ДУШАНБЕ – 28 февраль куни Душанбеда террорчилик тармоқларини молиялаштиришга қарши кураш бўйича Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кўмагида ўтган тўрт кунлик тайёрлов курси якунланди. Бу ҳақда ЕХҲТ сешанба (3 март) куни хабар берган.
Ўқув семинари ЕХҲТ ҳамда Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тренингда Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ), Ички ишлар вазирлиги (ИИВ), Бош прокуратура ва Тожикистон миллий банкининг 17 нафар мутахассис ва ходими иштирок этди.
Семинар Тожикистонга халқаро стандартлар, хусусан БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси, пул ювиш амалиётларига қарши молиявий чоралар, ЕХҲТ ва БМТ мажбуриятларини амалга оширишга ёрдам беради.
Семинарда террорчиларни молиялаштиришга қарши курашда идоралараро ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Иштирокчилар реал воқеалар асосида маҳаллий вазиятларга мослаштирилган сценарийлар бўйича мураккаб таҳлилий ва операцион режалаштириш усулларини ўргандилар, дейилади ЕХҲТ баёнотида.
«Мазкур семинар идоралараро ҳамкорлик билан бирга, террорчиларни молиялаштиришга қарши курашувчи мутахассислар учун янги воситалар ва усулларни кашф қилишда ўзига хос платформани тақдим этади. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартлар ва нормаларга риоя қилиш муҳимлигига эътибор қаратади», деди Душанбедаги ЕХҲТ дастурий идорасининг сиёсий-ҳарбий бўлими раҳбари Флориан Разесбергер.
Ўқув курси Марказий Осиё давлатларининг терроризмни молиялаштиришга қарши кураш чораларини қўллаб-қувватлашга қаратилган узоқ муддатли ва кенг қамровли дастурнинг бир қисмидир.