали қилган чиқишида. «У ерга қулаганида портлаган.»

Алоқа тизимидаги узилишлар сабабли оператор ўз раҳбарларидан розилик ололмаган, деди у.

Эрон Россияда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимига эгалик қилади, улар ҳарбий ва фуқаролик самолётларини фарқлай олмайдиган эскирган дастурлар асосида ишлайди.

Украина президенти Володимир Зеленский Теҳрондан айбдорларни жазолашни, товон тўлашни ва узр сўрашни талаб қилди.

«Биз Эрондан ... айбдорларни суд қилишни кутамиз», деб ёзди у Facebook саҳифасида.

Эроннинг баёнотидан кейин масала ёпилиши ва жавобгарлик белгиланиши лозим эди, деди Канада бош вазири Жастин Трюдо.

У «қурбонларнинг оилалари ва яқинлари учун шаффофлик ва адолат» талаб қилган.

Эрон режимидаги ички ихтилофлар

Эрон Украина самолётини уриб тушириши ортидан жамоатчилик норозилиги кучайиб борар экан, кўплаб кузатувчилар назарида ҳукуматнинг бу воқеани яширишга уринаётгани туфайли Эроннинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти ўртасида жиддий ихтилофлар юзага келмоқда.

Эрондаги бир қанча нашрлар ҳукуматни самолётнинг уриб туширилиши ва унинг оқибатлари, жумладан, билдирилган муносабат учун танқид қилган.

«Etemad» ислоҳотчи газетасининг якшанба (12 январь) кунги сони «Узр сўра ва истеъфога чиқ» сарлавҳаси билан босмадан чиқди.

«Кечирилмайдиган иш», деб ёзган Эроннинг расмий бош нашри ҳалок бўлганларнинг исмлари ёзилган қора қанотли самолёт суратини чоп этиб.

Теҳроннинг «Hamshahri» газетаси биринчи бетида «Уят» сўзини қонли қизил ҳарфлар билан босмадан чиқарди.

Яна бир ислоҳотчи нашр – «Arman-e Meli» газетасининг бош саҳифасида «Ишониб бўлмайди» деган сўзлар битилган.

Ўта танқидий «Kayhan» кундалик нашрига кўра, Ҳоманаийнинг «қатъий буйруқлари самолёт қулашидек фожиага сабаб» бўлан.

ИИПКга алоқадор «Фарс» ярим расмий ахборот агентлиги Эрон етакчиларининг камчиликларни танқид қилиб, улар самолёт портлаши билан боғлиқ фожиани «икки карра аччиқроқ» қилганини айтган.

«Оммадан ҳақиқатни яширганлар жавобгарликка тортилиши зарур», дейилади унда. «Биз буни шундайлигича қолдирмаймиз.»

«Ҳалокатли хато юз берганидан чуқур афсусдамиз» деб ёзилган ИИПКга алоқадор Javan нашрининг биринчи саҳифасида.

Ҳоманаий бу каби хато такрорланмаслиги учун ИИПКга «камчиликларни» бартараф этишга буйруқ берган. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар қилди. У ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига «чуқур ҳамдардлигини» билдиргани қўшимча қилинган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500