Карвонсарой
Дипломатия

Минтақага сафари чоғида Помпео Марказий Осиё билан алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратди

Карвонсарой

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 3 февраль куни Тошкентда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан «C5+1» форматида учрашув ўтказди. (Кевин Ламарг/AFP)

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 3 февраль куни Тошкентда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан «C5+1» форматида учрашув ўтказди. (Кевин Ламарг/AFP)

ТОШКЕНТ/НУР-СУЛТОН – АҚШ давлат котиби Майк Помпео Қозоғистон ва Ўзбекистонга қизғин сафари давомида Марказий Осиё билан яқин алоқалар муҳимлигини таъкидлади.

Душанба (3 февраль) куни у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

У «Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасида янада яқин стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш ишларига бош-қош бўлаётгани ва Афғонистондаги сиёсий музокараларни илгари сураётгани учун президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди», дейилади АҚШ давлат департаменти баёнотида.

Шу куннинг ўзида Тошкентда АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокида «C5+1» форматидаги учрашув бўлиб ўтди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Хитойнинг Шинжон Уйғур автоном ҳудудида қариндошлари ҳибсда сақланаётган этник қозоқлар билан суратга тушмоқда, 2 февраль, Нур-Султон. (Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси)

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Хитойнинг Шинжон Уйғур автоном ҳудудида қариндошлари ҳибсда сақланаётган этник қозоқлар билан суратга тушмоқда, 2 февраль, Нур-Султон. (Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси)

Помпео Қозоғистонга ташрифини Қосим-Жўмарт Тўқаев билан турли мавзулар муҳокамасига бағишланган учрашув билан якунлади. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

Помпео Қозоғистонга ташрифини Қосим-Жўмарт Тўқаев билан турли мавзулар муҳокамасига бағишланган учрашув билан якунлади. (Қозоғистон президенти матбуот хизмати)

АҚШ давлат департаментига хабарига кўра, «бугун давлатларимиз ўртасида тизимли ва мунтазам характерга эга икки томонлама кенг қамровли алоқалар мавжуд», деб айтган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 3 февраль куни Тошкентда Помпео билан учрашуви чоғида.

«Бу гуруҳ Марказий Осиё давлатлари учун террорчиликка қарши кураш ва бошқа муаммолар билан бир қаторда минтақадаги иқтисодий, энергетика соҳасида алоқаларни кучайтиришда самарали эканлигини исботламоқда», деди Помпео матбуот анжуманида. «Муваффақиятимиз асосан президент Шавкат Мирзиёенинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли амалга ошди.»

«Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ўз равнақининг чўққисида деб ишонч билан айта оламан», деди Камилов.

АҚШ давлат департаментига кўра, «C5+1 Қўшма Штатлар ва Марказий Осиёнинг беш давлати дуч келаётган умумий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган қўшма платформа ва мулоқот форматидир».

Ўзбекистоннинг «чинакам ҳамкори»

«Америка ўзбекистонлик дўстларимиз учун ҳақиқий ҳамкордир», деб таъкидлади Помпео. У Ўзбекистон иқтисодиёти ва Ўзбекистон-Афғонистон алоқалари учун режадаги ёрдамларни эълон қилди.

«Биз молиявий ислоҳотларни илгари суриш бўйича бошқа саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда, Ўзбекистонга капитал бозорини ривожлантиришга ёрдам бериш учун конгресс томонидан тасдиқланган 1 миллион доллар (9,5 миллиард сўм) техник ёрдамни кутмоқдамиз», деди Помпео. «Қўшма Штатлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо ва алоқаларни ривожлантириш учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади.»

Помпео Ўзбекистондаги бошқа ислоҳотларни ҳам юқори баҳолади.

«Ўзбекистон фуқаролик жамияти учун имкониятларни кенгайтирмоқда, мажбурий меҳнат муаммоларини ҳал қилмоқда ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига қўйилган чекловларни олиб ташламоқда», дея қўшимча қилди у. «Диний эркинлик ҳимояланган жойда тинчлик ва фаровонлик ҳукм суради.»

Диний эркинлик масаласини Вашингтон учун муҳим деб атаган Помпео Тошкент шаҳар бош имоми Нуриддий Холиқназаров билан учрашди.

«Ўзбекистондаги дин пешволари билан учрашиб, диний эркинликни янада кучайтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ва ҳуқуқий ўзгаришларни муҳокама қилдик», деб ёзди Помпео 3 феврал куни Твиттерда.

Хитойнинг мусулмонларга нисбатан шафқатсиз муносабати

Помпео Тошкентга ташрифи олдидан Ўзбекистоннинг нефтга бой қўшниси Қозоғистон раҳбарияти билан учрашди ва ушбу мамлакатга чегарадош бўлган Хитойнинг Шинжон минтақасидаги мусулмон озчиликларга нисбатан шафқатсизликларига чек қўйишга ва бу йўлда барча мамлакатларни АҚШни қўллаб-қувватлашга чақирди.

«Биз (мамлакатлардан) Хитойдан келган қочқинлар учун хавфсиз жой ва бошпана тақдим этишни сўраймиз», деди Помпео якшанба (2 феврал) куни Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди билан матбуот анжуманида.

У 2 феврал куни пойтахт Нур-Султонга ташрифи давомида оила аъзолари Шинжонда ҳибсда қолаётган этник қозоқлар билан учрашган. Минтақада хавфсизликни таъминлашга қаратилган мислсиз чоралар доирасида бир миллиондан ортиқ уйғурлар, қозоқлар ва бошқа озчиликлар вакиллари ҳибсга олингани айтилади.

«Америка Қўшма Штатлари ушбу вазиятни ва Хитойнинг Шинжондаги қатағони билан боғлиқ кенг кўламли муаммони ҳал этишга имкон қадар ҳаракат қилади», деди Помпео АҚШнинг Нур-Султондаги элчихонаси баёнотига кўра.

Помпео Қозоғистонга сафари сўнгида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва мамлакатни узоқ вақт бошқарган собиқ давлат раҳбари Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Помпеонинг сафари «мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг ижобий динамикасидан далолат берувчи муҳим ташрифдир», деди Нур-султонлик сиёсатшунос Болатбек Исаев. «Мамлакатларимиз ўртасида узоқ муддатли сиёсий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш Қозоғистонга нафақат иқтисодий, балки хавфсизлик масалаларида ҳам катта манфаат келтиради.»

«Суверен ва мустақил»

Ташриф олдидан Помпео у сафар қилаётган Марказий Осиё мамлакатларининг «суверен ва мустақил бўлиш» истагини ва Вашингтоннинг «уларга бу мақсадга эришишда ёрдам бериш учун муҳим имкониятга эга» эканлигини таъкидлади.

Россия Марказий Осиёдаги ҳарбий базаларини сақлаб қолган ҳамда ҳарбий ва савдо иттифоқларига раҳбарлик қилаётган бўлиб, улардан ўз мавқеини мустаҳкамлашда фойдаланмоқда.

Марказий Осиёлик экспертларга кўра, яқинда Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишидан бош тортгани мамлакатга Россияга қарамликдан сақланиш ва иттифоқ билан боғлиқ савдо муаммоларидан қочишга ёрдам беради.

«Таҳлилчилар Россиянинг мақсади постсовет ҳудудини ўз ҳукмронлиги ва таъсир доирасига қайтариш эканини таъкидламоқда, бу Марказий Осиё давлатларининг мустақиллигига раҳна солади», деди Тошкентда жойлашган «Билимлар карвони» таҳлил маркази раҳбари Фарҳод Толипов.

Бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиеванинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилмаслик қарори ажабланарли эмас, чунки Мирзиёев ҳукумати йиллар давомида иттифоқ ичидаги муаммоларнинг гувоҳи бўлиб келган.

«ЕОИИ доирасида товарларнинг эркин ҳаракатланиши тамойилига қарамай, Россия Қозоғистон ва Беларусь экспортчилари учун мунтазам равишда сунъий тўсиқларни келтириб чиқарган», деди Суранчиева.

Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Хитойнинг ўз иқтисодиёти учун панацея сифатида жадаллик билан илгари сураётган «Бир камар – бир йўл» режаси сабабли иқтисодий мустақиллик билан боғлиқ муаммоларга тўқнаш келмоқдалар.

Шу билан бирга, ўтган йили Қозоғистонда Хитойга қарши норозилик сезиларли ўсиб, маҳаллий ва хитойлик ишчилар ўртасидаги тўқнашувлар юз берди ва ижтимоий тармоқларда Пекиннинг иқтисодий таъсиридан хавфсираш кучайди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Аммо бу мамлакатлардан келган одамлар [Россияда] ўзларини ёмон ҳис қилишмаяпти ва уларнинг иши яхши. Бу ерда эса бизни эксплуатация қилишяпти ва ҳеч нарса ўзгармаяпти, Ўзбекистон аҳолиси қийналмоқда, чунки Осиёдан фақат биз патент олиш учун пул тўлаймиз

Жавоб бериш

Беларусга 100 фоиз ҳажмда нефть етказиб беришга шартнома тузиш билан Помпео Путинни қандай туширди? Яна россиялик «биродарлардан» арзонроқ нархга. Аслида эса улар ўғри ва босқинчи.

Жавоб бериш