https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2020/02/21/feature-02
| Терроризм

Тожикистон Суриядаги қочқинлар жамлоқларидан 500 фуқаросини ватанига қайтаради

Карвонсарой

image

Сурия шимоли-шарқидаги Ал-Ҳол жамлоғида болалар арава тортиб кетишяпти, 2020 йил, 14 январь. Бу ерда ИД жангариларининг оилалари сақланади. (Делил Сулаймон/AFP)

ДУШАНБЕ – Тожикистон ҳукумати «Ислом давлати» (ИД) парчаланганидан кейин уруш ичида қолиб кетган Суриядаги қочқинлар лагерларидан 500 га яқин фуқароларини ватанига қайтаришни режалаётгани ҳақида хабар берди.

Коалиция кучлари ўтган йил март ойида ИДнинг Суриядаги сўнгги истеҳкомини эгаллаган.

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддиннинг сешанба (18 февраль) куни Душанбеда маълум қилишича, «Сурия лагерларида қолиб кетган барча фуқароларни Тожикистонга олиб келиш режалаштирилмоқда» деб хабар беради ASIA-Plus.

«Биздаги маълумотларга кўра, ҳозирда Суриядаги жамлоқларда 500 га яқин тожикистонлик бор», деди у. «Халқаро ташкилотлар тақдим этган ахборотга кўра 212 нафар тожикистонлик аёл ва ёш болалар Суриядаги қочқинлар лагерларида ва улар уйга қайтишни истамоқда. Биз Суриядаги тожикистонликлар сонини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, музокалар олиб бориляпти.»

image

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин матбуот анжуманида нутқ сўзламоқда, Душанбе, 18 февраль. (Неъматилло Мирсаидов)

Сурия ҳукумати ҳамда «ИД жангарилари ва уларнинг шериклари» жойлашган жамлоқларни назорат қилувчи Сурия демократик кучлари билан музокаралар давом этмоқда, деди Муҳриддин.

«Қувайт ва Суриядаги элчимиз Сурия томони билан музокара ўтказди», деди Муҳриддин. «Шунингдек, UNICEF ва ICRC (Халқаро қизил хоч қўмитаси) билан ҳам ҳамкорлик қиляпмиз. Иккала ташкилот Тожикистон ҳукуматининг репатриация ва реабилитация чораларига кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.

Сурияда Тожикистоннинг муваққат дипломатик миссиясини очиш ҳақида берилган саволга Муҳриддин ушбу масала кўриб чиқилаётганини айтди.

Тожикистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари Сурия ва Ироқдаги радикаллашган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини ватанига қатариш устида ишламоқда.

Қозоғистон ҳукумати шу ой 600 дан ортиқ қозоғистонликни ватанига қайтариш бўйича операцияни якунлади. Ўтган йили май ойида Ўзбекистон Яқин Шарқдаги турли низо нуқталаридан 156 нафар фуқарони уйига қайтариш бўйича инсонпарварлик операцияси ўтказган эди.

Ўтган йил октярь ойида Ўзбекистон ҳукумати 64 та ўзбекистонлик, жумладан 14 нафар ёш бола ва уч ёшдан кичик болакайларни Ироқдан Тошкентга олиб келган.

Ўтган йил апрель ойида Тожикистон Ироқ қамоқхоналаридаги тожик аёлларининг 84 нафар фарзандини ватанига қайтарди.

Болалар ватанига қайтиши билан тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли тиббий муолажаларни олишган ва эмланган. Болалар билан махсус тайёргарликдан ўтган психологлар ва мураббийлар ишлаган.

Ўтган ойда Тожикистон илк марта тожикистонлик ИД жангариларини экстрадиция қилишни режалаштирди, улар бир қатор ҳужумларга ва жангариликка ёллаш тадбирларига алоқадор деб топилган эди.

Ал-Ҳол жамлоғи

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2014 йилдан бери 1900 га яқин тожикистонлик Ироқ ва Сурияга кетган, деб ёзади ASIA-Plus нашри.

Нашрга кўра, уларнинг 1700 дан ортиғи халқаро қидирувга берилган шахслар эди. Яқин Шарқдаги тўқнашувларда тахминан 500 тача тожикистонлик ўлдирилган ва 700 дан ортиғи қўлга олинган.

Уларнинг айримлари Тожикистонга қайтарилган ва чет элдаги террорчилик ташкилотлари сафида жангарилик қилиш ёки ёллаш фаолиятини олиб боришда айбланган, деб хабар беради нашр.

Ўтган йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Сурияни текшириш бўйича комиссияси ал-Ҳол жамлоғида 70 минг киши сақланаётгани, уларнинг аксарияти аёллар ва 12 ёшдан кичик болалар эканлиги ҳақида хабар берган.

Комиссия вакили Пауло Пиньейруга кўра, БМТга аъзо аксар давлатлар экстремизмга алоқадор бўлиши мумкинлиги боис болаларни, айниқса 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирларни ватанига қайтаришдан бош тортади.

Сизга мақола ёқдими?

0
Фикрлар 0
Сиёсат
Каптча *