Карвонсарой
Терроризм

Чет элда жангарилик қилган Қирғизистон фуқароларига қатъийроқ жазо қўлланиши мумкин

Мунара Боромбаева

Боткент вилоятининг Чон-Тала қишлоғи, 2 январ. Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) маълумотларига кўра, хорижда 600 га яқин қирғизистонлик террорчи-экстремистлар бор. [Мелисовский]

Боткент вилоятининг Чон-Тала қишлоғи, 2 январ. Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) маълумотларига кўра, хорижда 600 га яқин қирғизистонлик террорчи-экстремистлар бор. [Мелисовский]

БИШКЕК – Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) мамлакат Жиноят кодексига хориждаги қуролли можароларда қатнашган ёки жанговар тайёргарликдан ўтганлар учун қатъийроқ жазо белгилашни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди.

Қонун лойиҳасида бу каби жиноятлар учун 5 йилдан 7,5 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилмоқда, деб хабар берган 24.kg нашри январ ойи охирида ГКНБ баёнотига асосланиб.

Ушбу таклиф парламент томонидан кўриб чиқилгунига қадар жамоатчилик ва экспертлар гуруҳи томонидан муҳокама қилинади. Ҳукумат муҳокамалар муддати ҳақида маълумот бермаган.

Амалдаги қонунчиликда бундай турдаги жиноятлар учун 2,5 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.

«Ушбу қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад – Қирғизистон фуқароларининг хорижий давлатлардаги қуролли можароларда ёки ҳарбий операциялардаги иштироки ёки жанговар тайёргарликдан ўтиши билан боғлиқ ҳолатларни камайтириш ва уларнинг шартли равишда муддатидан аввал озод қилинишига йўл қўймаслик», дейилади Миллий хавфсизлик қўмитаси баёнотида.

«Озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони кучайтириш орқали Жиноят кодексининг 243-моддасига ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда», дейилади хабарда.

Қирғизистон фуқароларининг чет элдаги урушларда қатнашиши ёки хориждаги террорчилик масканларида жанговар тайёргарликдан ўтиши Қирғизистон миллий хавфсизлигига катта таҳдиддир, дейилади ГКНБ баёнотида.

«Ёлланма жангарилар моддий фойда олиш учун жанг қилади, айримлар эса хорижда ёки Қирғизистон республикасида террорчилик ҳаракатларини амалга оширишни кўзлаб, террорчилик ташкилотлари сафида қуролли можароларда қатнашади ёки жанговар тайёргарликдан ўтади», дейилади хабарда.

Давлат миллий хавфсизлик хизмати (ГКНБ) матбуот хизмати раҳбари Рахат Сулаймоновнинг айтишича, бугунги кунда экстремистик ва террорчи гуруҳлар таркибида чет элда жангарилик қилаётган Қирғизистон фуқаролари сони 600 нафарни ташкил қилади.

Мутахассислар ўзгартиришларни қўллаб-қувватламоқда

Давлат жазони ижро этиш хизмати маълумотларига кўра, мамлакат қамоқхоналарида 400 дан ортиқ террорчи ва экстремистлар жазо муддатини ўтамоқда.

Қисқа муддатли қамоқ жазоси баъзан маҳкумни тўғри йўлга қайтариш учун етарли бўлмайди, дейди диний хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи, бишкеклик Иқболжон Мирсаитов.

«Бундан ташқари, Сурия ва Ироқда жанг қилаётган ва қайтишни истаётган фуқароларимиз бор», деди у.

«Шу нуқтаи назардан, қайтарилган маҳбуслар махсус хизматлар назоратида бўлиши керак. 2,5 йилдан 5 йилгача бўлган муддат профилактика ишлари учун камлик қилади», деди Мирсаитов.

ГКНБ собиқ раиси Кенешбек Душебаев жазони кучайтириш чорасини ўринли ва зарур деб ҳисоблайди.

«Дунё бўйлаб терроризм ва экстремизм авж олиб бораётган бир пайтда, унга қарши кураш тобора қийинлашиб бормоқда. Қанчадан-қанча фуқароларимиз хорижий мамлакатларда жангарилик қилмоқда. У ерда улар экстремизм, ақидапарастлик ва радикализм бўйича жанговар тайёргарликдан ўтмоқда», деди у.

«Улар бу ерга қайтиб келганларидан кейин бундай хатти-ҳаракатларни давом эттирадиган бўса, жамият ва давлат учун катта хавф туғдиради. Шу боис бу каби ташаббусларни илгари суриш ўринли, деб ўйлайман. Бундай ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш лозим», деди Душебаев.

Хавфсизлик бўйича таҳлилчи ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Артур Медетбеков ҳам бу фикрга қўшилади.

«Менимча, жазони кучайтириш чораси бугунги кун учун мос келади», деди у.

«Сўнгги пайтларда ҳаётдан бирон моддий-маънавий манфаат олишга интиладиган саводхонлиги паст, маънавий тубанликка юз тутган, турли хил [қирғизистонлик] фуқаролар онгини заҳарлашга уринишлар учраб турибди», дейди Медетбеков.

«Улар шахс сифатида ўзларини рўёбга чиқариш йўлида инсониятга қарши турли хил жиноятларга қўл урмоқдалар», деди у. «Бугунги кунда бу муаммо долзарблашган ва бу чора бироз кечикиб бўлса-да, жорий этилмоқда».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Тўғри. ДНР террорчилик ташкилоти сафида жанг қилганларнинг ҳаммаси қамалиши керак

Жавоб бериш