Карвонсарой
Сиёсат

Қозоғистон Россиянинг ЕОИИ ҳамкорлигини кенгайтириш таклифини рад этди

Анна Карр

Россия бош вазири Михаил Мишустин 2020 йил 30 январ куни Москвада ҳукумат йиғилишига раислик қилмоқда. Яқинда Қозоғистон унинг ЕОИИ ҳамкорлигини иқтисодий манфаатлар доирасидан кенгайтириш ғоясини рад этди. [Дмитрий Астахов/Спутник/AFP]

Россия бош вазири Михаил Мишустин 2020 йил 30 январ куни Москвада ҳукумат йиғилишига раислик қилмоқда. Яқинда Қозоғистон унинг ЕОИИ ҳамкорлигини иқтисодий манфаатлар доирасидан кенгайтириш ғоясини рад этди. [Дмитрий Астахов/Спутник/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоғистон Москванинг Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш саъй-ҳаракатларини маъқулламади. Бунга жумладан, мазкур иттифоқ Кремль учун ўз қўшнилари устидан назоратни кучайтириш воситасига айланиши билан боғлиқ хавотирлар сабаб бўлган.

Россиянинг янги тайинланган бош вазири Михаил Мишустин 31 январ куни Кремлнинг спорт, туризм ва экология соҳаларини ЕОИИ тараққиётининг стратегик йўналишларига айлантириш таклифини баён қилган.

Бу ҳақда у Олмаотада Қозоғистон, Россия, Арманистон, Қирғизистон ва Белорусия бош вазирлари иштирокида ўтказилган Евросиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида маълум қилди.

«Иттифоқни ривожлантиришга оид стратегик ҳужжатларни тайёрлашда соғлиқни сақлаш, таълим, фан, экология, спорт ва туризм соҳалари Россия томонидан алоҳида аҳамиятга эга йўналишлар сифатида белгиланди», деди Мишустин ўз нутқида.

ЕОИИ аъзолари кўрсатилган харита. [ЕОИИ сайти]

ЕОИИ аъзолари кўрсатилган харита. [ЕОИИ сайти]

«Биз тегишли таклифлар киритамиз ва ташаббусларимизнинг қўллаб-қувватланишига умид қиламиз», деди у.

Ланж муносабат

Бундан аввал нутқ сўзлаган Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин эса Мишустиннинг таклифини аввалдан тахмин қилгандек, бунинг тамоман тескарисини талаб қилган.

«Биз ЕОИИ тўғрисидаги Шартнома ва 2018 йил 6 декабрда давлат раҳбари (Қозоғистоннинг ўша вақтдаги президенти Нурсултон Назарбоев) томонидан маъқулланган Интеграция жараёнларини янада ривожлантириш тўғрисидаги декларация доирасидан чиқмаслигимиз керак», деди у.

«ЕОИИ фақат иқтисодий бирлашма эканлигини унутмаслик лозим», деди Мамин.

Россия раҳбарияти қандай йўл билан бўлса-да, ЕОИИ доирасида бирлашишни жадаллаштиришга уринмоқда, дейди Қозоғистондаги «DAMU Capital Management» консалтинг компанияси бош директори, олмаоталик Мурат Кастаев.

Россиянинг турли расмийлари молия, валюта, савдо ва ташқи сиёсат бўйича Евросиё интеграциясини кучайтиришни бир неча бор таклиф қилганлар, деди у.

Қозоғистон ЕОИИ фақат иқтисодий бирлашма, деган позицияда турибди. Бироқ, Москва интеграциянинг сустлашаётганини ва ЕОИИнинг бошқа аъзолари ташқи сиёсат, молиявий тартибга солиш ва валюта сиёсати каби муҳим соҳаларда уни қўллаб-қувватламаётганини англамоқда, деди Кастаев.

Шунга кўра, Россия спорт, туризм ва экология йўналишларида ўз манфаатларини илгари суришга интилмоқда, деди у.

«Россия мураккаб сиёсий ўтиш даврига қадам қўймоқда», деди Кастаев. «(Россия президенти) Владимир Путиннинг президентлик муддати тугаганидан кейин унинг ҳукмронлигини сақлаб қолиш механизмига старт берилган

Путиннинг президентлик муддати 2024 йилда тугайди.

«Россия алоқаларни мустаҳкамлаб, ЕОИИга аъзо давлатлар заифликни сезмай, ўтиш даврида ўзини рисоладагидек тутиши учун уларни ўзига яқинроқ боғлашга ҳаракат қилмоқда», деб қўшимча қилди у.

Москва доим ЕОИИ фақат иқтисодий иттифоқ эмаслигини таъкидлаб келган, дейди «Улт тагдыры» (Миллат тақдири) гуруҳининг раиси, олмаоталик Дос Кошим.

«Биз Москванинг Совет иттифоқи даврида бўлгани каби, спорт учун ягона ички макон яратиш фикрида эканлигини истисно қила олмаймиз», деди у.

Кремлнинг бу саъй-ҳаракатлари Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг Россия жамоаларини 2020 йилги Ёзги олимпиада, 2022 йилги Жаҳон чемпионати ва 2022 йилги Қишки олимпия ўйинларидаги иштирокини таъқиқлаганига жавоб бўлиши мумкин, деди у.

«ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг ягона ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш тўғрисида гап-сўзлар бўлди», деди у. «Кейинроқ [Москва томонидан] ягона Евроосиё парламентини яратиш зарурлиги айтилди. Шу тариқа, Мишустиннинг сўзлари интеграцияни чуқурлаштириш мавзусининг давомидир» деди Кошим.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев янгича сиёсий йўлдан боришга қарор қилди, деди у. «Аксари ЕОИИга киришга қарши бўлган халқ ва тадбиркорларга қулоқ тутиш бу режанинг бир қисмидир.»

Иттифоқдан чиқиш «муқаррар»

Марказий Осиёдаги аҳоли энг зич жойлашган мамлакат Россиянинг ЕОИИ орқали интеграцияга эришиш амбицияларига зарба берди.

Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлмайди, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 январь куни. У мамлакатнинг фақат кузатувчи мақомида бўлишини айтган.

«Биз иттифоққа аъзо бўлиб кирмаяпмиз», деган эди Мирзиёев ўтган йил декабрь ойидаги сайловлардан сўнг парламент юқори палатасига мурожаатида.

«Битта нарсани билиб қўйинглар», деди у. «Ҳеч ким мустақилликни ҳеч кимга бериб қўймайди. Мустақиллик халқ ишонган президентнинг қўлида.»

Россия Федерациясининг қалтис ташқи сиёсати туфайли Қозоғистон мустақил ташқи сиёсат олиб бориши ва айни дамда тўлиқ ЕОИИ томонидан бошқарилаётган савдо сиёсатини суверен тарзда амалга ошириши керак, деди Кастаев.

2018 йилда Москва фонд биржаси билан тўғридан-тўғри рақобат қила оладиган ва ривожланиши Россияга манфаат келтирмайдиган Остона халқаро молия марказининг (ОХММ) ташкил этилгани инобатга олинса, яқин иқтисодий интеграция Қозоғистон учун манфаатли бўлмайди.

«Хулоса қилиб айтганда, ЕОИИ яшашга лаёқатсиз ташкилот. Қозоғистон уни тарк этиши деярли муқаррар», деб хулоса қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 34

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиянинг яқин қўшни мамлакатларга нисбатан олиб бораётган калтабин сиёсати ЕОИИга салбий таъсир кўрсатади. Агар ўзининг тўғрилигини исботлаган Қозоғистоннинг кўп томонлама ташқи сиёсатига қаршилик қилса Қозоғистон ЕОИИ аъзолигига нисбатан мораторий эълон қилишга ёки иттифоқдан умуман чиқиб кетишига олиб келиши мумкин.

Жавоб бериш

Қозоғистонлик иқтисодчиларидан нима учун бу иттифоқ мамлакат учун фойдали эмаслигини сўрамоқчиман. Мамлакатда иқтисодчилар бўлса керак? Иқтисодиёт қулаган бўлса ҳам, иттифоқни тарк этиш керак! Бу иттифоқ туфайли Қозоғистон қашшоқлашмоқда! Ҳурматли жаноб Мамин, Қозоғистон бу иттифоқдан чиқиши керак; Ўз халқингизни оз бўлса-да ҳурмат қилинг! Сиз прагматиксиз-ку, бу иттифоқдан бизга, энг аввало иқтисодий нуқтаи назардан манфаат йўқ!

Жавоб бериш

Ватниклар ва уларнинг Каламуш номли пакана калбош қўмондонлари йўқолсин!!!!

Жавоб бериш

Тўлиқсизлик комплекси ҳақида ёзгандим. Тўғри айтасан, пакана одам комплекси қандай номланарди?

Жавоб бериш

Керакмас ҳеч қанақа иттифоқ

Жавоб бериш

ҚИРҒИЗИСТОН ВА АРМАНИСТОН ИТТИФОҚҚА ҚЎШИЛИШИДАН АВВАЛ САЛБИЙ БАЛАНСГА ЭГА БЎЛГАН, УНГА ҚЎШИЛГАНИДА ҲАМ ШУНДАЙ ҚОЛДИ. ФАҚАТ САЛБИЙ ТАРАФЛАР ЯНА КЎПАЙГАН!

Жавоб бериш

Биз Марказий Осиё давлатлари ИТТИФОҚИни тузишимиз керак – ҳаммамиз тенгмиз ва умумий манфаатга эгамиз

Жавоб бериш

Тайга иттифоқи ўлик иттифоқ.

Жавоб бериш

Иқтисодий иттифоқ ва халқаро майдондаги бугунги шароитда сиёсий манфаатларнинг ўзаро боғлиқлиги, англо-саксонларнинг бутун дунёда ихтилоф уруғини сочаётган бир пайтда, Россиядан ажралиб чиқишдан кўра анча узоқни кўзловчироқ ва самаралироқ чорадир! Ёмони шуки, ҳозирги раҳбарлар Иттифоқ ичидаги бозор муносабатларини ихтисослашув ва ҳамкорлик орқали УЙҒУНЛАШТИРИШГА ҳаракат ҳам қилишмаяпти! Бундан ҳам ёмони, ўз халқининг тақдири учун масъулиятни ҳис қилмайган МДҲдаги айрим сиёсатчиларнинг Россиядан узоқлашувидир, чунки бу заифликдан фойдаланиб қолишга тайёр бўлган ташқи кучларга кенг йўл очади; масалан, худди Кавказортидаги Туркия ёки Марказий Осиёдаги Хитой каби! Бугун фақат 300 йилдан бери бирга яшаб келаётган Россия билан иттифоқимиз чет эл босқинчилигидан ҚАЛҚОНДИР! Бу иттифоқ ўзаро манфаатлидир.

Жавоб бериш

Сафсата

Жавоб бериш

Қандай бемаънилик

Жавоб бериш

Қизиқ, ҳамма душман, лекин фақат Россия дўстдек

Жавоб бериш

Англо-саксонлар бахтли одамлар; улар яхшилик ва фаровонлик олиб келишади. Дарҳақиқат, ҳақиқий демократия инсоният эришган энг катта ютуқ, англо-саксонлар бу борада муваффақиятга эришган. Буни аксини исботлашга ҳаракат қилган ҳар қандай одам ахмоқ бўлади.

Жавоб бериш

Англо-саксонлар борган жойда фақат улар яхши яшайди ))) Африканинг учдан икки қисми уларнинг мустамлакаси бўлган, ким фаровон яшаяпти? ))) Илтимос, кичкина Гонконг ва Сингапурни мисол қилманг ))) Қозоғистон Британиянинг бундай собиқ колонияларидан бир неча юз марта катта )

Жавоб бериш

Россия бор жойда қашшоқлик ҳукм суради

Жавоб бериш

Япония ва Корея бир томондан, Шимолий Корея бошқа томондан. Фарқи борми ёки кўрмаяпсизми?

Жавоб бериш

Қозоғистон шу Иттифоқ сабабли ахлатга ботди. Бунинг учун элбошига раҳмат.

Жавоб бериш

300 йил ушлаб туришди сизни!

Жавоб бериш

ЕОИИ тез оради йўқ бўлиб кетади деб умид қиламан; Россиянинг ҳеч қандай буйруқларига буйсунгимиз йўқ. Бу иттифоқдан кетишга оз қолди.

Жавоб бериш

Россия измига юришни истамасангиз, Хитойнинг измида бўласиз!

Жавоб бериш

Ким билан бўлса ҳам майли, фақат Россия билан билан эмас.

Жавоб бериш

Россия бизни Хитой билан қўрқитади. Бу қўшниларнинг қўрқитиш сиёсати, Россия қўшнилар манфаатларини бирлаштириш учун ишлата оладиган ягона ғоя.

Жавоб бериш

Қозоқларнинг чол президенти бу иттифоқни яратган эди, Қирғизистон эса ароқхўр президент томонидан унга киритилган эди. Ана энди экканини териб оляпмиз.

Жавоб бериш

Мустақиллик. Халқ манфаати. Баландпарвоз гаплар. Аслида эса ҳаммангиз бир тўда бўлиб ўзингизни бойвоччаларга ўхшаб тутасиз. Россия манфаатларини ўйлаши учун ёввойиларга миллиардлаб қарзни бериб юбормасдан ўз халқи ҳақида қайғуриши керак. Амбициялар кўп, фарқлар эса йўқ.

Жавоб бериш

Қўшиламан. Россия муваффақиятли, гуллаб-яшнаган давлат бўлиши керак, халқи учун юқори даражадаги яшаш шароити яратиши керак. Ана шунда ҳамма унга интилади. Босим остида ва диктаторларнинг режаси билан яратилган иттифоқ мавжуд бўлишга лаёқатсиз.

Жавоб бериш

Ха-ха! Путлер фақат ўз қудратини қўлдан бой бермасликни ўйлайди. Сиз бўлса ширакайф ҳолда, гўёки ишларингизни ўғирлаётган ғайри-руслардан нафратланишда давом этасиз.

Жавоб бериш

Хаха ) Қирғиз ва ўзбеклар узоқ вақтдан бери у ерга миллионлаб боришади )))

Жавоб бериш

Улар аллақачон Россиядан кетишяпти, Қримдан кейин у ерда одамлар камбағалликда яшаяпти ))

Жавоб бериш

Бизга ЕОИИ керак эмас. Тайга иттифоқига (Россия билан иттофоқлар учун камситиқ номлар) қўшилганимиздан кейин ютуқдан кўра йўқотганимиз кўп бўлди.

Жавоб бериш

Ўз-ўзини йўқ қилаётган бу иттифоқдан чиқишимиз учун референдум ўтказишимиз керак; референдум ўтказилишини талаб қиламан

Жавоб бериш

Мен KazExit тарафдориман

Жавоб бериш

ЕОИИдан чиқиш муқаррар бўлиши керак. Бу очиқ ўйин майдони эмас. Ҳамма нарса Россия томонидан бошқарилади. Бизга бундай иттифоқ керак эмас.

Жавоб бериш

Мирзиёев бундай дегани йўқ, у Сенатга масаланинг ижобий ва салбий тарафларини ўйлаб кўриш ва бу Ўзбекистон халқи учун фойдали бўладими ёки йўқми, деган қарорга келиш учун муҳлат берди

Жавоб бериш

Марказий Осиё халқлари руслар билан ҳеч қандай иқтисодий интеграцияга муҳтож эмас, биз мустақил давлатлармиз ва ҳаммамиз бир-биримизга ўхшаган Марказий осиёликмиз.

Жавоб бериш