Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг Сурия шарқига бостириб кириши «Ислом давлати»га қарши курашга халал бермоқда

Волид Абу ал-Хайр

Сурия шарқида патрул назорати олиб бораётган Россия ҳарбий хизматчиси. [Россия Мудофаа вазирлиги]

Сурия шарқида патрул назорати олиб бораётган Россия ҳарбий хизматчиси. [Россия Мудофаа вазирлиги]

Россиянинг Сурия шарқига бостириб кириши Сурия демократик кучлари (СДК) ва АҚШ бошчилигидаги коалициянинг «Ислом давлати»га (ИД) қарши кураш чораларига тўсқинлик қилмоқда, дейди маҳаллий ҳарбий амалдорлар ва таҳлилчилар.

«Суриядаги Россия кучлари анчадан бери ўз ҳарбий ҳозирлигини кенгайтириб келмоқда ва Сурия шарқидаги кўплаб ҳудудлар, хусусан халқаро коалиция қўлловидаги СДК назоратида бўлган жойларгача етиб борган», дейди СДК зобити Фарҳод Хўжа.

Бу жойлар ИДнинг мудраб ётган катаклари ва «якка бўри»лар сони кўпайиб бораётгани сабабли «қайноқ нуқта» ҳисобланади, деди у.

«Россиянинг ҳудудга киргани ҳарбий ва разведка операцияларига тўсиқ бўлди», чунки жойларда кучларнинг кесишуви «СДКнинг хавфсизликни таъминлаш чораларини заифлаштирмоқда», деди Хўжа.

Суриянинг Ал-Раққа шаҳри яқинида «Ислом давлати»нинг икки аъзоси ўзлари яксон қилган ҳарбий машина қолдиқларини кўрмоқда, 13 январ куни Телеграмда тарқалган сурат. [Файл]

Суриянинг Ал-Раққа шаҳри яқинида «Ислом давлати»нинг икки аъзоси ўзлари яксон қилган ҳарбий машина қолдиқларини кўрмоқда, 13 январ куни Телеграмда тарқалган сурат. [Файл]

Унинг сўзларига кўра, Россия «Палмира саҳросидан Дайр-Аззоргача ва унинг чўлидан Суриянинг шимоли-шарқи, Қамишлигача бўлган улкан ҳудудга бостириб кирган».

Россиянинг ҳудуддаги ҳарбий ҳозирлиги ИД унсурларига ҳаракатланиш, моддий-техник таъминотни амалга ошириш ва бот-бот терактлар содир этиш имкониятини беради.

Янги низолар юзага келиши мумкин

«Россия кучлари ўз ҳозирлигини кенгайтиришдан тўхтагани йўқ», деди у. «Улар, шунингдек, асосий эътиборни СДК назоратидаги ҳудудларга қаратиб, молиявий тузоқлардан фойдаланган ҳолда янги қуролли тузилмалар ташкил қилишга уринмоқда.»

«Бу аксилтеррор операцияларни амалга ошириш чоғида СДКнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмоқда ва яқин келажакда жиддий салбий оқибатларга олиб келади.»

Бу, шунингдек «Россия қўлловидаги янги ёлланма аскарлар ва СДК ўртасида Россиянинг амбицияларига хизмат қиладиган тарзда кескинлик келтириб чиқаради», деди у.

Шу тариқа Россия минтақада жанговар ҳаракатлар олиб бориш қоидаларини бузмоқда, чунки ИД йўқ бўлса-да, бу тўлиқ ҳарбийлашган ҳудуд, дейди суриялик журналист Муҳаммад Абдуллоҳ.

Амалда, Россиянинг мавжудлиги ҳудуддаги барча ҳарбий ва кузатув операцияларига тўсиқ бўляпти, деди у.

Россиянинг хатти-ҳаракатлари туфайли «ҳудуддаги кескинлик ҳолатининг сақланиб қолаётгани террорчилар манфаатларига хизмат қилмоқда. Бу Россиянинг Сурия манфаатларига хизмат қилиш, унинг хавфсизлигини таъминлаш ва уруш ҳолатига барҳам бериш учун можарога аралашаётгани ҳақидаги иддаоларининг ёлғон эканлигини кўрсатмоқда», деди Абдуллоҳ.

«Бундай бостириб кириш натижасида саккиз йиллик уруш давомида кузатилмаган кўплаб янги можаролар юзага келади», деди у.

Абдуллоҳнинг айтишича, Россиянинг яширин мақсадларидан бири Суриянинг фойдаланилмаётган, лекин мавжудлиги тадқиқотлар билан тасдиқланган улкан табиий захираларига эга бўлишдир.

Босқинчилик режалари

Бутун уруш мобайнида Россия Суриядаги марказий ўйинчига айланиш учун ҳарбий кучдан тортиб ижодий дипломатияга қадар турли воситаларни ишга солган.

У президент Башар Асадни БМТ санкцияларидан ҳимоя қилган ва унинг кучларини қўллаб-қувватлаш учун қўшин юборган.

«Россия кучлари Суриянинг шарқий ва шимолий-шарқий қисмларига қараб тезлик билан ҳаракат қилаётгани Кремлнинг аввалги барча келишувлардан воз кечиш истагидан дарак бермоқда», деди сиёсий таҳлилчи Абдул Наби Баккар.

Унинг айтишича, биринчи сабаб – геосиёсий, чунки Россия ўзининг ҳудуддаги ҳозирлиги ва назоратини кенгайтиришни истаяпти, деди у. Иккинчи омил эса, АҚШ билан рақобатлашиш истагидир.

Учинчи ва энг жиддий сабаб – бу минтақада ИДга қарши олиб борилаётган ҳарбий операцияларни барбод қилиш, деди у ИДнинг сақланиб қолаётгани минтақада доимий кескинликни юзага келтириши, бу эса Россия манфаатлари ва босқинчилик режалари учун хизмат қилиши ва кўмаклашишини қўшимча қилиб.

Яна бир сабаб – Россиянинг Эрон билан иттифоқи ва Ислом инқилоби посбонлари корпусининг Ироқ орқали Эрон ва Сурия ўртасида қуруқликдаги маршрутларни таъминлаш истагидир, деди Баккар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500