Намойишлар

Ички норозилик кучайиб бораётган бир вақтда қуролланган шахс эронлик қўмондонни ўлдирди

Карвонсарой ва AFP

image

Суратда: январь ойи бошида хавфсизлик кучлари билан тўқнашган эронлик намойишчилар, Теҳрон. (Файл)

ТЕҲРОН – Эроннинг Босиж сафарбарлик кучлари қўмондони жануби-ғарбий Ҳузистон вилоятида номаълум шахс томонидан отиб ўлдирилиши ортидан мамлакат ичидаги тартибсизликлар кучайиб бормоқда. Бу ҳақда IRNA ахборот агентлиги хабар берган.

Абдулҳусайн Муждамий 22 январь куни вилоят пойтахти Ахваздан 70 км узоқликдаги Дарховинда ўз уйи ташқарисида «Калашников автомати ва тўппонча билан қуролланган иккита мотоциклчи» томонидан ўлдирилган, деб хабар беради Fars ахборот агентлиги.

Ультраконсерваторларга яқин бўлган Fars агентлигига кўра, Муждамий Эрон раҳбариятига содиқ Босиж кўнгиллилар гуруҳи аъзоси бўлган.

Нашр унинг Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) капитани формасидаги суратини чоп этган.

Уни ҳалок қилган «террорчилик ҳужуми» учун ҳеч ким жавобгарликни ўз бўйнига олмаган.

Ҳузистон ноябр ойининг ўрталарида ёқилғи нархларининг кўтарилишига жавобан 100 га яқин қишлоқ ва шаҳарларни қамраб олган шиддатли норозиликларнинг асосий марказларидан бирига айланган эди.

Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилотининг маълум қилишича, тартибсизликларни бостириш вақтида 300 дан ортиқ одам, шу жумладан Ҳузистонда 40 киши ўлган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари идораси (OHCHR) ҳам Эрон режимининг қуролсиз намойишчиларга нисбатан куч ишлатганини тасдиқлади.

Намойишчилар Босиж жангчилари ва ИИПК аъзолари томонидан ўққа тутилган, дейилади OHCHR баёнотида.

Камида 13 нафар аёл ва 12 та ёш бола ҳалок бўлган.

Тартибсизлик кучаймоқда

Эронда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари шу ой бошида ИИПК Украинага қарашли йўловчи самолётни ўриб туширганини тан олганидан кейин қайта авж олган.

Бу иқрор ва ИИПК ҳамда Эроннинг юқори мартабали расмийлари воқеани яшириш мақсадида ёлғон сўзлаганининг фош бўлиши Эрон бўйлаб норозиликларнинг янада кучайишига ва мисли кўрилмаган намойишларга сабаб бўлди.

Халқ норозилигининг кучайиши ва иқтисодиётнинг қулаб бораётгани билан юзма-юз келган Эрон раҳбарияти назоратни ушлаб қолишга ва бир вақтнинг ўзида Ғарбга нисбатан қатъий позициясини кўрсатишга уринмоқда.

Сўнгги норозиликлар Эрон ҳукуматининг самолётни уриб тушириши ва раҳбариятнинг вазиятни бошқаришга лаёқатсизлиги туфайли келиб чиққан бўлса-да, Эроннинг давомли иқтисодий муаммолари билан боғлиқ яширин норозилик ҳам йўқ эмас.

Мазкур иқтисодий муаммолар ва уларнинг натижасида келиб чиққан ички тартибсизликлар сўнгги низода Эрон режимининг Ғарб билан курашишга иштиёқини сўндириши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)