Карвонсарой
Хавфсизлик

Эрондаги танглик сабабли Туркманистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Жумагули Аннаев

Туркманистон юк машиналари Сарахс яқинидаги Эрон чегара ҳудудларига кириб бормоқда. Теҳрон Украина самолётини уриб туширганидан сўнг, Туркманистон Эрон билан барча чегара постларини ёпган. [ИРНА]

Туркманистон юк машиналари Сарахс яқинидаги Эрон чегара ҳудудларига кириб бормоқда. Теҳрон Украина самолётини уриб туширганидан сўнг, Туркманистон Эрон билан барча чегара постларини ёпган. [ИРНА]

АШХОБОД – Шу ой бошида минтақада юзага келган танглик шароитида Эрон Украинага қарашли йўловчи самолётни тасодифан уриб туширганини тан олгач, Туркманистон ўз чегаралари ва аҳолисини ҳимоя қилиш чораларини кўрмоқда.

Украина самолёти тунда ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учраган – бу воқеа Эрон режими Ироқдаги АҚШ ва бошқа хорижий қўшинлар жойлашган икки ҳарбий базага 22 та ракета учирганидан бир неча соат ўтиб юз берган.

Ҳалокат натижасида барча 176 йўловчи ва экипаж аъзолари ҳаётдан кўз юмган, улар орасида 82 нафар Эрон фуқароси, 63 канадалик, 11 украиналик, 10 швед, тўрт афғон, уч немис ва уч британиялик бўлган.

Самолёт «ер-ҳаво» тоифасидаги ракета билан уриб туширилганини исботловчи видеолавҳа ва билвосита далилларга қарамай, Теҳрон бир неча кун давомида «Украина халқаро ҳаво йўллари»га қарашли PS752 самолёти ракета ҳужуми туфайли ерга қулаганини рад этиб келди.

10 январ куни Туркманистон авиакомпанияси Эрон ҳаво ҳудуди орқали ўтадиган парвозларни вақтинча тўхтатди. [Twitter]

10 январ куни Туркманистон авиакомпанияси Эрон ҳаво ҳудуди орқали ўтадиган парвозларни вақтинча тўхтатди. [Twitter]

Аммо шанба (11 январ) куни тобора кучайиб бораётган халқаро ва ички босимга дуч келган Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳақиқатни – самолёт Эрон ҳарбийларининг «мудҳиш хатоси» туфайли уриб туширилганини тан олди.

ИИПКнинг ҳаво кучлари қўмондони 8 январ куни уриб туширилган самолёт билан боғлиқ жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олган бўлса-да, оператор йўловчи самолётни «қанотли ракета» деб ўйлаб нишонга олганида мустақил тарзда ҳаракат қилганини айтди.

Парвозлар вақтинча тўхтатилди

Норозиликка сабаб бўлган бу воқеа Туркманистон фуқароларининг Эрон режимига нисбатан ишончсизлигини кучайтирган.

«Юқори технологиялар ривожланган ва энг сўнгги ҳаво нишонларини аниқлаш тизимлари мавжуд бўлган бугунги замонда қандай қилиб фуқаролик самолётини жанговар қанотли ракета билан адаштириш мумкин?» дейди Ашхобод халқаро аэропортининг авиация хавфсизлиги бўйича мутахассиси Мардон Отаев.

Бунинг эҳтимолий сабабларидан бири шуки, Эрон Россияда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимига эгалик қилади, улар ҳарбий ва фуқаролик самолётларини фарқлай олмайдиган эскирган дастурлар асосида ишлайди.

2019 йилда Россиянинг эскирган ҳарбий техникаси билан боғлиқ бошқа ҳалокатли воқеалар ҳам юз берганди. Март ойида Россияда ишлаб чиқарилган Mи-8 вертолётининг Қозоғистонда ҳалокатга учраши, июль ойида чуқур сув тубида сузувчи Россия кемасида юз берган ёнғин ва Россиянинг ягона авиаташувчисига ўт кетиши билан боғлиқ декабрдаги ҳодисалар шулар жумласидандир.

Украина самолётининг ҳалокатидан олдин, Туркманистон ва Дубай ўртасидаги парвозлар Эрон ҳудуди орқали амалга оширилар эди. Фожиадан икки кун ўтиб, 10 январ куни авиакомпания Эрон ҳудудидан ўтадиган барча парвозлар вақтинча тўхтатилганини эълон қилган.

Хабарда айтилишича, бундай қарор «парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» қабул қилинган.

Ашхободлик пенсионер Каримберди Коссеков Туркманистоннинг «беқарор ва хавфли» Эрон ҳаво ҳудуди орқали парвозларни тўхтатиш қарорини олқишлади.

«Ҳеч ким хато ёки инсон омилидан ҳимояланмаган, лекин бу ҳолатда Туркманистон ҳаво йўлларининг Эрон орқали парвозларни тўхтатиш қарори тўғри бўлди», деди у.

«Ким билсин, Эроннинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимида яна бир ваҳимачи пайдо бўлиб, йўловчи самолётни жанговар самолёт билан адаштириб, уни уриб тушириши мумкиндир», деди у.

Чегаралар ёпилди

Эрон ҳаво ҳудудидан ўтадиган парвозларни тўхтатиш билан бирга, Туркманистон қўшни мамлакат билан қуруқликдаги барча чегара пунктларини ҳам ёпган.

Туркманистон-Эрон чегараси ёпилганини Туркманистон Давлат чегара хизмати ходими тасдиқлади.

«Бу Украина самолёти уриб туширилгани маълум бўлган куни, яъни 8 январда юз берди», деди у ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан.

Маҳаллий ОАВ бу чора тўғрисида хабар бермаган, бу ҳақда 10-январ куни Австрияда жойлашган Туркманистон хроникаси нашри хабар қилди.

Чегарачиларга кўра, Туркманистон Эрон билан 992 км узунликдаги умумий чегарага эга ва унда тўртта назорат-ўтказиш пункти жойлашган. «Уларнинг барчаси одамлар учун ҳам, юклар учун ҳам ёпиқ», деди у.

Чегарани кесиб ўтишга ҳаракат қилган бир неча киши 14 январ куни Каравансарой нашрига унинг ёпилгани ҳақида хабар берган.

Жумладан, ашхободлик 48 ёшли Гулялек исмли аёл Гаудан-Бажигирон чегара пункти орқали даволаниш учун Эронга ўта олмаган.

Чегара олди савдоси билан шуғулланувчи Балкан вилоятидан келган Ёқуб исмли тадбиркор божхоначилар томонидан қўйилган чекловлар сабабли Эрондан юборилган товарларини ололмаган.

Сарагт, Ортиқ ва Этрек назорат-ўтказиш пунктларида юзлаб юк машиналари тўпланган, дея хабар берган турли манбалар Карвансаройга.

Туркманистоннинг чегара, божхона ва миграция хизматлари вакиллари назорат-ўтказиш пунктлари ёпилишининг сабаби ва уларнинг қачон очилиши ҳақида маълумот бермаяпти.

Ишончсизлик кучаймоқда

Шахси очиқланмаслигини сўраган ашхободлик журналист ва олимнинг айтишича, туркманларнинг Эронга нисбатан ишончсизлиги асрлар оша давом этмоқда ва сўнгги йилларда Эрон режимининг минтақадаги душманона сиёсати туфайли сезиларли даражада кучайган.

«2019 йил август ойида «Овоза» курорт ҳудудида ўтказилган Каспий иқтисодий форумида Эрон миллий газ компанияси вакили Беҳруз Намдарий Туркманистоннинг Каспий денгизи тубида газ қувурини қуришига қарши чиққанини эслайлик», деди журналист.

«Эрон газ қувури қурилишига қарши» деган эди ўшанда Намдари.

Журналист Эрон режимининг минтақавий ҳамкорлик ва ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир нечта йирик лойиҳаларига тўсқинлик қилгани билан боғлиқ бошқа ҳолатларга ҳам тўхталган.

Унинг сўзларига кўра, Эрон аввал етказиб берилган табиий газ учун Туркманистондан қарийб 2 миллиард доллар (7 миллиард манат) қарздор.

Туркманистоннинг ғарбий Корпеж конларидан Эроннинг Кордкуйигача бўлган 200 км узунликдаги «Корпеж-Кордкуй» табиий газ қувури асосан Эрон томонининг айби билан тўлиқ ишламаяпти, деб қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, янги Қозоғистон-Туркманистон-Эрон темир йўли орқали юк ташиш тўлиқ ҳажмда амалга оширилмаяпти.

«Туркманистон бу иншоотларга юзлаб миллион доллар сармоя киритди ва буларнинг бари ҳавога совурилди», деди у.

Эрон оммавий ахборот воситаларининг ёлғонлари

Туркман журналисти Эрон оммавий ахборот воситаларини ёлғон тарқатишда ҳам айблади.

Эрон давлат ахборот агентлиги 13 январ куни Эроннинг Туркманистондаги янги элчиси Ғулом Аббос Арбоб-Халес Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга ишонч ёрлиғини топширганида ёлғон маълумот тарқатди, деди у.

«Эрон оммавий ахборот воситалари, хусусан ИРНА Туркманистон президенти 3 январ куни эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг «шаҳид бўлгани» муносабати билан ҳамдардлик билдиргани ҳақида хабар берди», деди у.

«Бироқ, туркман оммавий ахборот воситаларида, хусусан Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабарларида таъзия ёхуд генералнинг «шаҳид бўлгани» ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган, деди у.

«Бу каби ёлғон хабарлар ўзаро ишончга путур етказади», дейди туркманистонлик журналист.

Эрон ИИПКнинг «Ал-Қудс» кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний Бағдодда АҚШ дронининг ҳужуми билан ўлдирилган.

Ўтган йил апрелда АҚШ ҳукумати гуруҳ томонидан дунё бўйлаб амалга оширилган ўнлаб тажовузкор ҳаракатлар ортидан ИИПКни террорчи ташкилот деб топган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Диктатор-ўғрилар эволюцияси

Жавоб бериш