ТЕҲРОН – Эрон режимининг жамоатчиликка аниқ маълумотларни етказишда шаффоф эмаслиги халқаро майдондаги хавотирни кучайтирмоқда, шу билан бир вақтда, мамлакатда коронавируснинг назоратсиз тарқалиши унга қўшни ва бошқа давлатларга таҳдид соляпти.
Чоршанба (26 февраль) куни Теҳрон ўтган 24 соат ичида коронавирусдан яна тўрт киши ўлгани ва 44 киши касаллангани ҳақида хабар берган, бу билан умумий ўлим ҳолатлари сони 19 тага, касалланганлар эса 139 га етган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Киануш Жаҳанпур телевидение орқали янги рақамларни эълон қилар экан, COVID-19 мамлакат бўйлаб қандай тарқалгани ҳақида батафсил маълумот берган.
Ўтган ҳафта бутун дунёдан уламоларни жалб қилувчи Ислом тадқиқотлари ва зиёрат маркази бўлмиш Қум шаҳрида вирус туфайли икки ўлим қайд этилганидан бери, Эрон COVID-19 вирусига қарши курашмоқда.
Мамлакатда мактаблар, университетлар, маданият марказлари ёпилган ва спорт тадбирлари тўхтатилган, санитария ишчиларидан иборат гуруҳлар автобуслар, поезлар ва жамоат жойларини дезинфекция қилишни бошлаган.
Коронавируснинг тезлик билан тарқаб бораётганига қарамай, ҳукумат карантин жорий қилишдан бош тортиб, вирус тарқалишини назорат қилиш йўлини танланган. Жаҳапурнинг сўзларига кўра, вазият «яхшиланмоқда».
Эрон расмийлари берган маълумотлардаги эътиборли жиҳат – касалланганлар ва ўлим кўрсаткичидир. Дунё бўйлаб COVID-19 вирусининг ўлим кўрсаткичи 1 ва 2 фоиз оралиғида. Агар Эронда 19 киши вирусдан ўлган бўлса, касалланганлар сони расмий маълумотдаги 139 киши эмас, балки 1-2 минг киши оралиғида бўлиши керак.
Сешанба куни Эрон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ираж Ҳарирчи ҳам вирус билан касалланганини тасдиқлаган. Бу эса COVID-19 айтилаётганидан кўпроқ миқёсда тарқаганига далил бўла олади.
Душанба (24 февраль) куни Теҳронда ҳукумат матбуот котиби Али Рабиий иштирокида ўтган матбуот анжуманида Ҳарирчининг тез-тез йўталаётгани ва терлаганини кўриш мумкин эди.
Сешанба (25 февраль) куни АҚШ давлат котиби Эрон ҳукуматидан коронавирус ҳақида «ҳақиқатни айтишни» талаб қилиб, маълумотлардан яширилаётганидан хавотирда эканлигини айтиб ўтди.
«Қўшма Штатлар Эрон ҳукумати мамлакатда вируснинг тарқалишига оид муҳим маълумотларни камайтириб кўрсатаётган бўлиши мумкинлигидан чуқур ташвишда», деб айтган Помпео Вашингтонда мухбирларга.
«Барча давлатлар, жумладан Эрон ҳам коронавирус ҳақида ҳаққоний маълумотларни тақдим этиши ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши керак», деди у.
Сўнгги ойларда Эрон ҳукумати шаффофлик билан боғлиқ бир қатор муаммоларга дуч келди ва бу Теҳронга ўз халқи ҳамда халқаро ҳамжамият ишончини йўқотишдек катта зиён келтирди.
Январь ойида Украина халқаро авиакомпаниясига қарашли PS752 самолёти «ер-ҳаво» тоифасидаги ракета билан уриб туширилганини исботловчи видеолавҳа ва билвосита далилларга қарамай, Теҳрон самолётнинг ракета ҳужуми туфайли ерга қулаганини бир неча кун давомида рад этиб келди.
Аммо тобора кучайиб бораётган халқаро ва ички босимга дуч келган ҳукумат ҳақиқатни – самолёт Эрон ҳарбийларининг «ҳалокатли хатоси» билан уриб туширилганини тан олди.
Бу иқрор ва ҳақиқатни яширишга уриниш Эронда бир неча кунлик аксилҳукумат намойишларини келтириб чиқарган.
Ўн минглаб намойишчилар Ҳоманаийга қарата «диктаторга ўлим», «ёлғончиларга ўлим» деган ҳайқириқлар ва бошқа шиорлар билан кўчаларга чиқишган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек, ноябр ойида Эрондаги намойишлар чоғида қурбон бўлганлар ва ҳибсга олинганларга нисбатан шаффоф муносабатнинг йўқлигидан ташвиш билдирган.
Дунё бўйлаб пандемия хавфи кучайиб борар экан, ижтимоий тармоқлардаги Россияга алоқадор минглаб аккаунтлар янги коронавирус ҳақидаги фитна назарияларини тарқатиш бўйича уюшган ҳаракатларни бошлагани Теҳронга оид хавотирларни юзага келтирди.
Эроннинг қўшнилари жиддий хавф остида
Сўнгги кунларда асосан Эрон билан алоқадор одамларнинг касалликка чалинганига оид илк ҳолатлар ҳақидаги хабар берилгач, Эронга қўшни давлатлар томонидан сафарларга чекловлар ва қатъий карантин чоралари жорий қилинган.
Қўшни мамлакатлар учун хавфли вазият юзага келаётганига қарамай, Теҳрон одамларнинг ҳаракатланишини чеклаш бўйича фаол чоралар кўрмаяпти.
Карантин – «эскирган усул», деб айтган соғлиқни сақлаш вазири Саид Намакий сешанба куни.
«Биз ҳали ҳам шаҳарларда карантин жорий қилинишига қаршимиз, чунки одамларнинг касаллик аниқланган шаҳарлардан бошқа жойларга саёҳат қилмаслик учун етарли даражада маданиятли эканига ишонамиз», деб унинг сўзларидан иқтибос келтиради ИСНА ахборот агентлиги.
Сешанба куни Бирлашган Араб Амирликлари сешанба куни Эрон билан икки ўртадаги барча йўловчи ва юк рейсларини тўхтатган. Аввалроқ, Эрон билан чегарадош Арманистон, Кувайт, Ироқ, Туркманистон ва Туркия каби давлатлар ҳам шундай қарор қабул қилган эди.
Покистон ва Туркманистон Эрон билан расмий чегара пунктларини ёпди, Афғонистон эса чегарани бир кунга ёпган.
Афғонистон ва Покистон қўшни Эрондаги янги коронавирус туфайли ҳалокатли инқироз эҳтимоли билан юзма-юз келган.
Афғонистоннинг соғлиқни сақлаш тизими қирқ йилдан ортиқроққа чўзилган уруш ортидан абгор аҳволда қолган, мамлакатдаги кам сонли шифохоналар асосан асосий бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва жароҳатларни даволашга ихтисослашган. Улар юқумли касалликлар билан курашиш тажрибасига эга эмас.
«Вирус мамлакат бўйлаб тарқаладиган бўлса, ҳақиқий ҳалокат юз бериши мумкин. Бу ерда тиббий марказлар унча кўп эмас», деди юқумли вирусли касалликлар бўйича мутахассис, кобуллик шифокор Вали.
Покистонда ҳам касалликнинг авж олиш хавфи билан боғлиқ хавотирлар кучайиб бормоқда.
Исломободнинг полиомиелит, сил ва гепатит каби юқумли касалликларга қарши кураш салоҳияти етарли эмас.
Бир гуруҳ зиёратчилар ватанига қайтиб, одамлар билан аралашганидан кўп ўтмай, Покистон шу ҳафтада Эрон чегараси яқинида камида 270 кишини зудлик билан карантинга олган.
Афғонистон ва покистонлик зиёратчилар кўпинча Эрон Исломий инқилобий қўриқчилар корпуси томонидан Суриядаги жангарилар сафига ёлланишга жалб қилинадилар.
Эронда асосан, талабалар ва зиёратчилардан иборат 10 мингга яқин покистонлик бор. Эрон ҳукумати уларни кичик гуруҳларга бўлиб, ватанига қайтаришни режалаштирмоқда, деди Покистоннинг Балужистон вилояти ички ишлар вазири уй вазири Зиёулло Лангове.
Россиядагидек
Жавоб беришФикрлар 1