Карвонсарой
Хавфсизлик

Сулаймоний ўлимига Эроннинг журъатсиз жавоби режимнинг заифлигини кўрсатди

Карвонсарой ва AFP

Дам олиш кунлари кўчаларга чиққан ўн минглаб эронликлар сешанба (14 январ) куни ҳам (олий раҳбар Али Ҳоманаийга қарата) «диктаторга ўлим», «ёлғончиларга ўлим» ва режимга қарши бошқа шиорларни ҳайқиришда давом этдилар.

КОБУЛ – АҚШ дрони зарбаси билан юқори мартабали ҳарбий қўмондон ўлдирилганидан кейин Эроннинг дастлабки сохта жасурлиги бир зумда йўқолиб, режимнинг барқарорлигига таҳдид солаётган заифликни фош этган.

3 январь куни Бағдодда Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) «Ал-Қудс» кучлари қўмондони, генерал-майор Қосим Сулаймонийнинг ўлимига олиб келган ҳужум ортидан қонли қасос олиш чақириқлари янграган эди.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий ва президент Ҳасан Руҳоний «шафқатсиз қасос» ҳақида огоҳлантирган.

Теҳроннинг энг юқори даражали хавфсизлик органи бўлмиш Олий миллий хавфсизлик кенгаши Қўшма Штатлар «керакли жой ва вақтда шиддатли интиқомга» дуч келишини айтган.

14 январ куни Теҳронда бўлиб ўтган тадбирда безовталикдаги Эроннинг юқори мартабали ҳарбий раҳбарлари. [Эрон мудофаа вазирлиги]

14 январ куни Теҳронда бўлиб ўтган тадбирда безовталикдаги Эроннинг юқори мартабали ҳарбий раҳбарлари. [Эрон мудофаа вазирлиги]

Эрон хавфсизлик хизмати ходимларидан бирини очиқ танқид қилаётган теҳронлик аёл, 13 январ куни Телеграмда тарқалган сурат. [Файл]

Эрон хавфсизлик хизмати ходимларидан бирини очиқ танқид қилаётган теҳронлик аёл, 13 январ куни Телеграмда тарқалган сурат. [Файл]

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг собиқ қўмондони, ҳозирда мамлакатнинг мақбулликни баҳолаш кенгаши котиби бўлган Муҳсин Ризоий ўзининг Твиттердаги саҳифасида «Америкадан даҳшатли қасос олинади», деб ёзди.

«Сўзсиз, олинажак қасос шиддатли бўлади», деб баёнот берган Эроннинг БМТдаги элчиси Тахт Раванчи.

Эрон армияси раҳбари, генерал-майор Абдулраҳим Мусавий эса АҚШга низони бошлаш учун «жасорат» етишмаяпти, дейишгача борди.

Пўписа

Бу каби барча драматик баёнотлардан сўнг, 8 январ куни АҚШ ва Ироқдаги бошқа хорижий қўшинлар жойлаштирилган иккита базага 22 ракета ҳужуми уюштирилди ва Руҳонийнинг сўзи билан айтганда, режим шу йўсин «қатъий жавоб» қайтарди.

Ўшанда Эрон давлат оммавий ахборот воситалари мазкур ҳужумлар оқибатида камида 80 нафар Америка аскари ўлдирилганини таъкидлаганди. Аммо АҚШ ва Ироқ расмийларининг тасдиқлашича, қурбонлар берилмаган.

Аслида ракеталар етказган зарар унча катта бўлмаган.

«Ҳар қандай ёвуз ниятли ҳаракат ёки тажовузкорликка нисбатан ундан-да шиддатли ва вайронкор жавоб қайтарилади», деб баёнот берган эди ИИПК.

Лекин, кейинроқ ИИПК раҳбарлари яна аввалгидек катта гапиришни бошладилар.

«Аслида душман тарафнинг аскарларини ўлдиришни мақсад қилмагандик. Бу муҳим эмасди», деди ИИПК бош қўмондони Ҳусайн Саламий 8 январ куни парламентда қилган чиқишида.

«Уларни жисмонан йўқ қилиш билан биз шунчаки душмандан анча устунлигимизни кўрсатмоқчи бўлдик», деди у давлат телевидениеси орқали намойиш этилган нутқида.

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Амирали Ҳожизода бу иддаоларни такрорлаган.

«Ўлдириш ниятимиз йўқ эди», деди у Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига кўра.

«Муболаға»

Эрон раҳбариятининг режим салоҳиятини бўрттириб кўрсатишга зўр бериб уриниши ва ҳарбийларнинг «даҳшатли қасос» олишга журъатсизлиги руҳоният ва ҳарбий маҳкамаларнинг энг асосий заифликларини фош этган.

«АҚШ ва Эроннинг ҳарбий салоҳиятларини мутлақо таққослаб бўлмайди», дейди кобуллик ҳарбий таҳлилчи Азиз Аҳмад Вардак.

Сулаймонийнинг ўлимидан сўнг Теҳрон ўз имкониятлари билан мақтаниб, америкаликлардан шафқатсиз қасос олишини ва уларни минтақадан қувиб чиқаришини айтган эди.

«Аммо бугунги кунга қадар у на қасос олди ва на америкаликларни минтақадан қувиб чиқарди», деди Вардак. «Бундай баёнотлардан кўзланган мақсад минтақа давлатларини қўрқитиш, холос».

«Эрон ҳарбийлари, айниқса ИИПК ёлғон сўзлаб, ўзи ҳақида ҳамма нарсани бўрттириб кўрсатмоқда», деди у. «Ҳақиқат шуки, Эрон ўзи даъво қилаётган ҳарбий ва жанговар қобилиятга эга эмас.»

ИИПК «мамлакатдаги жамоатчилик фикрини назорат қилиш учун ёлғонни ишга солмоқда», деди кобуллик ҳарбий таҳлилчи Азиз Станакзай.

Эрон раҳбарлари «ўз оммавий ахборот воситалари орқали АҚШнинг Ироқдаги базаларига уюштирилган ракета ҳужумларида 80 га яқин америкалик ҳалок бўлганини даъво қилиб, ташвиқот олиб бордилар», деди у.

«Эроннинг сиёсий ва ҳарбий амалдорлари қаттиқ қасос олиш оқибатларини тахмин қила олганликлари учун Ироқдаги Америка кучларига атайин зиён етказишни хоҳламадилар», деди у.

«Эрон ҳукумати ва унинг ҳарбийлари дунёнинг энг кучли армиясига қарши туришга қодир эмасликларини биладилар», дейди у.

«Диктаторга ўлим»

Режимнинг заифлиги мамлакат ичкарисидаги норозиликлар тўлқини билан янада кўпроқ билинди.

ИИПК инқироз чоғида Украинанинг йўловчи самолётини тасодифан уриб юборганини тан олгач, ўтган дам олиш кунлари ўн минглаб эронликлар янги норозилик намойишлари билан кўчаларга чиққанлар. Намойишлар сешанба (14 январ) куни ҳам давом этган.

Намойишчилар «диктаторга ўлим» (Ҳоманаийга ишора), «ёлғончиларга ўлим» ва режимга қарши бошқа шиорларни ҳайқирганлар.

Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган кўплаб видеолавҳаларда намойишчилар Хоманаийни истеъфога чиқишга ва самолётни уриб туширганларни жавобгарликка тортишга чақирган.

«Уял, Ҳоманаий. Мамлакатни тарк эт», деб ҳайқирган намойишчилар.

Украина самолёти тунда ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учраган – бу воқеа Эрон режими Ироқда ракета ҳужумларини бошлаганидан бир неча соат ўтиб юз берган. Ҳалокат оқибатида 176 йўловчининг барчаси ҳаётдан кўз юмган.

Самолёт «ер-ҳаво» тоифасидаги ракета билан уриб туширилганини исботловчи видеолавҳа ва билвосита далилларга қарамай, Теҳрон бир неча кун давомида «Украина халқаро ҳаво йўллари»га қарашли PS752 самолёти ракета ҳужуми туфайли ерга қулаганини рад этган..

11 январ куни тобора кучайиб бораётган халқаро ва ички босимга дуч келган Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ниҳоят, ҳақиқатни – самолёт Эрон ҳарбийларининг «ҳалокатли хатоси» туфайли уриб туширилганини тан олди.

14 январь куни суд аниқ рақамларни очиқламай, ҳалокатли хатонинг илк айбдорлари қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Талабалардан иборат айрим намойишчилар ИИПКни «лаёқатсиз» ва «халқ учун шармандали» деб атаганлар.

Парламентнинг собиқ аъзоси, сиёсий фаоллардан бири ва собиқ президент Оятуллоҳ Акбар Ҳошимий Рафсанжонийнинг қизи Файзеҳ Ҳошимий намойишчиларни ёқлаб чиқди.

ВВС форс хизмати томонидан узатилган аудиоёзувда у тизимли ўзгаришлар амалга оширилиши учун Ҳоманаийни истеъфо беришга чақирди. У шунингдек, норозиликларни давом эттиришни ёқлаган.

Парлементнинг собиқ спикери ва таниқли сиёсатчи диссидент Меҳдий Каррубий Ҳоманаийни давлатни бошқариш учун «лаёқатсиз» деб атади.

У Ислом республикаси конституциясида давлат етакчилиги учун белгиланган талабларнинг ҳеч бирига эга эмас, деб ёзган Каррубий олий раҳбарга аталган мактубида.

Ҳоманаий Украина самолётининг уриб туширилиши ва йўловчиларнинг ўлимига «бевосита жавобгар» бўлган, деб қўшимча қилди Каррубий.

«Ҳодиса ҳақида чоршанба (8 январь) куни хабар топганингиз, шу билан бирга ҳарбийлар, фуқаролик идоралари, давлат ташвиқот машинаси одамларни уч кун давомида алдашига йўл қўйиб бериш – шармандали ҳолат», деди у.

«Ҳалокат ҳақида икки кун бехабар бўлиш шармандаликдир», деди у Ҳоманаийнинг ёрдамчилари фалокат юз берганидан икки кун ўтиб уни хабардор қилгани ҳақидаги иддаоларни назарда тутиб.

(Ушбу мақолани тайёрлашга Кобулдан Сулаймон қўмаклашди.)

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500