Карвонсарой
Хавфсизлик

Эрон инспекторларга махфий объектдаги уран захираларини текширишга рухсат бермади

Карвонсарой ва AFP

Суратда: Эрондаги номаълум атом иншоотидаги олимлар. [Файл]

Суратда: Эрондаги номаълум атом иншоотидаги олимлар. [Файл]

ТЕҲРОН – Эрон режими Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) ядровий назорат органига махфий объектларга кириш учун рухсат бермайди, деди Эроннинг ушбу идорадаги вакили чоршанба (4 март) куни. Мамлакат турли халқаро келишувларга зид равишда уран захирасини тўплаётгани тахмин қилинмоқда.

Сешанба (3 март) куни Вена шаҳрида Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бош директори Теҳроннинг ядровий дастури юзасидан хавотир билдириб, ўтган йил охирида Теҳронда уран заррачалари топилган ва бунгача Эрон томонидан эълон қилинмаган объект бўйича «тушунтириш беришни» талаб қилди.

«Эрон зарурий тушунтиришлар бериш учун агентлик билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилиши лозим», деди ХАЭАнинг янги раҳбари Рафаэль Гросси.

«Уран изларининг топилгани билан боғлиқ ҳолат жуда муҳим. Бу халқаро назоратдан ташқари ва келиб чиқиши ёки мақсади биз учун номаълум бўлган ядровий фаолият ва материаллар борлигини англатади. Мени ташвишга солаётган нарса шу», деб қўшимча қилди Гросси.

Эрон аскарларининг ҳарорати ўлчаётган тиббиёт ходимлари, 29 февраль. Эрон режими сўнгги ойлар давомида мамлакат ичида коронавирус инфекциясига оид ёлғон маълумотлар тарқатилиши туфайли шаффофликнинг бузилиши билан боғлиқ ёмон оқибатларидан азият чекмоқда. [Эрон мудофаа вазирлиги]

Эрон аскарларининг ҳарорати ўлчаётган тиббиёт ходимлари, 29 февраль. Эрон режими сўнгги ойлар давомида мамлакат ичида коронавирус инфекциясига оид ёлғон маълумотлар тарқатилиши туфайли шаффофликнинг бузилиши билан боғлиқ ёмон оқибатларидан азият чекмоқда. [Эрон мудофаа вазирлиги]

ХАЭА қайси объект ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган. Лекин, агентлик Эрон режимидан Теҳроннинг Туркузобод туманидаги объект ҳақида сўраган, деб хабар берган дипломатик манбалар AFP агентлигига.

Эроннинг ХАЭАдаги элчиси Козим Ғариб Абадий агентлик маълумотларини «сохта» деб атади.

Ядро қуролини ишлаб чиқариш учун етарли материал

Бу раддия ХАЭА Эроннинг бойитилган уран заҳираси 2015 йилда жаҳон давлатлари билан биргаликда имзолаган шартномада кўрсатилган лимитдан беш баробар кўплигини маълум қилганидан бир кун ўтиб янграган.

19 февраль ҳолатига кўра, Эроннинг заҳираси келишувдаги 300 кг лимитдан ошиб, 1510 килограммни ташкил этган, дейилади ХАЭАнинг 3 март кунги ҳисоботида.

Айрим мутахассисларга кўра, бу кўрсаткич ядровий қурол ишлаб чиқариш учун ҳам етарли бўлиши мумкин.

Шундай бўлса-да, қурол ишлаб чиқариш учун у яна бир неча босқичдан ўтиши, жумладан, қўшимча бойитилиши зарур бўлади.

Бу Теҳроннинг ядровий дастурга оид халқаро келишувлардаги мажбуриятларини босқичма-босқич камайтириб бориш йўлидаги сўнгги ҳаракатларидан биридир.

5 январ куни Эрон режими ўз ядровий дастурига оид мажбуриятларидан воз кечиши ва «центрифугалар сонига қўйилган чеклов»ни бекор қилишини айтганди.

Орадан бир ҳафта ўтгач, Британия, Франция ва Германия Теҳронни бир неча бор шартларни бузганликда айблаб, 2015 йилда имзоланган ядровий битимга асосан низоларни ҳал қилиш механизмини ишга туширдилар.

Ўтган йил июль ойида Эрон ҳукумати ядровий битимда белгиланган уранни бойитиш чекловидан ўтгани ва халқаро ҳамжамиятнинг фаолиятни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларини бир неча бор эътиборсиз қолдириб, бойитиш кўрсаткичини 4,5 фоизга етказганини тан олди.

Шаффофлик муаммолари

Охирги бир неча ой ичида Теҳрон шаффофликка оид бир қатор хатоларга йўл қўйди, бунинг натижасида аҳоли ва халқаро ҳамжамият олдида унинг обрўсига сезиларли путур етган.

Охирги пайтларда Эрон режимининг жамоатчиликка аниқ маълумотларни етказишда шаффоф эмаслиги халқаро майдондаги хавотирни кучайтирмоқда, мамлакатда коронавирус тарқалишининг назоратга олинмагани эса унга қўшни ва бошқа давлатларга таҳдид соляпти.

Январь ойида Украина халқаро авиакомпаниясига қарашли PS752 самолёти «ер-ҳаво» тоифасидаги ракета билан уриб туширилганини исботловчи видеолавҳа ва билвосита далилларга қарамай, Теҳрон самолётнинг ракета ҳужуми туфайли ерга қулаганини бир неча кун давомида рад этиб келди.

Аммо тобора кучайиб бораётган халқаро ва ички босимга дуч келган ҳукумат охир-оқибат, ҳақиқатни – самолёт Эрон ҳарбийларининг «ҳалокатли хатоси» билан уриб туширилганини тан олишга мажбур бўлди.

Бу иқрор ва ҳақиқатни яширишга уриниш Эронда бир неча кунлик аксилҳукумат намойишларини келтириб чиқарган.

Ўн минглаб намойишчилар Ҳоманаийга қарата «диктаторга ўлим», «ёлғончиларга ўлим» деган ҳайқириқлар ва бошқа шиорлар билан кўчаларга чиқишган.

Шу билан бирга, БМТ ноябр ойида Теҳроннинг эронлик намойишчиларни бостириш вақтидаги қурбонлар ва қўлга олинганларга нисбатан муносабатида очиқлик йўқлигидан хавотир билдирган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500