Карвонсарой
Терроризм

Душанбе экстрадиция қилинган тожикистонлик ИД жангариларининг сирини фош этмоқчи

Карвонсарой

Сўғд вилояти прокуратурасида матбуот анжумани, 14 февраль, Хўжанд. (Неъматилло Мирсаидов)

Сўғд вилояти прокуратурасида матбуот анжумани, 14 февраль, Хўжанд. (Неъматилло Мирсаидов)

ДУШАНБЕ – Тожикистон ҳукумати қатор ҳужумларга алоқадор бўлган ва террорчиликка ёллаш билан шуғулланган тўрт нафар «Ислом давлати» (ИД) жангарисини Суриядан экстрадиция қилишни режалаштирмоқда.

Тожикистон ҳукумати Парвиз Саидраҳмонов ва Тожиддин Назаровлар курд кучлари томонидан қўлга олингани ҳамда «Сурия ва Ироқдаги қамоқхоналарда» эканлигини аниқлади. Озод Европа/Озодлик (RFE/RL) радиосига кўра, бу ҳақда Тожикистон бош прокуратураси 28 январь куни хабар берган.

Стокҳолм ҳужумига алоқадорлик

32 яшар тожик фуқаролари – Абу Довуд тахаллуси билан таниш Саидраҳмонов ва Абу Усома Нуракий номи билан танилган Назаровлар Россия ва Тожикистонда қидирувда эдилар.

Улар 2017 йил 7 апрелда Стокҳолмда ўғирланган юк машинасини пиёдалар устига ҳайдаб, уч нафар швед, британиялик эркак ва белгиялик аёлни ўлдирганликда айбланган ва Швецияда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик этник тожик Раҳмат Оқиловнинг шериклари бўлишган. Швециядаги қурбонлар орасида 11 ёшли қиз ҳам бор эди.

Суриядаги ИД жангарилари карвони, 2018 йил. (Файл)

Суриядаги ИД жангарилари карвони, 2018 йил. (Файл)

«Биз Саидраҳмоновни ватанига қайтариш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини якунлаяпмиз ва тез орада унинг Тожикистонга олиб келинишига умид қиламиз», деди бош прокуратура идораси вакили Музаффар Юсуфий.

«Саидраҳмоновдан ташқари тожикистонликларни ёллаш билан шуғулланган бошқа ИД жангарилари ҳам экстрадиция қилинади», деди Юсуфий. У Тожикистонга қайтариш режалаштирилаётган бошқа экстремистлар ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Тожикистонга қайтиши кутилаётган террорчилар қаторида Диловар Додоев ва Абдулаҳад Назаров ҳам бор. Бу ҳақда RFE/RL радиосига Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба хабар берган. Улар 2019 йилда Сурияда қўлга олинган эди.

«Уларнинг ҳаммаси ватанига қайтарилади ва қонуний жазосини олади», деб айтган Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон 31 январь куни Душанбеда.

«Парвиз Саидраҳмонов айни дамда Сурияда. Биз Сурия ҳукумати билан унинг Тожикистонга экстрадицияси бўйича дастлабки келишувга эришдик», деди Тожикистон фуқароларининг экстремистик ва террорчилик ташкилотларига қўшилишининг олдини олиш бўйича республика бошқармаси раҳбари Юсуф Қурбон Музаффар худди шу матбуот анжуманида.

«Ишимиз ижобий якун топишига умид қиламиз. У билан бирга, Сурия қамоқхоналаридаги бошқа тожикистонлик ИД етакчилари ҳам экстрадиция қилинади», деди у.

«Рўйхатимизда бошқалар билан бир қаторда Тожиддин Назаров ҳам бор», деб қўшимча қилди у.

Тугунларни ечиш

Тожикистон илк бор Яқин Шарқдаги ИД жангариларининг оила аъзоларини эмас, балки уларнинг ўзини экстрадиция қилишга уринмоқда, деб таъкидлади RFE/RL.

2019 йилда террорчи гуруҳ «халифалиги» инқирозга юз тутгач, Душанбе тожикистонлик ИД аъзоларининг ўнлаб ёш фарзандларини ватанига қайтарган эди.

Ҳукуматга кўра, «ИД» жангарилари ва оила аъзоларининг чет элда қолиши Тожикистон миллий хавфсизлиги учун таҳдиддир.

2014 йилдан бери 2000 га яқин тожикистонлик, жумладан аёллар ва ёш болалар Сурия ва Ироққа жўнаб кетган, уларнинг 1000 дан ортиғи ўлдирилган, деб айтган ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ўтган ҳафта Avesta.tj нашрига кўра.

«Сурия ўз аҳолисини боқа олмай боши қотган. Шундай бўлса-да, у жангариларни ҳибсда ушлаб уларни озиқ-овқат билан таъминлаяпти», деди Сўғд вилояти прокурорининг ўта оғир жиноятлар бўйича ёрдамчиси Таваккал Файзулло Аҳмадиён (собиқ исми Таваккал Файзуллозода).

«Сурия ҳукумати бошқа давлатлардан келган жангариларнинг имкон қадар тезроқ мамлакатни тарк этишини истайди. Шундай экан, бу борада муаммо бўлмайди. Аммо жангариларни қандай қилиб экстрадиция қилиш муаммоси бор», деди у.

«Хавфли жиноятчиларни транспортда олиб кетиш муаммоси ҳал қилиниши лозим», деди Аҳмадиён. «Бу осон иш эмас.»

Саидраҳмонов ва Назаровнинг экстрадицияси «кўплаб хавфларни бартараф этиб, постсовет ҳудуддаги ИД фаолиятига оид сирларни ошкор қилади», дейди бир вақтлар Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқот марказида фаолият юритган душанбелик таҳлилчи Шерали Ризоиён.

Ҳукумат «ИД сафига фуқароларни ёллаш технологиялари, қандай ва қайси шарт-шароитларда юзлаб кишилар ёлланганига оид муҳим маълумотлардан воқиф бўлади», деди у.

Ғоявий мағлубият

«Ҳибсга олинганларнинг бири гапирмаса, бошқаси албатта гапиради. Улар биз ўйлаганчалик жасур эмас... Улар терговчининг муносиб муомаласига «эришиш учун» ўз фанатларини ҳам осонгина сотишга тайёр», дейди Ризоиён.

«Улар ўнлаб ҳамтовоқларининг қаерда эканлиги, улар билан нима юз бергани, уларнинг қўпорувчилик режалари ҳақида сўзлаб беришлари мумкин. Бу терроризм ва экстремизмга қарши курашда ҳуқуқ-тартибот идоралари учун жуда фойдали маълумот бўлади», деб қўшимча қилди у.

«ИД томонидан бой берилган урушни ИДнинг ҳарбий мағлубияти деб атайдиган бўлсак, жангариларнинг ватанига топширилишини мафкуравий мағлубият дейиш мумкин, чунки улар бахтли ҳаёт ваъдаси билан ўз ватандошларини алдаб, террорга ёллаган ёлғончилар сифатида шарманда бўладилар», дейди Сўғд вилояти ҳокимлигининг диний ишлар бошқармаси бошлиғи Суҳроб Рустамзода.

Саид Раҳмонов ва Назаров каби мафкурачилар сиёсий саҳнадан олиб ташлангач, «ИД Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларини ёллашга ихтисослашган асосий каналдан маҳрум бўлиши мумкин», деб қўшимча қилди у.

Тожикистон Сурия ва Ироқда ИД сафида курашган тожик фуқароларини қамоққа олиш билан бирга, ўз ҳудудида ҳам экстремизмга қарши курашни давом эттирмоқда.

Ўтган йили Тожикистон ички ишлар идоралари томонидан 161 террорчи ва экстремист ҳибсга олинди, деди ўтган ҳафта ички ишлар вазири Раҳимзода. Бундан ташқари, мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ёрдами билан чет элда жанг қилган 218 тожик жангариси ватанига қайтган.

Ўтган йили мамлакатда иккита теракт содир этилган, иккитасининг олди олинган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500