https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2020/01/29/feature-01
| Терроризм

Қозоғистонда экстремизм хавфидан огоҳлантирувчи видеолавҳалар намойиш этилмоқда

Айдар Ашимов

image

Судланган террорчини кузатиб бораётган қамоқхона қўриқчилари, Қозоғистон МХҚнинг «Тинчлик нархи. Жануб» ҳужжатли филмидан олинган кадр.

НУР-СУЛТОН – Йил бошидан бери Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) томонидан аҳолини терроризм хавфидан огоҳ этишга қаратилган саккизта видеолавҳа намойиш этилди.

Терроризм ташвиқотига қарши курашда омма хабардорлигини ошириш мақсадида тайёрланган бу видеолавҳалар телевидение орқали намойиш этилиб, YouTube тармоғига жойлаштирилди.

«Оиланг шаънини бадном қилма» деб номланган сўнгги видеолавҳалардан бири 13 январ куни эълон қилинган. Унда бадавлат қозоқ оиласининг дардга тўла ҳаёти тасвирланган – оиладаги ўғиллардан бири террорчилар сафига қўшилиб, «оловли нуқталарда» жанг қилади.

Бошқа бир видеоролик хавфсизлик ва ҳимоя мавзусига бағишланган бўлиб, шубҳали буюмларга дуч келинганда ёки террорчилик ҳужуми туфайли бинодан одамларни эвакуация қилиш чоғида қандай йўл тутиш кераклиги тўғрисида тавсиялар беради.

image

«Ислом давлати»нинг (ИД) қозоқ жамоати (жанговар бўлинмаси), МХҚ ҳужжатли фильмидан олинган кадр.

image

МХҚ матбуот котиби Сурияда «Ислом давлати» (ИД) сафида террорчилик ҳаракати содир этишда айбланиб 14 йилга қамалган Нурлан Камоловдан интервью олмоқда, МХҚ ҳужжатли фильмидан олинган кадр.

«Болалар ота-оналарининг хатоси учун масъул эмас» деб номланган видеороликдаги воқеалар эса мактаб синфхонасида кечади.

Ўқитувчи болалардан ўз оталари ҳақида гапириб беришни сўрайди, лекин болалардан бири иккиланади. Ўқитувчи боланинг столида унинг отаси қурол кўтарган бир тўда террорчилар қуршовида тушган суратини кўриб, унинг нега уялганини тушунади.

Бошқа видеолавҳаларда теракт ҳақида ёлғон маълумот учун белгиланган жиноий жавобгарлик, огоҳликка чақириқ ва Қозоғистонда терроризмга қарши кураш йўлидаги ютуқлар ҳақида ҳикоя қилинади.

«Тинчлик баҳоси»

26 декабр куни МХҚ YouTube тармоғига жойланган туркум видеолавҳалар бир бирга «Тинчлик баҳоси. Жануб» деб номланган 60 дақиқалик ҳужжатли фильмни ҳам чиқарган.

Ҳужжатли фильм Туркистон вилоятида ўғирланган уяли телефонларга экстремистик мазмундаги материаллар жойлаб сотадиган 10 та экстремист ҳақида ҳикоя қилинади. Улар ҳибсга олинган ёки судланган сана маълум қилинмаган.

Уларни фойда қизиқтирмас эди, чунки асл мақсад бошқа – экстремистик материалларни тарқатиш эди.

«Улар анъанавий динимизни, давлатимизни, мақбаралар, масалан, Хўжа Аҳмад Ясcавий мақбарасини тан олмайдилар», дейди Туркистон вилояти бўйича МХҚ департаменти раиси Абилсеит Дуйсебаев қўлга олинган экстремистларни назарда тутиб.

Чимкентлик диний мутахассис Мурат Аргимбаев МХҚ ишлаган ҳужжатли филмларга юқори баҳо берган.

«Бу фильмлар терроризм даҳшатлари ҳақида гапирибгина қолмай, балки томошабинни ҳис қилишга ундайди – уларда қандай қилиб оилаларнинг вайрон бўлиши, умидларнинг сўниши, болаларнинг ота-онасиз қолиши эмоционал руҳда кўрсатиб берилган» деди у.

«Уруш, қон, қамоқ ва ўлим – экстремистлар, террорчилар ва уларнинг шерикларини фақат шу нарсалар кутади», дейди у. «Бу одамлар нафақат ўз ҳаётини заҳарлайди, балки яқинларига ҳам мусибат келтиради.»

Унинг сўзларига кўра, ҳужжатли фильмларни суратга олишга турли мутахассислар, жумладан, диний мутахассислар ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари жалб қилинган.

«Шундай кўринишда етказилган маълумотлар ва экстремистик ташвиқотга қарши кўрсатмаларнинг одамларга таъсири кучли бўлди», деди Аргимбаев. «Пухталик билан тайёрланган видеороликлар террорчи-жиноятчиларнинг асл қиёфасини фош қилишга ёрдам беради.»

Сизга мақола ёқдими?
2
Фикрлар 0
Сиёсат