Карвонсарой
Намойишлар

Эрон иқтисодиётидаги инқироз раҳбарлар эътиборидан четда қолаётгани норозиликка сабаб бўлмоқда

Карвонсарой ва AFP

Январь ойида минглаб эронлик намойишчилар «диктаторга ўлим» (Ҳоманаийга ишора), «ёлғончиларга ўлим» ва режимга қарши бошқа шиорларни ҳайқирганлар.

Халқ норозилигининг кучайиши ва иқтисодиётнинг қулаб бораётгани билан юзма-юз келган Эрон раҳбарияти назоратни ушлаб қолишга ва бир вақтнинг ўзида Ғарбга нисбатан қатъий позициясини кўрсатишга уринмоқда.

Эрон олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий норозиликни юмшатиш мақсадида ўтган жума куни 2012 йилдан бери илк марта Теҳронда ваъзхонлик қилди.

Эронликларга тааллуқли асосий муаммоларга эътибор қаратиш ўрнига Ҳоманаий бир неча бор ўз нутқини 3 январь куни Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) «Ал-Қудс» кучлари қўмондони, генерал-майор Қосим Сулаймонийнинг ўлими билан боғлиқ мавзуга қаратишга уринди.

Сулаймонийнинг ўлимидан кейин Эрон ҳукумати бир ҳафта давомида вазиятни ўзгартира олди – халқ орасида ҳукуматни қўллаб-қувватлаш ва аксил-Ғарб кайфиятини кучайтиришга муваффақ бўлди.

Эрон олий руҳонийси Али Ҳоманаий 17 январь кунги нутқида ички норозиликларнинг асосий сабабини изоҳлаш ўрнига аксил-Ғарб кайфиятини авж олдиришга уринган. (Олий раҳбарнинг матбуот хизмати)

Эрон олий руҳонийси Али Ҳоманаий 17 январь кунги нутқида ички норозиликларнинг асосий сабабини изоҳлаш ўрнига аксил-Ғарб кайфиятини авж олдиришга уринган. (Олий раҳбарнинг матбуот хизмати)

Ўтган ҳафта Эрон ҳукуматининг иқтисодиётни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида нутқ сўзлаётган вақтида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ортидан икки ночор қизалоқ югуриб ўтган. (Файл)

Ўтган ҳафта Эрон ҳукуматининг иқтисодиётни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида нутқ сўзлаётган вақтида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ортидан икки ночор қизалоқ югуриб ўтган. (Файл)

Аммо, 8 январь куни ИИПК Украинага тегишли самолётни тасодифан уриб туширганини, воқеа содир бўлганидан 3 кун ўтиб тан олганидан кейин мамлакатдаги кайфият кескин ўзгарган.

Бу иқрор ва ИИПК ҳамда Эроннинг юқори мартабали расмийлари воқеани яшириш мақсадида ёлғон сўзлаганининг фош бўлиши норозиликларнинг янада кучайишига ва Эрон бўйлаб мисли кўрилмаган намойишларга сабаб бўлди.

Бир неча ўн минглаб намойишчилар Ҳоманаийга қарата «диктаторга ўлим», «ёлғончиларга ўлим» деган ҳайқириқлар ва бошқа шиорлар билан кўчаларга чиқишган.

Намойишчиларга эътиборсизлик

Аммо Ҳоманаийнинг халқ қўлловига эришишга уриниши айрим эронликларни янада ғазаблантирган.

«У халқни тинчлантиришга ҳаракат ҳам қилмади ва намойишчиларни умуман эътиборсиз қолдирди», деб айтган фаоллардан бири AFP нашрига.

Четдан AFP билан мулоқотга чиққан эронликлар каби у ҳам оқибатлардан хавфсираб ўз шахсини очиқламаган.

«У Қосим Сулаймоний Украина самолёти йўловчиларидан кўра муҳимроқ эканлигини очиқчасига баён қилди», деди у.

Йўловчи самолёт Эрон ҳаво мудофааси ходимларининг «ҳалокатли хатоси» билан «ер-ҳаво» тоифасидаги ракета ёрдамида уриб туширилган.

176 йўловчи ва экипаж аъзолари, жумладан 82 та Эрон, 63 та Канада, 11 та Украина, 10 Швеция фуқароси ҳамда тўрт нафар афғонистонлик, учта немис ва уч британиялик ҳалок бўлган.

Яна бир эронликнинг Телеграм иловаси орқали ёзишича, Ҳоманаий очиқдан-очиқ «Ўлганларнинг қаерда экани, ердами ёки осмондами – мен учун аҳамиятсиз» деб айтган.

Шу билан бирга, Ҳоманаий намойишчилар Эрон халқининг фикрини ифодаламаслигини айтган.

«Улар бизлардан эмас, дейиш билан у одамлар ўртасида айирмачиликни кучайтириб, халқ ва ҳукумат ўртасидаги масофани узоқлаштирмоқда», деб айтган 24 яшар теҳронлик рассом AFP нашрига.

«Ва бу мен каби ҳукуматдан узоқ бўлган одамда ўзгаришларга интилишни янада кучайтиради», деди у.

Давомли иқтисодий танглик

Ҳоманаий ўз нутқида эронликларнинг азияти ва норозилиги манбаига эътибор қаратмаган.

Сўнгги норозиликлар Эрон ҳукуматининг самолётни уриб тушириши, раҳбариятнинг вазиятни бошқаришга лаёқатсизлиги туфайли келиб чиққан, шу билан бирга, Эроннинг иқтисодий муаммоларига қаратилган яширин норозилик оқими ҳам мавжуд.

Эрон статистика марказига қўра, инфляция 40 фоизга яқин бўлиб, озиқ-овқат ва бошқа асосий эҳтиёж маҳсулотларининг нархлари баланд. 15-24 ёшдагилар орасидаги ишсизлик кўрсаткичи 28 фоизни ташкил этади, дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.

14 январь куни Британия, Франция ва Германия 2015 йилда Эрон ҳукумати билан имзоланган шартнома талабларининг Теҳрон томонидан бузилгани туфайли низоларни ҳал этиш механизмини ишга туширдилар. Шу сабабли вазият янада оғирлашиши кутилмоқда.

АҚШ ҳукуматига кўра, Эроннинг Кенг миқёсли қўшма ҳаракатлар режаси (JCPOA) номли битим шартларига риоя қилмагани 2018 йилда АҚШни бу битимдан чиқишга ва Теҳронга нисбатан санкциялар қўллашга мажбур бўлган.

2019 йил май ойидан АҚШ санкциялари ва Европанинг уларни четлаб ўта олмаслигига жавобан, Эрон битим бўйича айрим мажбуриятларини ўзидан cоқит қила бошлади.

Иқтисодий беқарорлик

Эрон режими иқтисодий муаммолар учун Америка Қўшма Штатларини айблашга ошиқаётган бир пайтда Эрон халқи орасида ҳукумат сиёсатига норозилик кучайган.

Бензин нархини 200 фоизга ошириш ҳақидаги кутилмаган қарор 15 ноябр куни мамлакат бўйлаб норозилик намойишларини келтириб чиқарди.

Эрон ҳукуматининг ҳисоб-китобларига кўра, намойишларда 120 мингдан 200 минггача одам иштирок этган.

Норозилик намойишлари бензин нархининг кўтарилиши билан боғлиқ бўлса-да, тартибсизликлар кўлами чуқур иқтисодий муаммолар – қарзга ботган банк секторидан тортиб, ҳарбий ташкилотларнинг иқтисодиётдаги йирик ва ношаффоф ролига ишора қилмоқда.

Кўплаб эронликларнинг таъкидлашича, режим ўз мамлакатига сармоя киритиш ўрнига минтақада, хусусан, Сурия, Ироқ ва Яманда давом этаётган урушларни қўллаб-қувватлаб, ўз халқининг иқтисодий муаммоларини оғирлаштирмоқда.

Ноябр намойишлари ортидан режимнинг намойишчилар, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва талабаларга қарши шафқатсиз босими одамларни тинчлантириш ўрнига хавотирларни кучайтирган.

Кескин баёнотлар ва кичик қасос

Мазкур иқтисодий муаммолар ва уларнинг натижасида келиб чиққан ички тартибсизликлар Эрон режимининг Ғарб билан курашишга ҳозирлигини сусайтириши мумкин.

Сулаймоний ўлдирилганидан кейин дастлаб Ҳоманаий, президент Ҳасан Руҳоний ва бошқа бир қатор юқори мартабали расмийлар АҚШдан «шиддатли қасос» олиниши ҳақида огоҳлантирганлар.

Ушбу «қасос» 8 январ куни АҚШнинг Ироқдаги базаларига қарата учирилган 22 дона ракета кўринишида келиб тушди.

Эрон расмийлари ҳужумда АҚШнинг 80 аскари ҳалок бўлганини иддао қилган. Аслида эса, Пентагон маълумотларига кўра, ҳужум натижасида кичик миқдорда моддий зарар кўрилган ва 11 америкалик аскар жароҳатланган.

Ғарб давлатларига қарши тура олмаслигини англаган Эрон раҳбарлари аввалги баландпарвоз гапларидан қайта бошладилар.

«Аслида душман тарафнинг аскарларини ўлдиришни мақсад қилмагандик. Бу муҳим эмасди», деди ИИПК бош қўмондони Ҳусайн Саламий 8 январ куни парламентда қилган чиқишида.

Эрон раҳбариятининг режим салоҳиятини бўрттириб кўрсатишга зўр бериб уриниши ва ҳарбийларнинг «даҳшатли қасос» олишга журъатсизлиги руҳоният ва ҳарбий маҳкамаларнинг энг асосий заифликларини фош этган.

16 январ куни Руҳоний Эрон «ҳар куни ҳарбий қарама-қаршилик ёки урушнинг олдини олиш устида ишлаётгани» ва жаҳон ҳамжамияти билан мулоқот имконияти сақланиб қолганини таъкидлади.

Эрон режими эронликлар билан мулоқотга киришиш ва унинг талабларини тинглашга тайёр бўладими-йўқми, бу номаълумлигича қолмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500