Карвонсарой
Хавфсизлик

Қирғизистон пул ўтказмалари устидан назоратни кучайтирмоқда

Канат Алтинбаев

Суратда: Пул ўтказмаларини юборувчилардан талаб қилинадиган маълумотларни кенгайтиришни кўзлаётган Қирғизистон Миллий банкининг белгиси. [Қирғизистон Миллий Банки]

Суратда: Пул ўтказмаларини юборувчилардан талаб қилинадиган маълумотларни кенгайтиришни кўзлаётган Қирғизистон Миллий банкининг белгиси. [Қирғизистон Миллий Банки]

БИШКЕК – Қирғизистон миллий банки пул ювиш амалиётлари ва терроризмни молиялаштиришга қарши олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар доирасида пул ўтказмаларини юборувчилардан талаб қилинадиган маълумотларни кенгайтирмоқчи.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган ва ҳужжат матни тартибга солувчининг веб-сайтига жойлаштирилган, деб хабар берди 24.kg 6 январ куни.

Ушбу ташаббус терроризм ва пул ювиш амалиётларига қарши кураш билан шуғулланадиган ҳукуматлараро ташкилот – Молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳи (ФАТФ) талабларини бажаришга қаратилган.

«Ҳозирги вақтда банклар ва пул ўтказмалари операторлари жўнатувчилар ва олувчилардан фақат исм-фамилияси, туғилган йили, уй манзили, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат маълумотларини талаб қиладилар», деб ёзади 24.kg нашри.

Қонун лойиҳаси тасдиқланадиган бўлса, туғилиш санаси ва жойи, яшаш манзили ва солиқ тўловчининг идентификация рақамини ҳам кўрсатиш керак бўлади.

Банклар ва бошқа молия институтлари жўнатувчин маълумотлари ва транзакция тафсилотларини автоматлаштирилган банк тизимига қўшадилар ва сўров олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Миллий банкка тақдим этадилар.

Бу чоралар Қирғизистоннинг ФАТФ билан ҳамкорлик қилиш ва унинг талабларини бажаришдаги саъй-ҳаракатларини акс эттиради.

Террорчиликни молиялашга қарши курашдаги ютуқлар

Бир неча йил олдин ФАТФ 40 та тавсиядан 13 таси бўйича Бишкекнинг рейтингини паст деб баҳолаган эди. Ўтган йил декабр ойининг бошида, Қирғизистон кўрсатилган камчиликларни бартараф этганидан сўнг, ушбу 13 кўрсаткич бўйича рейтинглар кўтарилди.

Қирғизистон бу талабларни бажармаса, ФАТФнинг хавф остидаги мамлакатлар рўйхатига тушиб қолиши ва унга «хорижий инвестицияларнинг камайиши ва иқтисодий инқироз» хавф солиши мумкин, деган эди Қирғизистон Давлат молиявий разведка хизмати раҳбари Ойбек Қодиралиев 2018 йил июнь ойида Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Аммо мамлакатнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари уни воқеаларнинг бундай ривожидан қутқариб қолган.

Миллий банк таклиф этган янги чоралар нафақат иқтисодий жиноятларга, балки терроризмга қарши янада самарали курашиш учун зарур, дейди кузатувчилар.

Молиявий тартибга солиш сиёсати ва мамлакатдаги молиявий оқимларни назорат қилишни қатъийлаштириш ноқонуний операциялар, жумладан терроризмни молиялаштиришни тўхтатишга ёрдам беради, дейди бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳукуматдагилар ҳожатхонамга келиб ахлатниям ҳисоблаб чиқарсин

Жавоб бериш