Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Фаоллар: Россияда ҳибсга олинган Марказий осиёликлар қийноқларга солинмоқда

Канат Алтинбаев

Бир кун аввал портлаш юз берган кўп қаватли бино олдида тўпланган ҳуқуқ-тартибот ходимлари, Магнитогорск, Россия, 2019 йил 1 январь. [AFP]

Бир кун аввал портлаш юз берган кўп қаватли бино олдида тўпланган ҳуқуқ-тартибот ходимлари, Магнитогорск, Россия, 2019 йил 1 январь. [AFP]

БИШКЕК – 30 яшар қирғизистонлик этник ўзбек Ҳусниддин Зайнобиддиновнинг иши Россия полициясининг Марказий осиёлик мигрантларни танлаб олиб, қийноққа солиши билан боғлиқ ҳолатларга мисол бўла олади, дейди фаоллар.

Зайнобиддинов портлашга алоқадорликда гумон қилиниб, 13 ой давомида ноҳақ ҳибсда ушлаб келинган. Воқеа 2018 йил декабрда Россиянинг Магнитогорск шаҳридаги кўп қаватли уйда юз берган эди, деб ёзади Озод Европа/Озодлик радиосининг ўзбек хизмати.

Портлаш натижасида подъездларнинг бири қулаб тушган ва 39 киши ҳаётдан кўз юмган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари воқеага газ портлаши сабаб бўлганини айтган. 2019 йил январь ойида эса асоссиз даъволари билан танилган «Ислом давлати» (ИД) эътиборни ўзига тортиш мақсадида портлаш билан боғлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олган эди.

Москвадаги Марказий осиёлик мигрантларнинг ҳужжатларини текшираётган Россия полицияси уларни автобусга солиб номаълум манзилга олиб кетмоқда. Александр Ким ижтимоий тармоққа жойлаган видеолавҳа кадрлари, 31 декабрь 2019 йил. (Файл)

Москвадаги Марказий осиёлик мигрантларнинг ҳужжатларини текшираётган Россия полицияси уларни автобусга солиб номаълум манзилга олиб кетмоқда. Александр Ким ижтимоий тармоққа жойлаган видеолавҳа кадрлари, 31 декабрь 2019 йил. (Файл)

Ўшанда полиция «мутахассислар ва криминологлар воқеа содир бўлган ерда портловчи моддалар ёки уларнинг таркибий қисмларини топмаганини» таъкидлаб, жамоатчиликни ИДга эътибор қаратмасликка чақирган.

Воқеа жиноятга алоқадор эмаслиги аниқланган бўлса-да, 2019 йил январда Зайнобиддинов террорчилик фаолиятида айбланиб қўлга олинган. Бу ҳақда у ўз аёлига айтган. Магнитогорск прокуратураси «халқаро қидирувда бўлган Зайнобиддиновни қўлга олгани ҳақида» ҳисобот берган.

Зайнобиддинов Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) тергов изоляторида етти ой ва маҳаллий депортация лагерида олти ой ҳибсда ушланган ва февраль ойи ўрталарида далиллар етарли эмаслиги сабабли қўйиб юборилган.

RFE/RL хабарига кўра, у ўз шикоятномасида «ФСБ хизматчилари уни қийнагани, бурни ва қовурғаларини синдиргани, айбига иқрор қилдириш учун электр токи қўллаганини» айтган.

Хавфсизлик хизмати ходимлари унга нотаниш соқолли эркаклар суратларини кўрсатиб, улар ҳақида маълумот сўраган ва уларга қарши кўрсатма беришини талаб қилган.

Озод қилинганидан кейин Москвага келган Зайнобиддинов RFE/RL радиосига поймол қилинган ҳуқуқлари учун адолат излаб келганини айтган.

«Шунча вақт сабабсиз қийноққа дучор қилиндим», деб айтган у. «Танамда соғ жой қолмаган эди. Кўрсангиз қўрқиб кетардингиз. Россияда оз бўлса-да қонун бўлиши керак-ку! Мен Москвага адолат излаб келдим. Хавфсизлик ходимларини жавобгарлика тортмоқчиман. Керак бўлса, Европа инсон ҳуқуқлари судига мурожаат қиламан», деди у.

Оммавий рейдлар

Магнитогорск полицияси Зайнобиддинов билан чекланиб қолмади. Улар бутун Марказий Осиёлик мигрантларга нисбатан босимни кучайтирдилар.

2019 йил январь ойида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Марказий осиёлик мигрантлар яшайдиган ва ишлайдиган ерларда оммавий рейдлар ўтказишни бошладилар. Бу ҳақда ҳукуматпараст «Комсомольская Правда» нашри хабар берган.

«Аввалига, микроавтобус ҳайдовчиларига нисбатан текширувлар ўтказилган. Ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари текширилган... Дам олиш кунлари полиция катта савдо маркази яқинидаги бозорларга борган», деб ёзади «Комсомольская Правда».

Газетада ёзилишича, гувоҳлар у ерда ўнлаб тожиклар ва ўзбеклар қўлга олинганини айтганлар. Шу билан бирга, Марказий осиёлик мигрантларга иш берувчи қурилиш компаниялари қора рўйхатга киритилган.

«Бундан ташқари, магнитогорскликларнинг ёзишларича, маҳаллий полициячилар ва кўнгиллилар патруллари уйма-уй юриб текширувлар ўтказмоқда», деб қўшимча қилган нашр. «Улар, айниқса хорижликлар, беш ва ундан ортиқ одам яшайдиган хонадонлар билан қизиққанлар.»

Полиция ходимлари мигрантларнинг фарзандлари ўқийдиган мактабларни ҳам текшириб чиқишган.

«Ҳатто, мактаб директорларига ўқувчиларнинг рўйхатда турганини текшириш ҳақида норасмий кўрсатма берилган... Шаҳарда ноқонуний мигрантлар поездларда уйларига юборилаётгани ҳақида миш-мишлар ҳам юрибди», деб ёзган нашр.

«Баданимда соғ жой қолмади»

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Зайнобиддинов иши ва Магнитогорскдаги таъқиблар Россия полициясининг адолатсизликларига биргина мисол, холос.

Мамлакатдаги марказий осиёликлар Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг мунтазам ҳибслари ва қийноқларидан шикоят қилиб келади.

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Россиядаги қийноқлар масаласида Марказий осиёлик шикоятчилар фойдасига кўплаб қарорлар чиқаргани у ерда ҳали ҳам қийноқлар давом этаётганини тасдиқлайди, деди Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари Ассоциацияси президенти Надежда Атаева.

Зайнобиддинов учун Россия ҳуқуқ-тартибот тизимига қарши кураш қийин кечади, чунки «ҳокимиятдаги амалдорларнинг келишилган хатти-ҳаракатлари қийноқларга алоқадор ходимларни жавобгарликка тортишга интилаётган қурбонлар ҳуқуқларининг чекланишига олиб келади», деди Атаева.

«Хусусан, қийноққа оид далиллар ўз вақтида ҳужжатлаштирилмаган, чунки жабрланувчилар далилларнинг йўқотилишидан манфаатдор масъуллар назорати остида», деди у.

«Тонг жаҳони» ҳуқуқбон ташкилоти директори Валентина Чупикка кўра, Марказий осиёликларни таҳқирлаш Москва полициячилари орасида кенг тарқалган ҳолатдир.

«Менга миграцион рўйхат муддати ўтиб кетгани учунгина ҳибсга олиниб, камерага жойланган ва бир неча кун емак-ичмаксиз қолдирилган одамлар мурожаат қилишган», деди у. «Полиция кўриниши славянча бўлмаганларни ҳибсга олиб, уларни ҳақоратлайди ва таъмагирлик қилади.»

Аксарият мигрантлар ўз ҳуқуқларидан бехабар ва уларни ҳимоя қилишга интилмай, ҳокимият одамларига бўйсунишни ёки уларга пора беришни афзал кўради, деди у.

Бундай жазосизлик Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қонунга хилоф ҳаракатлари учун янада кенгроқ йўл очмоқда ва улар курашишлари керак бўлган жиноятларга ўзлари қўл урмоқдалар, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар хорижликларни эмас, пулларни кўрадилар, улар фюрерга жуда яхши хизмат қилган бўлишарди, яҳудийларни тутиш улар учун байрам бўлар эди.

Жавоб бериш

Маразлар, гастарбайтерлар бўлмаганида маҳаллий аҳолининг ўзи ишламас эди. Алкаш ҳаммаси

Жавоб бериш

Россия бамисоли ҳайвонот боғи

Жавоб бериш