Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ўзбекистон банк секторини хусусийлаштиришга интилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Ўзбекистон хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва эскирган молиявий секторни ўзгартириш учун банк соҳасида ислоҳотлар ўтказишни режалаштирмоқда. [Pexels]

Ўзбекистон хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва эскирган молиявий секторни ўзгартириш учун банк соҳасида ислоҳотлар ўтказишни режалаштирмоқда. [Pexels]

ТОШКЕНТ – Ўтган жума (24 январ) куни Ўзбекистон ҳукумати эскирган молиявий секторни ислоҳ қилиш чоралари доирасида банклар акцияларини «стратегик инвесторларга» сотишни режалаштираётганини маълум қилди.

«Давлат улушига эга бўлган банклар босқичма-босқич стратегик инвесторларга сотилади», деди президент Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатномасида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга кўра, мамлакатдаги банк тизими замонавий талаблардан 10-15 йил орқада қолган.

Мирзиёевга кўра, ушбу жараён «босқичма-босқич» амалга оширилади, бунинг учун вақт чегараси ёки Ўзбекистонга жалб қилинадиган инвестор учун талаблар белгиланган.

Давлат бошқарувидаги банк сектори

Марказий банк маълумотларига кўра, давлатнинг банк тизимидаги улуши 80 фоиздан ошади.

30 та банкдан бештаси тўлиқ давлат банки бўлиб, қолган саккизтасининг 50% улуши давлатга тегишли.

Ҳукумат учта хорижий банкда ўз улушига эга.

Ўтган йил феврал ойида жаҳон молия бозорида 1 миллиард долларлик (9,6 трлн. сўм) облигацияларини муваффақиятли жойлаштирганидан сўнг, Ўзбекистон халқаро облигациялар бозорига чиқишни давом эттиради, деди Мирзиёев.

Мирзиёев – ўтмишдоши Ислом Каримов давридаги чорак асрлик яккаланишдан сўнг собиқ совет республикаси учун туризм ва инвестициялар йўлини очган шахс деб кўрилади.

Ўта зарур ислоҳот

Кузатувчилар ҳам Ўзбекистон банк тизимини ислоҳ қилиш зарур, деган фикрда.

«Ўзбекистонда банк соҳаси ҳанузгача бошланғич ҳолатида», дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Шукрулло Мавлонов. «Президент Каримов ҳукмронлиги даврида банклар бошқа давлатларда бўлгани каби мустақил молия институтларига айлана олмади. Бозор иқтисодиётининг ўзи йўқ эди. Ҳатто Қозоғистондаги банк тизими даражасига етиш учун камида ўн йил керак бўлиши мумкин. Хизматлар, сервис, капитал, имкониятлар – ҳали ҳам яхши ривожланмаган. Соҳада йирик хорижий ўйинчилар йўқ, шу боис банклар ҳеч қандай рақобатни ҳис қилмайди.»

«Ўзбекистондаги давлат банклари жуда ёмон ишлайди. Уларга кирмасликка ҳаракат қиламан. Рақамли хизматларга умид қилмаса ҳам бўлади. Ҳамма нарса қўлда, қоғозда. Узун навбатлар, қўпол ходимлар. Сўнгги йилларда ислоҳотлар ўтказишга уринишлар бўлди, аммо мен ҳеч қандай ўзгариш сезганим йўқ. Фикримча, хусусийлаштириш энг тўғри чора», дейди тошкентлик Озода Насимова.

[Мақолани тайёрлашга Максим Енисеев ўз ҳиссасини қўшган.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500