Карвонсарой
Терроризм

ИД етакчисининг шахсига оид янги маълумотлар пайдо бўлди

Карвонсарой ва AFP

Ироқлик туркман Амир Муҳаммад Абдул Раҳмон ал-Мавлий ал-Салбий – «Ислом давлати»нинг (ИД) янги етакчиси. Террорчи гуруҳ томонидан ўтган йили тарқатилган бу суратда гуруҳнинг Суриядаги аъзолари акс этган. (Файл)

Ироқлик туркман Амир Муҳаммад Абдул Раҳмон ал-Мавлий ал-Салбий – «Ислом давлати»нинг (ИД) янги етакчиси. Террорчи гуруҳ томонидан ўтган йили тарқатилган бу суратда гуруҳнинг Суриядаги аъзолари акс этган. (Файл)

Ироқлик туркман Амир Муҳаммад Абдул Раҳмон ал-Мавлий ал-Салбий «Ислом давлатининг» (ИД) янги етакчиси, деб хабар берди Британиянинг The Guardian нашри номи очиқланмаган икки разведка расмийсига таяниб.

Ал-Салбий ИДнинг таъсисчи аъзоларидан бири, деб хабар берган нашр душанба (20 январь) куни. У ироқлик язидийларнинг қулликка олиниши ва гуруҳнинг дунё бўйлаб амалга оширилган операцияларини назорат қилган.

ИД Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийни собиқ етакчи Абу Бакр ал-Бағдодий октябрь ойида АҚШнинг махсус кучлари томонидан ўлдирилганидан кейин янги раҳбар этиб тайинлади.

Ал-Қурайший бошқа юқори мартабалари раҳбарлар ёки разведка идоралари томонидан тан олинмаган даъвогар эди, деб хабар берган The Guardian.

2018 йил Сурияда ИДга қарши олиб борилган операция давомида панага қочаётган гуруҳ аъзолари. (Файл)

2018 йил Сурияда ИДга қарши олиб борилган операция давомида панага қочаётган гуруҳ аъзолари. (Файл)

Айрим таҳлилчиларга кўра, ал-Бағдодийнинг ўлими гуруҳ учун кутилмаганда юз бергани сабаб янги раҳбарнинг кимлиги ноаниқлигича қолган.

Ал-Қурайшийнинг шахси ҳақида фикр юритган айрим кузатувчилар эса, унинг Амир Муҳаммад Саид Абдул Раҳмон ал-Мавла номи билан танилган Абдуллоҳ ҳожи эканлигини тахмин қилганлар.

Ўтган йил август ойида АҚШ давлат департаменти уни ал-Бағдодийнинг «эҳтимолий вориси» деб атаб, қидирувдаги энг ашаддий террорчилар рўйхатига киритди ва уни қўлга олишга ёрдам берадиган ахборот учун 5 миллион АҚШ долларигача мукофот белгилади.

ИДнинг янги етакчиси ким?

Ал-Бағдодийнинг ўлимидан уч ой ўтгач, ИДнинг янги етакчиси ҳақида аниқроқ тасаввур пайдо бўлмоқда.

Ал-Салбий ал-Бағдодийнинг ўлимидан бир неча соат ўтиб тайинланган, деб хабар берган The Guardian уни «гуруҳга содиқликда мустаҳкам бўлган Бағдодий каби чиниққан фахрий», деб таърифлар экан.

Нашрга кўра, у Мосул университетида шариат илмини ўрганган, исломий билимларга эга бўлгани сабабли ИД сафида ҳам мартабаси тезда ортган.

The Guardian уни «сафи кичрайиб бораётган ИДнинг энг нуфузли мафкуравий етакчиларидан бири», деб атади.

АҚШ давлат департаментига қўра, у «Ироқ шимоли-ғарбидаги язидлардан иборат озчилик аъзоларини ўғирлаш, ўлдириш ва қул қилиб сотиш амалиётларини бошқарган ва гуруҳнинг баъзи глобал операцияларини назорат ҳам қилган бўлиши мумкин».

Ал-Бағдодий ўлимидан кейин ал-Салбий ИД раҳбариятини бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда, ҳозирда уларнинг аксарияти «2004 йилдан бери АҚШ ҳарбий кучларига қарши курашларда ва ундан кейинги Ироқ фуқаролик урушларида иштирок этишга ёшлик қилган шахслардан иборат», дейди The Guardian.

Ал-Салбий 2004 йилда АҚШ ҳарбий кучлари томонидан жанубий Ироқдаги Букка жамлоғида ҳибсда сақланган, айнан шу ерда у ал-Бағдодий билан учрашган, дейилади мақолада.

У Тал-Афарда туғилган бўлиб, камида бир ўғилнинг отаси деб тахмин қилинади. У ИД таркибидаги араб бўлмаган саноқли раҳбарлардан бири.

Молиявий парокандалик

Ироқ, Сурия, Афғонистон ва бошқа мамлакатларда катта ҳудудий йўқотишларга учраган ИД ўз сафини тиклашга зўр бериб уринмоқда.

Бир пайтлар ўзи назорат қилган ҳудудлардан сиқиб чиқарилган ва оммавий дезертирликларга дуч келган гуруҳ асосий даромад манбалари – нефть контрабандаси, банкларни талон-тарож қилиш, ўғирланган осори-атиқалар ва тенгсиз миллий бойликлар савдосидан маҳрум бўлгани сабабли молиявий тангликда қолган.

АҚШ молия вазирининг терроризмни молиялаштиришга оид масалалар бўйича ёрдамчиси Маршалл Биллингсли Ал-Бағдодийнинг ўлимидан сўнг гуруҳнинг молиялаштириш тизими «марказлашган» кўринишдан яккаланган усулга ўтиши мумкинлиги айтган эди.

«Улар зўравонлик, одам ўғирлаш, шантаж, мажбурий солиқлар ва тўловлар каби пул ишлашнинг содда усулларига қайтишган. Бу ўз ресурсларини йўқотган гуруҳ учун сўнгги чора бўлиши мумкин», дейди ироқлик сиёсий таҳлилчи Ияд ал-Анбар.

Бир неча йиллардан бери Афғонистонда «халифалик» барпо этишга ҳаракат қилган гуруҳнинг Хуросон бўлими ноябр ойида у ердаги мағлубиятини тан олар экан, жангарилар ҳафталаб озиқланмагани ва ўқ-дорисиз қолганини айтган.

ОАВ машинаси панд бермоқда

«ИД» ресурсларининг шиддат билан тугаб бориши бир пайтлар жуда сермаҳсул ишлаган, ҳозирда эса Ал-Салбийнинг жонлантиришига муҳтож тарғибот машинасига салбий таъсир кўрсатди.

ИДнинг Телеграм ва бошқа платформалардаги каналларида ўтган йилнинг ёзидан бери юқори сифатли сурат ва видеотасвирлар жойланмаган.

Сешанба (21 январ) куни эълон қилинган миллий хавфсизликка оид махфий ҳужжатлардан маълум бўлишича, тахминан 2016 йилда Америка ҳарбийлари тарафидан ўтказилган хакерлик операция ИД ташвиқот машинасига катта талафот етказган.

Шу чоққача махфий бўлган, кескин таҳрир қилинган ҳужжатларга кўра, АҚШ кибер-қўмондонлиги «ахборот майдонида ИДга қарши муваффақиятли курашди» ҳамда «вақт ва ресурс харажатларини жорий қилиш орқали» гуруҳнинг радикаллаштириш ва жангариликка ёллаш бўйича интернетдаги ҳаракатларини чеклаган.

Ҳисоботда ИД томонидан интернетда олиб борилган саъй-ҳаракатларнинг «сезиларли даражада камайгани» айтилади.

Хавфсизлик кучларининг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида гуруҳ ўзининг кўплаб медиа-платформалари, технологиялари, видео ва овоз бўйича мутахассислари, ташвиқотчилари билан бир қаторда бошқа ходимларидан ҳам маҳрум бўлган, дейди Ироқдаги ал-Фаробий университетида оммавий коммуникациялар фанидан дарс берадиган Козим Ал-Миқдодий.

«Куч тузилмалари гуруҳ мафкураси ва ғояларини онлайн тарзда, «айниқса ижтимоий тармоқлар орқали» тарқатувчи ИД бўлинмалари ва уни қўллаб-қувватловчилар йўлига тўсиқ қўйиш бўйича аниқ мақсадли ҳаракатларни олиб бормоқда», деган эди у ўтган йил август ойида.

«ИДнинг медиа-машинаси йўқликка юз тутиб бормоқда», деди ал-Миқдодий. Унинг таъкидича, гуруҳ «ишончни йўқотган ва ундан ҳеч ким қўрқмай қолган».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қойил

Жавоб бериш

Тушунарли, буниси ҳам олдингиси каби Америка қамоқхонасида ўтириб чиққан...

Жавоб бериш