Карвонсарой
Терроризм

Йил бошидан бери Қозоғистонда икки террорчилик ҳужумининг олди олинди

Айдар Ашимов

14 февраль куни Олмаотада террорчилик ҳужумларини режалаштиришда гумонланган шахслар қўлга олинди. (КНБ)

14 февраль куни Олмаотада террорчилик ҳужумларини режалаштиришда гумонланган шахслар қўлга олинди. (КНБ)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон расмийларига кўра, йил бошидан бери хавфсизлик идоралари томонидан иккита эҳтимолий ҳужумнинг олди олинган.

«14 февраль куни Олмаотада икки радикал диний оқим аъзоси қўлга олинди», деб хабар берган 18 февраль куни Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ).

«Улар яшаб турган жойдан осколкали қўлбола портловчи мослама, бомба ясашда ишлатиладиган ашёлар, ўткир тиғли қуроллар, эҳтимолий нишонларнинг фото ва видеотасвирлари олинган смартфонлар мусодара қилинди», деб хабар беради КНБ.

КНБ хабарига кўра, қўлга олинганлар Қозоғистонда террорчилик фаолияти олиб боришни режалаган. Айни дамда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Террорчи-гумондорлардан мусодара қилинган портловчи мослама ва унинг таркибий қисмлари, Олмаота, 14 февраль. (КНБ)

Террорчи-гумондорлардан мусодара қилинган портловчи мослама ва унинг таркибий қисмлари, Олмаота, 14 февраль. (КНБ)

Жиноятчилардан мусодара қилинган қуроллар, Чимкент, 2019 йил июль. (КНБ)

Жиноятчилардан мусодара қилинган қуроллар, Чимкент, 2019 йил июль. (КНБ)

Бу йил бошидан бери Қозоғистонда террорчи-гумондорларнинг қўлга олиниши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир.

27 январь куни КНБ ходимлари Тараз ва Қарағандада жамоат жойларида террорчилик ҳужумлари содир этишни режалаган беш гумондорни қўлга олган эди.

Қозоғистон давомли хавфни тушунган ҳолда терроризм ва жанговар экстремизмга қарши чораларни кўришда давом этмоқда.

18 феврал куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг экстремизмга қарши курашга оид конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Конвенция Қозоғистоннинг терроризмга қарши қонунларини, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти билан ўзаро муносабатларни такомиллаштириш, интернетни мониторинг қилиш ва экстремизмга қарши кураш бўйича бошқа чора-тадбирларни кўзда тутади.

Террорчиларни фош этиш

Айни пайтда, ҳуқуқ-тартибот идоралари террорчилар қўлига тушиши мумкин бўлган қурол ва ўқ-дорилар савдоси каналларига барҳам бериш устида ишламоқда.

6 феврал куни Чимкент суди ноқонуний равишда ўқотар қуроллар ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ аъзоларига ҳукм чиқарди.

Гумондорлар ўтган йилнинг июл ойида ҳибсга олинган. Тинтув чоғида саккизта автомат, иккита тўппонча ва ўқ-дорилар мусодара этилиб, қурол-яроғ устахонаси йўқ қилинган.

Судланувчилар уч йилдан тўрт йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ўтган йил ноябр ойида Оқмола вилояти хавфсизлик кучлари портловчи моддаларни ўғирлаш ва сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйган эди.

Хавфсизлик ходимлари 200 кг портловчи моддалар ва 400 дан ортиқ детонатор капсуласини сотишга уриниш вақтида мусодара қилишган.

«Сўнгги йилларда Қозоғистон махсус хизматлари бир нечта террорчилик ҳаракатининг олдини олишга муваффақ бўлди. Профилактик чоралар ўз самарасини бермоқда – террорчилар ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни қўлга киритиш ва террорчилик ҳаракатларини режалаштириш босқичида ушланмоқда», деди чимкентлик сиёсатшунос Рауан Дауталиев.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари учун қуролларнинг радикал муҳитга киришига йўл қўймаслик жуда муҳим, деди у Қозоғистонда 2019 йилда мусодара билан боғлиқ 17 та ҳолат қайд этилганини таъкидлаб.

«Фуқаролар огоҳ бўлишлари лозим, чунки террорчиларнинг хатти-ҳаракатлар занжири террор ҳужумига олиб келади», деди Дауталиев.

«Одатда, улар ўзларига ҳамфикр одамлар билан учрашиб, жиноий режаларни муҳокама қилади, ижара хонадонларда яшайди, қўлбола портловчи мосламалар ашёлари ва қуроллар сотиб олишади ва террорчилик хуружи содир этадиган жойларини ўрганишади» деди у.

«Огоҳлик ва полицияга ўз вақтида қилинган қўнғироқ одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500