Карвонсарой
Жамият

АҚШ ва Туркманистон террорга қарши кураш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштирмоқда

Жумагули Аннаев

Терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши кураш Туркманистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланган. [Туркманистон мудофаа вазирлиги]

Терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши кураш Туркманистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бирига айланган. [Туркманистон мудофаа вазирлиги]

АШХОБОД – Расмийларга кўра, Туркманистон ва Америка Қўшма Штатлари терроризмга қарши кураш, чегаралар хавфсизлиги ва оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик каби ҳамкорликнинг янги йўналишлари устида ишламоқда.

Дэвид Маунт раҳбарлигидаги АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) делегацияси январ ойи охирида Ашхободда Туркманистон давлат божхона хизмати расмийлари билан учрашди, деб хабар беради божхона идораси ўз веб-сайтида.

CENTCOM кимёвий, биологик, радиацион ва ядровий қуролларга қарши кураш бўйича тажриба алмашиш мақсадида бир ҳафталик дастурни режалаштирмоқда, дейилади баёнотда.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган туркман расмийларига кўра, Америка Қўшма Штатлари ва Туркманистон гуманитар масалалар ва қишлоқ хўжалиги, транспорт ва савдо каби соҳаларда ҳамкорлик қилиб келган бўлса-да, ҳозирги вақтда улар икки томон учун манфаатли йўналишларни белгилаб, хавфсизлик билан боғлиқ масалаларга ўзаро қизиқиш билдирмоқдалар.

Ўтган йилнинг 27 июнь куни АҚШнинг Туркманистондаги янги элчиси Мэттью Климов Қипчоқдаги Туркманбоши руҳи масжидига ташриф буюрди. [АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси]

Ўтган йилнинг 27 июнь куни АҚШнинг Туркманистондаги янги элчиси Мэттью Климов Қипчоқдаги Туркманбоши руҳи масжидига ташриф буюрди. [АҚШнинг Туркманистондаги элчихонаси]

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 3 феврал куни Тошкентда бўлиб ўтган «C5+1» учрашувида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан бирга суратга тушмоқда. [Кевин Ламарк/AFP]

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 3 феврал куни Тошкентда бўлиб ўтган «C5+1» учрашувида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан бирга суратга тушмоқда. [Кевин Ламарк/AFP]

Икки мамлакат терроризмга қарши кураш, чегаралар хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қурол-яроғ тарқалишининг олдини олиш билан бир қаторда, энергетика билан боғлиқ йирик сармоявий лойиҳалар устида ишлаш ҳамда Туркманистонга қўшни Афғонистондаги тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшишга интилмоқда, дейди расмийлар.

Ашхободдаги «прагматик мулоқот»

Давлат божхона хизмати мутасаддиларидан бири Оғаниёз М. ҳам январ ойида ўтказилган музокараларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

«Америкаликлар бизга CENTCOM дастури ҳақида сўзлаб беришди ва турли оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши кураш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди», деди тўлиқ исмини ошкор қилишни истамаган Оғаниёз. «Бу прагматик мулоқот ва сермаҳсул фикр алмашинуви бўлди.»

Туркманистон нотинч Афғонистон билан 744 км ва беқарор Эрон билан 990 км узунликдаги умумий чегарага эга.

Ашхобод мамлакат жанубидаги қўшни давлатлардан келиб чиқадиган таҳдидларга қарши курашда Қўшма Штатлар ва бошқа давлатларнинг ёрдамига умид қилади, деб қўшимча қилди Оғанияз.

Унинг сўзларига кўра, Туркманистон мустақил давлат бўлиб, унинг нейтрал мақоми Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тегишли резолюцияси билан тасдиқланган.

«Аммо террорчилар, жангарилар, экстремистлар, контрабандачилар ва бошқа бадният кимсалар чегараларни ҳам, бетарафликни ҳам тан олмайдилар», деди Оғанияз.

«Демак, биз ўз хавфсизлигимизни таъминлаш учун барча чораларни кўришимиз ва бошқаларнинг ёрдамини миннатдорчилик билан қабул қилишимиз керак», деб қўшимча қилди у.

Муносабатлар ривожланмоқда

АҚШ билан мудофаа ва энергетика каби кўплаб соҳаларда ривожланиб бораётган алоқалар Туркманистон учун манфаатли бўлди.

«Туркманистондаги барча самолётлар ҳамда йиғим-терим ва шудгор техникаси АҚШдан сотиб олинган», деди Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазирлиги вакили.

Исми ошкор қилинишини истамаган расмий Туркманистон бу ускуналарга қанча маблағ сарфлаганидан бехабар эканлигини айтса-да, мамлакат йигирма йилдан бери Америкадан ускуналар сотиб олишини тасдиқлаган.

Хитой, Эрон ва Россиядан фарқли ўлароқ, АҚШ Туркманистонга газ қувурларини диверсификация қилишда ёрдам бермоқда, деди у.

«Албатта, бу ҳозирда мушкул иш, лекин биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга, Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Туркия ва Европага газ қувурлари барпо этиш лойиҳаларини рўёбга чиқаришга умид қиламиз», деди молия вазирлиги расмийси.

«2019 йилда Мэттью С. Климов АҚШнинг Туркманистондаги янги элчиси этиб тайинлангач, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқди», дейди аноним қолишни истаган Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Климов ўтган йил март ойида АҚШ Сенатида бўлиб ўтган эшитувларда янги лавозимдаги устувор йўналишларни баён қилган эди.

У Афғонистон ва Эрон билан чегарадош бўлган ва дунёдаги энг йирик табиий газ захираларидан бирига эга Туркманистоннинг геосиёсий аҳамиятини алоҳида таъкидлаган.

«Биз иқтисодий ва сиёсий мақсадларини туркман халқи ҳисобидан амалга оширишга интилаётган Россия ва Хитойга қарши тош босувчи ва муқобил куч бўлишга қодирмиз», деган эди Климов эшитувлар чоғида.

«Янги элчи [Климов] сўздан амалга ўта бошлади», дея қўшимча қилди ТИВ вакили Туркманистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини назарда тутиб.

«C5 + 1» учрашувларининг алоҳида аҳамияти

Айни пайтда, Туркманистон ҳам Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ давлат котиби ўртасидаги «C5+1» учрашувларига катта умид боғламоқда.

АҚШ давлат департаментига кўра, «C5+1 Қўшма Штатлар ва Марказий Осиёнинг беш давлати дуч келаётган умумий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган қўшма платформа ва мулоқот форматидир».

Энг сўнгги «C5+1» анжумани душанба (3 феврал) куни Тошкентда бўлиб ўтди.

24 январ куни Президент Гурбангули Бердимухамедов «Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқаришда» «C5 +1» учрашувининг муҳимлигини таъкидлади, деб хабар беради Туркманистон давлат ахборот агентлиги (TDH).

ТИВ вакили ҳам «С5+1» форматидаги музокараларнинг муҳимлигини таъкидлади.

Тошкентдаги учрашув муҳим аҳамият касб этди, сабаби унда «Туркманистонни қизиқтирган масалалар: иқтисодиёт, энергия ресурсларини диверсификация қилиш, замонавий таҳдид ва чақириқларга қарши туриш ҳамда Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш» муҳокама қилинди.

Чоршанба (5 феврал) куни АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси Тошкентдаги учрашув якунлари бўйича олти ҳукуматнинг қўшма баёнотини эълон қилди. Унда бир қатор умумий муаммолар, жумладан «хорижий террорчи жангарилар таҳдиди», «оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, терроризм, ноқонуний миграция, одам савдоси ва гиёҳванд моддалар айланмаси каби трансчегаравий таҳдидлар» ҳамда «Афғонистондаги тинчлик жараёни ва вазиятни сиёсий йўл билан тартибга солиш» кабилар санаб ўтилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500