Карвонсарой
Хавфсизлик

Европа Иттифоқи Қозоғистон билан хавфсизлик ва савдо соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди

Айдар Ашимов

27 феврал куни ЕИ ва Қозоғистон ўртасидаги EPCA келишувининг кучга кириши муносабати билан ўтказилган қабул иштирокчилари. (Қозоғистондаги ЕИ ваколатхонаси)

27 феврал куни ЕИ ва Қозоғистон ўртасидаги EPCA келишувининг кучга кириши муносабати билан ўтказилган қабул иштирокчилари. (Қозоғистондаги ЕИ ваколатхонаси)

НУР-СУЛТОН – 1 март куни кучга кирган келишув доирасида Қозоғистон ва Европа Иттифоқи (ЕИ) терроризм ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши кураш ҳамда савдо каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.

Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги кенгайтирилган битим (EPCA) «бугунги кунга қадар келишув муддати билан қамраб олинмаган соҳалардаги» алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган, дейилади феврал ойи охирида Қозоғистондаги ЕИ ваколатхонаси эълон қилган баёнотда.

Нур-Султондаги расмийлар ва таҳлилчиларга кўра, келишув 2015 йилда имзоланган бўлса-да, сўнгги беш йил давомида Европа Иттифоқи ва Қозоғистон биргаликда устувор лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш йўлида катта ишларни амалга оширдилар.

Битим кенг кўламли масалалар, жумладан халқаро майдондаги тинчлик, ядровий хавфсизлик ва қурол-яроғ контрабандасига қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни кўзда тутади.

Ўтган йилнинг 1 ноябр куни Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти делегацияси террорчи ва экстремист маҳкумлар сақланадиган Қозоғистон қамоқхоналаридан бирига ташриф буюрди. (Қозоғистондаги ЕИ ваколатхонаси)

Ўтган йилнинг 1 ноябр куни Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти делегацияси террорчи ва экстремист маҳкумлар сақланадиган Қозоғистон қамоқхоналаридан бирига ташриф буюрди. (Қозоғистондаги ЕИ ваколатхонаси)

«Ҳамкорликнинг янги даври»

2019 йилда шериклик муносабатларини кучайтириш мақсадида Брюссель блоки томонидан қабул қилинган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси Қозоғистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги учун янада кенгроқ йўл очади.

«Бу шерикликнинг янги давридир», дейилади собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг маслаҳатчиси Одил Турсуновнинг феврал ойи охирида қозоқ оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақоласида.

«Қозоғистон ва Европа Иттифоқи халқаро майдонда, жумладан, ядро қуролига қарши кураш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш соҳасида ижобий тажриба орттирдилар», деб ёзади Турсунов.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўтган йил май ойида Нур-Султонда Европа Кенгашининг ўша пайтдаги президенти Доналд Туск билан учрашувда мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан алоқалари мустаҳкамлигини қайд этган эди.

«Алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Биз барча Европа мамлакатлари билан стратегик алоқалар ва шерикликни ривожлантиришда фаол иштирок этяпмиз», деди у.

Ўшанда Туск Қозоғистонни «ЕИнинг минтақадаги асосий ҳамкори» деб атаган эди.

Савдо ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик

Европа Иттифоқининг Қозоғистон иқтисодиётини ривожлантиришдаги роли катта, дейди Нур-султонлик сиёсатшунос Ернар Бейсалиев.

Расмий Остона қозоғистонлик рақобатчиларни сиқувга олиб, рус компанияларига очиқ устунлик берадиган Россия бошқарувидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) сиёсатига нисбатан бир неча бор эътироз билдирган. Ушбу блокка Россия ҳам, Қозоғистон ҳам аъзо.

ЕИ эса бунинг муқобилини таклиф қилмоқда.

«Европа вектори – Қозоғистон ташқи сиёсатининг асосий стратегик йўналишларидан ҳисобланади. Европа Иттифоқи бугунги кунда мамлакатимизнинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири», деди Бейсалиев.

«Қозоғистон ташқи савдосининг учдан бири ва мамлакатга киритилган барча инвестицияларнинг ярми Европа Иттифоқи мамлакатлари улушига тўғри келади», деди Бейсалиев.

Бундан ташқари, Қозоғистон ва унга қўшни минтақалар учун ЕИ билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ўзини оқламоқда.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Марказий Осиёда чегараларни бошқариш дастури (BOMCA) 2003 йилдан бери минтақа мамлакатларига чегара хавфсизлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиб келмоқда.

«Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизлик Қозоғистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда ЕИ ўртасидаги шериклик муносабатларининг муҳим таркибий қисмидир», деб қўшимча қилди Бейсалиев.

«Чегаралар хавфсизлиги, радикаллашув ва жанговар экстремизмга қарши кураш, профайлинг, дерадикализация ва хавфсизликка доир бошқа масалалар ЕИ томонидан молиялаштириладиган ёки европалик шериклар ва экспертлар иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар мавзусига айланмоқда», деди Бейсалиев.

Наркотрафик, одам савдоси ва терроризм каби минтақалараро муаммолар «Қозоғистонга ва ЕИ манфаатларига таъсир қилади», деди у.

«Internews нодавлат ташкилоти томонидан Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилаётган Европа Иттифоқининг барқарорлик ва тинчликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси бу кўмакка яққол мисол бўла олади», деди у. «Оддий одамларга экстремистик тарғибот таъсиридан ҳимояланишга ёрдам берадиган медиа-саводхонлик дастури уч йилдан бери амалга оширилмоқда

Ўтган йил ноябр ойида «террорчилик ва экстремизмда айбланиб қамалган маҳбуслар билан ишлаш чораларини қўллаб-қувватлаш ва қамоқхоналарда радикаллашувнинг олдини олиш» қўшма ташаббуси доирасида Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти делегацияси Қозоғистонга ташриф буюрган эди.

Европа Иттифоқи экстремизм ва террорчиликда айбланиб қамалганларни тўғри йўлга қайтаришда Қозоғистон ҳукуматига ёрдам беради, деган эди ЕИнинг Қозоғистондаги элчиси Свен-Олов Карлссон.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украина тақдирида Европа Иттифоқи ва АҚШ фаол иштирок этди, уларнинг ҳаракатлари нималарга олиб келганига диққат билан назар солинг. Қойил қолганим йўқ. Аввал ички келишмовчиликларни ҳал қилиб олишсин.

Жавоб бериш