Карвонсарой
Терроризм

Сўнгги ҳибслар Ўзбекистоннинг жангариликка ёллашга қарши курашаётганидан дарак бермоқда

Максим Енисеев

10 январь куни Тошкентда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари экстремизмда гумонланганларни қўлга олди.(Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги)

10 январь куни Тошкентда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари экстремизмда гумонланганларни қўлга олди.(Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги)

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари экстремистларнинг онлайн воситалар ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни нишонга олиши ва ёллашига қарши курашни давом эттирмоқда.

18 февраль куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкентда 21 кишидан иборат экстремистик гуруҳни фош этгани ҳақида хабар берди. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига (ИИББ) кўра, жангарилар «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти аъзолари бўлишган.

Куч тузилмалари 10 январь куни Тошкентда яна бир гуруҳни қўлга олди, деб ёзади «Правда Востока» газетаси.

Нашрнинг ёзишича, Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан ўтказилган қўшма операция давомида Ўзбекистонда тақиқланган жиҳодчилар гуруҳи аъзолари қўлга олинган.

Улар Суриядан кўрсатмалар олиш билан бирга, ёшларни жиноятга ва Сурияга боришга чорлаганлар, дейилади хабарда.

«Ҳибслардан маълум бўладики, Ўзбекистонда экстремистларнинг ишлаб турган тармоқлари йўқ ва улар тасодифий одамларнигина ёллай олади», деди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Валерий Хон. «Одатда, булар ўқимаган ёшлар бўлади. Экстремистлар бундан ортиғига умид ҳам қилолмайдилар, бу ерда уларни қўллаб-қувватловчилар йўқ.»

Тавҳид ва жиҳод катибаси «Катибат ал-Тавҳид ва ал-Жиҳад» номи билан ҳам танилган. Бу гуруҳ Ўзбекистонда 2016 йилда Олий суд томонидан тақиқланган.

У ҳалок бўлган ироқлик террорчи Абу Мусъаб аз-Зарқавий асос солган машҳур «Жамоат ал-Тавҳид вал-Жиҳод» гуруҳининг парчаси деб ишонилади. Гуруҳ дунё бўйлаб кўпгина террорчилик ҳужумлари учун жавобгардир.

Ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси (ДИҚ) гуруҳнинг ташвиқот материалларини мамлакат ҳудудида тақиқланган материаллар рўйхатига киритган эди. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик радиоси январда хабар берган.

«Катибат ал-Тавҳид ва ал-Жиҳод» 2017 йил апрель ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри метросида портлаш содир этганидан кейин танилган.

Ўтган йил Россия суди Ўзбекистон, Тожикистон ва қирғизистонлик 11 нафар мигрантни портлашни ташкиллаштиришга ёрдам берганликда айблаган эди. Теракт натижасида 15 киши ҳалок бўлган, деб хабар беради BBC.

Россия ҳукумати хабарига кўра, айбланувчиларнинг барчаси ушбу гуруҳ аъзолари бўлган, ўша вақтда уни Сурияда жанг қилаётган асли қирғизистонлик этник ўзбек Абу Салоҳ бошқарган.

Салоҳ ҳамон қочқинликда ва Сурияда бўлиши мумкин деб тахмин қилинади. Катибанинг Телеграм тармоғидаги постига кўра, у ўтган йил апрель ойида гуруҳ раҳбарлигидан воз кечган.

2018 йилда Ўзбекистон телевидениеси катибанинг собиқ аъзоси Шерзод Жўраевнинг гуруҳ сафида Сурияда жанг қилганидан пушаймон бўлгани ҳақидаги кўрсатувни эфирга узатган.

Мўлжал – ёшларнинг заиф қатлами

Жангариликка ёлловчилар интернет ва Ўзбекистонда машҳур бўлган Телеграм хабар алмашиш иловаси орқали ёшларнинг заиф қатламини нишонга олишда давом этмоқда.

22 январ куни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги 23 яшар қўқонлик фуқаро Т.А. Телеграм орқали экстремистик мазмундаги аудио ва видеофайлларни тарқатганликда айбланиб, иккинчи марта ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Т.А. илгари ҳам судланган ва ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилиниб, уч йиллик жазони ўтаган.

У билан бирга бошқа бир қўқонлик, 21 ёшли Т.И. ҳам суднинг қора курсисига ўтирган. У Телеграмда 45 нафар обуначидан иборат гуруҳ ташкил этиб, у ерда «Тавҳид ва Жиҳод» катибаси ва Туркистон ислом ҳаракати (Бошқа номи – Ўзбекистон ислом ҳаракати) материалларини жойлаштирган.

Феврал ойида ҳибсга олинган 21 киши билан боғлиқ ишда ҳуқуқ-тартибот идоралари 24 яшар ўзбек фуқароси А. Шодибековни жангариликка ёллашда айблаган эди.

Ҳозирги вақтда у ўз экстремистик фаолиятини Суриядан туриб амалга ошираётгани айтилади.

Шу каби хавф-хатарларни эътиборга олиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ёшларни шубҳали веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлар таъсирига тушмасликка ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмаслик, уларни сақламаслик ва тарқатмасликка чақирди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент бўлими аъзоси Анвар Музаффаровнинг фикрича, «ўзбек ёшларини экстремистларга ишонишга мойил деб бўлмайди». «Аммо бу таълимдаги камчиликлар ва ахборот саводхонлигининг пастлиги туфайли келиб чиқаётганини тушуниш керак. Биз бу масала устида ишламоқдамиз.»

Реабитация чоралари

Суриядан Ўзбекистондаги тинч ҳаётга қайтган собиқ экстремистларни реабилитация қилиш бўйича кенг кўламли кампания авж паллага кирган бир пайтда экстремистик гуруҳ аъзоларига қарши кураш чоралари давом этмоқда.

«Меҳр» инсонпарварлик операцияси доирасида Суриядан ватанига қайтган 156 нафар Ўзбекистон фуқароси орасида «Тавҳид ва Жиҳод» катибасининг собиқ аъзолари ҳам бор эди.

Ўтган йил декабр ойида ҳукумат навбатдаги амнистия доирасида 79 нафар экстремистни афв этди. Ҳукумат уларни ва оила аъзоларини тинч ҳаётга қайтариш ва иш билан таъминлаш чораларини кўрмоқда.

Умумий ҳисобда 2019 йилда судланган экстремистлардан 472 нафари афв этилди, 20 минг фуқаро «қора рўйхат»дан чиқарилди ва бундай рўйхатларни юритиш бекор қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон дин ишлари қўмитаси.

Ушбу статистик маълумотлар 30 январ куни Тошкентда эътиқод эркинлигига бағишланган давра суҳбатида эълон қилинган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500