Карвонсарой
Хавфсизлик

Расмийлар: Ўзбекистон-Тожикистон чегарасини миналардан тозалаш якунланди

Неъматилло Мирсаидов

Исфара туманидаги Хонобод жамоаси фермерлари, январь. Улар ўзбек аскарлари чегарани минасизлантирганидан мамнун бўлса-да, кўчкилар туфайли миналар Ўзбекистондан Тожикистон томонига кўчган бўлиши мумкинлигидан хавотирда. (Неъматилло Мирсаидов)

Исфара туманидаги Хонобод жамоаси фермерлари, январь. Улар ўзбек аскарлари чегарани минасизлантирганидан мамнун бўлса-да, кўчкилар туфайли миналар Ўзбекистондан Тожикистон томонига кўчган бўлиши мумкинлигидан хавотирда. (Неъматилло Мирсаидов)

ДУШАНБЕ – Ҳукумат расмийларига кўра, Ўзбекистон Тожикистон билан чегарани миналардан тозалаш жараёнини якунлади. Шу тариқа жангариларнинг эҳтимолий ҳужумларини тўхтатишни мақсад қилган бир неча ўн йиллик хавфсизлик чоралари тугатилган.

Мамлакатлар минасизлантириш дастури ҳақида расмий хабар бермаган бўлса-да, Тожикистон ҳукуматидаги бир нечта манба иш якунланганини айтиб ўтган.

«Биз ҳали ҳам расмий баёнот олмадик, аммо миналарни фақат ўзбекистонликлар қўйгани сабабли уларнинг ўзи қайси ҳудуд тозаланиши кераклигини билган», деди Сўғд вилояти ҳокимиятининг маъмурий-ҳуқуқий бўлими мудир Темур Тўйчизода.

Ўзбекистонга билдирилган ишонч

«Икки мамлакат раҳбарияти томонидан ўрнатилган юқори даражадаги ишонч иш ўз вақтида ва виждонан бажарилган деб ҳисоблашимизга асос бўла олади», деб қўшимча қилди у.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Патар-Андархон чегара пункти, январь. (Неъматилло Мирсаидов)

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Патар-Андархон чегара пункти, январь. (Неъматилло Мирсаидов)

Жавоҳир Иброҳимов жияни билан, 2020 йил январда олинган сурат. Жавоҳир ва унинг синглиси Заринанинг отаси 2010 йил Зарҳок қишлоғи яқинидаги мина портлашида ҳалок бўлган. (Неъматилло Мирсаидов)

Жавоҳир Иброҳимов жияни билан, 2020 йил январда олинган сурат. Жавоҳир ва унинг синглиси Заринанинг отаси 2010 йил Зарҳок қишлоғи яқинидаги мина портлашида ҳалок бўлган. (Неъматилло Мирсаидов)

Шартнома 2018 йил март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи асносида имзоланган, Ўзбекистон Тожикистон билан чегарани минасизлантирди, деб хабар берган Asia-Plus нашри 3 январ куни хавфсизлик идорасидаги манбага таяниб.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг ҳуқуқ-тартибот, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Жўрахон Мажидзода ҳам ўзбекларнинг миналардан тозалаш дастури якунланганига ишонч билдирди.

«Томонлар эришган келишувга кўра, бу иш 2019 йил охирида тугатилиши керак эди, аммо биз ҳанузгача расмий хабарни кутяпмиз», деди у.

Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ) Тожикистон ва Қирғизистон орқали Ўзбекистонга бостириб киришга уринганидан кейин ўзбек аскарлари 2000-2001 йилда Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасига пиёда ҳарбийларга қарши миналарни жойлаштирган эдилар.

Тошкентда юз берган бир нечта террорчилик ҳужумлари ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг қўшниларга нисбатан ишончига путур етказган эди.

Жангарилар ҳужумларини олдини олиш максадида ўзбек ҳарбийлари Сўғд вилоятининг Исфара, Конибодом, Ашт, Мастчоҳ, Зафаробод, Шаҳристон ва Панжикент туманларининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларига мина ўрнатиб чиқишган эди.

Кейинчалик Тожикистон жануби билан чегарадош бўлган Ўзбекистон ҳудудларига ҳам мина ётқизилган.

Фуқаролар орасидаги қурбонлар

Ўзбек мина майдонлари жангариларга қарши кутилганидан камроқ фойда берган. Деярли 20 йил ичида миналардан бирорта ҳам жангари ҳалок бўлмаган.

«Икки томонда фақат оддий аҳоли ва чорва молларигина қурбон бўлган», деди мина қурбонлари билан ишлаган конибодомлик тожик таҳлилчиси Зайнуддин Орифий.

Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида мина портлаши илк бор 2000 йил 29 августда содир бўлган, ўшанда тўрт фуқаро – икки аёл ва иккита ёш бола ҳаётдан кўз юмган эди. Бу ҳақда Тожикистон Қизил ярим ой жамияти хабар берган. Яна икки киши мина парчаларидан жароҳатланган.

Жабрланганларнинг ҳаммаси Исфара туманининг Қизилпилол қишлоғидан бўлган.

Ўзбекистон томонидагиларнинг ҳам ҳикоялари шунга ўхшаш. Одатда улар оддий, эҳтиёжманд кишилар бўлиб, яқин атрофдаги яйловларга ўтин йиққани ва мол боққани чиқишган.

2001 йил май ойида Конибодом туманининг Равот маҳалласида яшовчи Баҳром ва Сарвинисо Умаровлар маҳаллий фермадан ипак қуртлари олиб йўлга тушадилар. Улар пилла даромади билан оила боқишни мақсад қилган эдилар.

Эр-хотин пилла ўраш учун ишлатиладиган қуруқ чўплар териш мақсадида қишлоқ чеккасига чиққанлар, оқибатда Ўзбекистон ҳудудига кириб қолиб, мина портлаши туфайли қурбон бўлганлар.

Фалокат ҳақида биринчи бўлиб Баҳром Умаровнинг қайниси Ўктам Рўзиев хабар топади. Баҳром воқеа жойида ҳалок бўлган, Сарвинисо эса ўзбекистонлик чегарачилар томонидан Бешариқ туманидаги шифохонага етказилган, аммо эртаси куни у ҳам ҳаётдан кўз юмган.

«Мен қайнимнинг жасадини олиш учун Қўқондаги ўликхонага борган эдим», деди Равот маҳалласи раиси Қўзиев. «Конибодомга қайтганимда, шифокорлар Сарвинисони ҳам сақлаб қола олмаганлари ҳақида хабар беришган. Натижада бир эмас, иккита маййитни олиб кетганман.»

Исфара туманининг Зарҳок қишлоғи кенгаши раиси Лола Парпиева ҳам 10 йил аввал шу каби воқеани бошдан кечирганини айтади.

2010 йил охирларида қишлоқ яқинида мина портлаб кетган, фалокат натижасида қишлоқ четида ўтин теришга чиққан эр-хотин Ойбек Иброҳимов ва Зарифа Каримова ҳалок бўлган.

Уларнинг икки нафар фарзанди – 10 яшар Зарина ва 6 яшар Жаҳонгирни бобоси ва бувиси катта қилган.

Миналардан тозалаш жараёни якунланар экан, тожикистонлик ва ўзбекистонликлар бундай фожиали ҳодисалар ортиқ юз бермаслигига умид қилмоқдалар, деди конибодомлик тожик таҳлилчиси Орифий.

«Умид қиламизки, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги қўшнилари билан дўстлик, ҳамкорлик ва ислоҳотларни ривожлантириш йўлини белгилаб олган бўлиб, яқин келажакда миналарга оид Оттава шартномасини имзолайди ва бундан кейин икки мамлакат фуқаролари ҳам мина портлаши қурбони бўлмайдилар», деб қўшимча қилди Орифий.

Охирги 20 йил ичида Тожикистонда пиёда қўшинларга қарши миналар туфайли 376 киши ҳаётдан кўз юмган, яна 485 киши киши оғир жароҳатланган, деб хабар берган TMAC.

Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда 76 та тожикистонлик ўлган ва 160 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Норасмий хабарларга кўра, Ўзбекистонда 150 киши ўлган ва жароҳат олган.

Cақланиб қолаётган хавф

Мина бўйича мутахассисларнинг огоҳлантиришича, ҳудуднинг миналардан тозалангани ҳақидаги хабарлар чегара ҳудудининг тўлиқ хавфсиз эканини англатмайди. Ёмғир ва селлар билан ювиладиган тоғ ён бағирлари ва жарликлар алоҳида хавф туғдиради.

Исфара тумани, Нефтобод қишлоғи яқинидаги тожик чегарачиларига кўра, ўтган йил май ойида Зарҳок қишлоғи яқинида мина портлаган. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган.

«Ёзда кучли ёмғирлар ёғиб, сел тоғ жинслари ва тошларни олиб тушди. Улар билан бирга ҳудудга бир нечта мина ҳам келиб қолган. Шундан сўнг, сапёрлар келиб, қолган миналарни ҳам зарарсизлантирдилар, дейди чегара сержанти Абубакр Миров.

Халқаро ташкилотлар ходимлари ҳам бу борада ҳушёр бўлишга чақирмоқда.

«Ерга кўмилган миналар маҳаллий топография ва табиий ҳодисалар таъсирида турган жойидан силжиши мумкин, шу боис ҳам ўтмишда миналар портлаган жойни хавфсиз деб эълон қилишга ва белги ёки кўрсаткичларни олиб ташлашга шошилмаслик керак», дейди Тожикистон Қизил Ярим Ой жамиятининг «аҳолини миналар хавфи ҳақида огоҳлантириш» лойиҳаси координатори Ўлмас Давлатов.

2000 йилдан 2011 йилгача тез-тез мина портлашлари юз берган Ўзбекистон билан чегарадош туманлар аҳолиси ўтин йиғиш ва чорва молларини ўтлатишни аллақачон тўхтатган. Янги ерларни ўзлаштирувчи боғбонлар ҳам эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишади.

Навгилем қишлоғида яшовчи Рўзибой Раҳимовнинг катта оиласи бор. У Хонобод қишлоғи яқинидаги қияликда жойлашган ер участкасини ўзлаштиришга бел боғлади.

Раҳимов маҳаллий ҳокимият кўмагида икки гектарлик қаровсиз дашт ерини ўзлаштирди, дарахтлар экди, сув насосларини ўрнатди ва пухта режалаштиришни амалга оширди. Ўрик ва шафтолидан илк бор ҳосил олгач, узум экиб кўрмоқчи бўлди.

Узум учун у янги ер участкасини ўрганишга қарор қилди. Яқин-атрофда миналар портлаши ҳолатлари содир бўлгани сабабли, у эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда.

«Еримизда миналар йўқлигини биламиз, аммо ёмғир уларни Ўзбекистон ҳудудидан олиб келиши мумкинлигидан қўрқамиз», деди Раҳимов. «Ўзбекистон ўз ҳудудини миналардан тозалагани маълум бўлгач, ўзимизни хавфсизроқ ҳис қиламиз.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500