Карвонсарой
Хавфсизлик

Репатриация чоралари ортидан қозоғистонлик экстремистларни тўғри йўлга қайтариш давом этмоқда

Анна Карр

Қўлга олинган қозоқ фуқаросини ватанига қайтариш учун кўз-қулоқлари беркитилган ҳолда самолётга чиқаришмоқда, КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

Қўлга олинган қозоқ фуқаросини ватанига қайтариш учун кўз-қулоқлари беркитилган ҳолда самолётга чиқаришмоқда, КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳукумати Суриядан қарийб 600 фуқарони ватанига қайтариш операциясини якунлаган бир пайтда, уруш ҳудудларидан радикаллашиб қайтган жангариларни тўғри йўлга қайтариш ҳаракатлари бошланмоқда, дейди хавфсизлик мутасаддилари ва таҳлилчилар.

«Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси ўз ниҳоясига етди, деб маълум қилган Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) раисининг ўринбосари Нургали Билисбеков 6 феврал куни парламентдаги чиқишида.

«Жусан» – «Ислом давлати» тор-мор этилганидан кейин Ироқ ва Сурияда қолиб кетган радикал қозоқ фуқароларини ватанига қайтариш бўйича ҳукумат томонидан 2019 йил давомида ўтказилган операциядир. Қозоғистон уларнинг айримларини террорчи сифатида жавобгарликка тортиб, қолганларини реабилитация қилишга уринмоқда.

2019 йилги инсонпарварлик операцияси Сурия ва Қозоғистон ўртасида бир нечта авиарейслар ёрдамида амалга оширилган. ИД парчаланганидан кейин Сурия ва Ироқдан 277 нафар фуқаро – 57 эркак ва 220 нафар аёл, шунингдек 547 нафар ёш бола уйига қайтган.

Ўтган йилнинг 7 ва 9 май кунлари «Жусан-2» («Аччиқ шувоқ-2») операцияси давомида Суриядан Қозоғистонга қайтарилган аёллар ва болалар, КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

Ўтган йилнинг 7 ва 9 май кунлари «Жусан-2» («Аччиқ шувоқ-2») операцияси давомида Суриядан Қозоғистонга қайтарилган аёллар ва болалар, КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

Суриядан Қозоғистонга қайтарилган болалар, Қозоғистоннинг Манғистов вилоятидаги реабилитация маркази, КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

Суриядан Қозоғистонга қайтарилган болалар, Қозоғистоннинг Манғистов вилоятидаги реабилитация маркази, КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

«Биз қайтишни истаганларнинг деярли барчасини, жумладан жангариларни ҳам олиб келдик», деди Билисбеков. «Албатта, тегишли чоралар давом этмоқда. Биз имкон қадар барчани, айниқса болалар ва аёлларни қуролли можаролар ҳудудидан олиб чиқишга ҳаракат қиламиз.»

Билисбековнинг айтишича, уруш ҳудудларида ҳозирда 114 нафар қозоқ фуқароси бор, у ерда қолаётган ёш болалар сони эса номаълум.

Билисбековга кўра, қозоғистонликларни уруш ҳудудларидан эвакуация қилиш анча харажатли операциядир.

«Уларни олиб келиш, радикаллашувдан халос қилиш, жамиятга мослаш – анча харажатталаб иш», дейди у. «Аммо биз буларнинг бари ўзини оқлайди деб ҳисоблаймиз, чунки олиб келинганларнинг аксари ёш болалар эканлигини унутмаслигимиз керак. Бу бизнинг фуқаролик бурчимиздир. Давлат бунга эътибор бериши керак. Можаролар ҳудудидан олиб чиқилган бирорта бола эътиборсиз қолдирилгани йўқ.»

Дерадикализация режалари

«Жусан» операциясига кетган маблағ ҳақида гапирар эканмиз, урушларда жанг қилганларнинг реабилитацияси узоққа чўзилишини ҳам инобатга олиш керак, дейди Нур-Султондаги Геосиёсий тадқиқотлар институти директори Асилбек Избаиров.

«Бу ишга битта мутахассис эмас, балки психологлар, диний экспертлар ва имомларни ҳам жалб қилиш талаб этилади», деди у.

«Жусан» давомида қайтарилганлардан 41 нафари жавобгарликка тортилди, деди Билисбеков.

Қайтиб келганидан кейин қамоққа олинганларнинг аксарига дерадикализация чоралари ёрдам беради, айримлар эса «радикал қарашлардан воз кечмайди», деди у.

Сурияда ИД сафида жанг қилиш айбловлари билан судланган қозоқ фуқаролари мудҳиш жиноятлар содир этишган, дейди прокурорлар даҳшатли фотосуратлар ва видеоматериалларга ишора қилиб.

«Халифа»га байъат берган одамни радикаллашувдан халос қилиш жуда мушкул. Маҳкумнинг экстремистик қарашлардан воз кечгани мутахассислар томонидан қандай баҳоланиши жуда муҳим, деди Избаиров.

КНБ судланган террорчилар билан улар қамоқдан чиққанларидан кейин ҳам ишлашда давом этади, деди Билисбеков собиқ маҳкумлар синов муддатида бўлишини таъкидлаб.

«Биз улар билан ишлашни давом эттирамиз. Бу бизнинг бурчимиз», дея қўшимча қилди у.

Жазо муддатини ўтаб бўлган экстремистларни қамоқдан чиқариш алоҳида ва мураккаб масала, деди Избаиров.

Унинг айтишича, яқинда КНБ Тараз ва Қарағанда шаҳарларида теракт уюштиришни режалаган беш кишини ҳибсга олган. Уларнинг бари озодликка чиққанидан сўнг, қўпорувчилик содир этишга уринган собиқ маҳкумлар бўлишган.

«Нега? Чунки улар жазони ўташ муассасаларида «радикаллар» билан алоқада бўлган, деди у. «Бугунги давр дерадикализация усулларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Чунки, радикализм мафкурачилари ҳам ўз тактикаларини ўзгартирмоқдалар.»

Радикаллашувдан халос қилиш жуда мушкул масала, аммо тўғри методлар ёрдамида бу ишни амалга оширса бўлади, деди Избаиров.

Тахминан уч-тўрт йил олдин Нур-Султондаги «Акниет» реабилитация марказининг бир гуруҳ мутахассислари «олти тишли ғилдирак» (шестеренка) техникасидан фойдаланган эдилар, деди у экстремистик қарашлардан қайтариш бўйича олти усулни назарда тутиб.

«Биз улар билан биргаликда дерадикализация бўйича «Эгриликни тўғрилаш» қўлланмасини тайёрладик. Бу усул самарали деб топилди», дейди Избаиров.

Узоқ муддатли кураш

Ушбу қўлланма Ички ишлар вазирлиги (ИИВ), Бош прокуратура ва КНБ томонидан маъқулланди. Избаировнинг таъкидлашича, гуруҳ аъзолари Аксилтеррор марказнинг махсус мукофотларига сазовор бўлишган.

«Бир вақтлар мен бу гуруҳ раҳбарларидан бири билан учрашган эдим, у «шестеренка» усули Қозоғистон ичкарисида бўлган радикал қарашдагилар учунгина самарали эканини айтди» деб ўз сўзида давом этди у. «Аммо у Суриядан қайтганлар билан унча иш бермайди, чунки улар террорчи раҳнамоларига байъат беришган, уруш ва қон кўрган ва ўзлари ҳам одам ўлдирган.»

Суриядан қайтиб келганларни дерадикализация қилиш қийинроқ, чунки бу маиший ёки болаликдаги руҳий жароҳатлар эмас, балки эътиқод ва мафкура масаласидир, деди Избаиров.

Натижада, одатдаги иш усуллари уларга мос келмайди, дейди Избаиров.

Собиқ радикалларда ортодоксал қарашларнинг шаклланиши учун вақт керак бўлади, шу боис ҳам улар бу қарашлардан тезда воз кечишларини кутиш нотўғри, дейди истеъфодаги полковник, олма-оталик Арат Нарманбетов.

«Борди-ю, одам ўзгарди ҳам дейлик... лекин, бунга амин бўлиш учун унинг бошида нима борлигини кўра олмаймиз-ку», деди у. «Улар ўзларини буқаламун каби тутаётган бўлишлари, ўз хатти-ҳаракатлари ва гап-сўзларини вазиятга қараб ўзгартиришлари мумкин», деди Нарманбетов.

«Баъзида одам ҳатто сиёсий қарашларидан воз кеча олмайди, бу ерда эса янада махфийроқ нарса – эътиқод ҳақида гап кетмоқда. Шундай экан, бу қалблар учун кураш жуда оғир ва узоқ кечади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500