Карвонсарой
Энергия

ТАПҲ лойиҳасини амалга ошираётган Туркманистон газ cоҳасига инвестицияларни жадаллаштирмоқда

Жумагули Аннаев

ТАПҲ газ қувури учун мўлжалланган қурилиш материаллари, 2016 йилнинг май ойида Мари вилоятининг Йўлўтан туманида олинган сурат. [Файл]

ТАПҲ газ қувури учун мўлжалланган қурилиш материаллари, 2016 йилнинг май ойида Мари вилоятининг Йўлўтан туманида олинган сурат. [Файл]

АШХОБОД – Туркманистон - Афғонистон - Покистон - Ҳиндистон (ТАПҲ) табиий газ қувурининг қурилиши давом этар экан, Туркманистон газ ва энергетика саноатини ривожлантиришга оид чора-тадбирларни жадаллаштирмоқда.

Газ қувури ишга тушадиган бўлса, Туркманистон Жанубий Осиёнинг улкан бозорига чиқиб, уни Газпромга қарамликдан халос қилиши мумкин. Россиянинг монопол газ компанияси Туркманистон газини жуда арзон нархларда сотиб олади, чунки Туркманистоннинг Хитойдан бошқа муқобил харидорлари йўқ.

Лойиҳада, шунингдек уруш туфайли вайрон бўлаёзган Афғонистонда янги иш ўринлари яратиш, газ транзити учун манфаатли тўловлар ҳамда углеводород захиралари етишмайдиган Покистон ва Ҳиндистон учун мўл газ етказиб бериш ҳам кўзда тутилган.

Душанба-сешанба (24-25 феврал) кунлари Туркманистон Дубайда «ТАПҲ – тинчлик ва ҳамкорлик учун газ қувури» халқаро конференцияси ва форумини ўтказади, деб хабар беради Туркманистон давлат ахборот агентлиги 20 феврал куни.

Тадбирда Ашхобод расмийлари билан бир қаторда, халқаро нефт-газ компаниялари, молиявий институтлар, илмий-тадқиқот институтлари ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.

Хорижий компаниялар вакиллари иштирокида ўтадиган давра суҳбатида Туркманистонда газ ва нефт-кимё саноатини ривожлантириш ҳамда Каспий денгизининг Туркманистонга тегишли ҳудудларига китирилажак инвестициялар муҳокама қилинади.

Ушбу анжуман билан бир қаторда, Туркманистоннинг нефт-газ соҳасига хорижий сармоядорларни жалб қилишга бағишланган халқаро форум ҳам бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Тренд» нашри Туркманистон бош вазири ўринбосари Миратгелди Мередовга таяниб хабар берган.

Туркманистоннинг энергетика стратегияси доирасида амалга оширилаётган ТАПҲ қувури лойиҳаси энергия ташувчиларни жаҳон бозорига экспорт қилиш йўналишларини диверсификациялашга қаратилган, деб таъкидлади Вазирлар маҳкамаси йиғилишида қатнашган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов.

Бундай кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш минтақа давлатларининг иқтисодий ривожланишига янги туртки бериб, ижтимоий, экологик ва гуманитар муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашади, деди у.

Тинчлик ва ҳамкорлик учун газ қувури

ТАПҲ қувурининг Туркманистон қисмидаги қурилиши 2015 йил декабрда бошланган.

Газ қувурининг ўтказувчанлик қуввати йилига 33 миллиард куб метрга етиши мумкин. У Афғонистоннинг Ҳирот ва Қандаҳор, Покистоннинг Кветта ва Мултан шаҳарлари ҳамда Ҳиндистоннинг Фазилка шаҳри орқали ўтиши кутилмоқда.

Қувурнинг Афғонистон қисмидаги қурилишига 2018 йил феврал ойида старт берилган, Покистон участкасининг қурилиши эса 2020 йилда бошланиши кутилмоқда.

ТАПҲ қувури лойиҳаси жорий йил бошидан бери Туркманистон Вазирлар маҳкамаси мажлислари ва халқаро йиғилишларда 10 мартадан ортиқ муҳокама қилинди.

17 январ куни президент Бердимуҳамедов Вазирлар маҳкамаси аъзоларига қувурнинг Туркманистон участкасидаги ишларни жадаллаштириш, янги инвесторлар топиш ва ушбу лойиҳа бўйича хорижий шериклар билан музокалар бошлашга буйруқ берди, деб хабар қилади Туркманистон Давлат ахборот агентлиги.

1 феврал куни ташқи ишлар вазири Рашит Мередов бошчилигидаги Туркманистон делегацияси Кобул ва Нью-Деҳлида бир нечта учрашувлар ўтказди, уларда ТАПҲ қувури муҳокама марказида бўлди, деб хабар беради CentralAsia.news нашри.

Хавф ва муаммолар

Ишлар давом этаётганига қарамай, ТАПҲ лойиҳасини амалга оширишга бир қанча омиллар тўсқинлик қилиши мумкин, дейди ашхободлик иқтисодий нашрлар таҳлилчиси, фамилиясини ошкор қилмасликни сўраган Владимир.

«Муаммоларнинг қай бири бирламчи ва қай бири иккиламчи аҳамиятга эга эканлигини айтиш қийин. Уларнинг барчаси ҳал этилиши керак», деди у.

Қувурнинг 774 километрлик қисми Афғонистоннинг бешта вилоятидан ўтгани бу мамлакатдаги хавфсизлик ва барқарорликка оид хавотирларини кучайтиради.

«Газ қувури иншоотларини ҳимоя қилиш учун Афғонистон тарафидан 700 кишилик аскарлар гуруҳи тузилганига қарамай, саботаж хавфи юқорилигича қолмоқда. Бунинг натижасида қурилишни молиялаштириш муаммолари юзага келмоқда», деди Владимир.

Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллиарддан 12 миллиард АҚШ долларигача (35,1 миллиард манатдан 42,1 миллиард манатгача), деди у. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва бошқа молиявий институтлар қурилишни молиялаштиришга ёрдам бериш ниятини билдирган бўлса-да, ҳозиргача фақат Саудия сармоя киритган.

Консорциумга аъзо бўлмаганларнинг эса ўз эътирозлари бор. Эрон ўз газини экспорт қилиш ниятида ва қувурнинг барпо этилишига қарши. Бу ҳақда 2018 йилда Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида қўлга тушган Толибон гуруҳи аъзолари хабар берган.

Хитой қолган мижозлар билан бўлишишни истамай, Мари вилоятининг Галкиниш конидаги ҳамма газни сотиб олмоқчи, деб қўшимча қилди у.

«Туркманистонга келсак, у газ қувурининг ўз қисмини албатта қуради ва келишув шартларини бажаради», деди Акмурадова.

«Газ ҳаммага етади»

Туркманистон табиий газ заҳиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди ва ўз бозорини кенгайтириш учун барча чораларни кўрмоқда.

«Туркмангаз»га кўра, заҳиралар Туркманистонга мавжуд келишувлар ва газ қувурлари бўйича шартларни бажаришга имкон беради, шу билан бирга Европа ва Жанубий Осиё бозорларига истиқболли йўналишларни ҳам оча олади.

«Газ кўп. Ҳаммага етади», деди «Туркмангаз»нинг Мари вилоятидаги газ қазиб олиш бўлинмаси «Марыгаздобыча» компаниясининг бош мутахассиси Ровшен Халлиев.

Айни вақтда йилига шарқдаги Хитойга 35 млрд. куб метр ва шимолдаги Россияга 5,5 млрд. куб метр туркман гази етказиб бериляпти, деди у.

«ТАПҲ орқали жануб томонга йилига жами 33 миллиард куб метр газ етказиш режалаштирилмоқда, шундан Покистон ва Ҳиндистоннинг ҳар бирига 14 млрд. куб метр ва Афғонистонга 5 млрд. куб метр газ етказиш режаланган», деди Халлиев.

«Ҳаракат қилмасдан ҳеч нимага эришиб бўлмайди», деди Халлиев газ қувури қурилишидаги қийинчиликларни назарда тутиб.

«ТАПҲ лойиҳасини топшириш муддати кечикиши мумкин, аммо лойиҳа амалга оширилади», деди Халлиев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500