Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоқ фахрийлари ўқувчи ёшларга терроризмдан ҳимояланишни ўргатмоқда

Айдар Ашимов

Қозоғистон хавфсизлик кучлари фахрийлари томонидан ташкил этилган «URAN» республика жамоатчилик бирлашмаси 5 декабр куни Олмаотада қизлар учун учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш курсларини ўтказди. [URAN]

Қозоғистон хавфсизлик кучлари фахрийлари томонидан ташкил этилган «URAN» республика жамоатчилик бирлашмаси 5 декабр куни Олмаотада қизлар учун учун ўз-ўзини ҳимоя қилиш курсларини ўтказди. [URAN]

НУР-СУЛТОН – Мамлакат хавфсизлик кучларида хизмат қилган фахрийлардан иборат жамоатчилик бирлашмаси Қозоғистондаги мактаб ўқувчиларига эҳтимолий террор таҳдидларига қарши қандай чоралар кўришни ўргатмоқда.

2019 йил июнь ойида ташкил этилган «УРАН» нодавлат ташкилоти шу йил охирига қадар мамлакатдаги мактаб ўқувчилари учун ўқув машғулотлари ўтказишни режалаган.

Ташкилот директори – Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) махсус кучлари жанговар зобити, захирадаги полковник Файзулла Каменов. Ташкилот таъсисчилари орасида Қозоғистоннинг «Аксилтеррор қўмита» жамоатчилик бирлашмаси (КТК) раиси Аманжол Ўразбаев ҳам бор.

Аксилтеррор операцияларида қатнашган URAN ходимлари томонидан 26 январ куни Қустанай шаҳридаги 1-лицейда ўқув машғулотлари ўтказилди, деб хабар беради Tobolinfo.

27 январ куни Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) Тараз ва Қарағанда шаҳарларида беш кишини ҳибсга олган. Ҳибсга олинганлар террорчилик ташкилоти тузиш ва терактлар режалаштиришда гумон қилинмоқда. [КНБ]

27 январ куни Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) Тараз ва Қарағанда шаҳарларида беш кишини ҳибсга олган. Ҳибсга олинганлар террорчилик ташкилоти тузиш ва терактлар режалаштиришда гумон қилинмоқда. [КНБ]

Тренингни захирадаги подполковник, КНБ махсус кучлари зобити Сергей Решетников олиб борди. 6-7-синф ўқувчиларига бир неча соат давомида террор хуружи вақтида амалга ошириладиган чоралар ўргатилди.

Мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган шундай тренинг декабр ойида Нур-Султондаги мактабларнинг бирида ҳам бўлиб ўтган эди.

«URAN» ташкилоти ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларига эга ва теракт содир бўлган тақдирда мактаб ўқувчилари ва маъмурлари қандай чоралар кўриши кераклиги ҳақида маълумотлар бериб боради.

«Агар мактабга қуролланган одам бостириб кирса, ундан максимал даражада хавфсиз масофага узоқлашиш лозим. Текис линия бўйлаб югурмаслик керак. Ҳужум чоғида мактаб ўқувчилари ёпиқ ҳудудда бўлса, бинога киришни ёпиш, кириш жойидан узоқлашиш ва эътиборни жалб қилмасликка уриниб, ҳужум ҳақида фавқулодда хизматларга хабар бериш лозим», дейилади «URAN»нинг Facebook саҳифасида.

Хавф юқорилигича қолмоқда

КНБ вакилларига кўра, ўқув дастури мамлакатда террорчилик ҳужумлари хавфининг кучайиб бораётгани ҳамда ўнлаб қозоқ фуқаролари Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги террорчилик ташкилотлари сафида қолаётгани сабабли амалга оширилмоқда.

27 январ куни МХҚ Тараз ва Қарағандада одамлар билан гавжум жамоат жойларида теракт уюштиришни режалаган беш кишини ҳибсга олди.

Шу билан бирга, ўтган йил декабр ойида эълон қилинган ҳисоботда Қозоғистондаги минглаб бинолар, жумладан, таълим муассасалари ва маданий объектлар террор таҳдидидан етарли даражада ҳимояланмагани аниқланган.

Қозоғистонлик таҳлилчиларнинг фикрича, бундай шароитда бутун мамлакат бўйлаб ёшлар радикаллашувининг олдини олиш учун мактаб ўқувчилари билан ишлаш жуда муҳим.

«Ёшлар ҳали етарлича ҳаётий тажрибага эга бўлмагани учун фахрийлар ёрдамига муҳтож», дейди Қуролли кучлар фахрийси, чимкентлик Алексей Журавов. «Қуролли кучлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус кучлар сафида хизмат қилган фахрийлар ёшлар учун ана шундай обрў-эътиборли шахслар бўлиши мумкин.»

«Биз мактаб ўқувчилари ва талабалар билан суҳбатлашишимиз керак. Бу уларда радикаллашувга қарши иммунитетни шакллантиришга ёрдам беради», деб қўшимча қилди у.

Унинг қайд этишича, Қозоғистонда хавфсизлик кучлари сафида ишлаган кўпчилик фахрийлар нафақага чиққач, жамиятга ёрдам бериш билан шуғулланмоқда.

Масалан, «URAN» ходимлари ўтган йилнинг декабр ойидан бери аёллар учун ўзини ўзи ҳимоя қилиш курсларини ўтказмоқда.

«Ватанга ёрдам бериш ва жамият ҳаётида ўрин эгаллаш – фахрийлар учун шарафли ишдир», дейди Журавов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500