Карвонсарой
Терроризм

Ўзбекистонда собиқ экстремистларни жамиятга қайта мослашга бағишланган Марказий Осиё анжумани бўлиб ўтди

Максим Енисеев

5 март куни Марказий Осиё мамлакатлари таҳлилчилари ва расмийлари “Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси” халқаро анжумани доирасида Термиздаги «Барқарор ҳаёт» нодавлат ташкилотига ташриф буюриб, Яқин шарқдан қайтарилган аёллар билан учрашдилар. [ЎзА]

5 март куни Марказий Осиё мамлакатлари таҳлилчилари ва расмийлари “Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси” халқаро анжумани доирасида Термиздаги «Барқарор ҳаёт» нодавлат ташкилотига ташриф буюриб, Яқин шарқдан қайтарилган аёллар билан учрашдилар. [ЎзА]

ТОШКЕНТ – Марказий Осиё мамлакатлари Сурия ва Ироқдан қайтарилган экстремистларни жамиятга қандай қилиб мослаш ҳақида тушунчага эга бўлиш мақсадида Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасини ўрганмоқда.

3-5 март кунлари Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари ва таҳлилчилари Ўзбекистоннинг реабилитация жараёнидаги тажрибасини муҳокама қилиш мақсадида Тошкент ва Термизда учрашув ўтказдилар.

«Сурия ва Ироқдан қайтариб олиб келинганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё мулоқоти: Ўзбекистон тажрибаси» деб номланган анжуман кейинчалик Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида қўлланиши мумкин бўлган самарали ва амалий таклифларни ишлаб чиқишга қаратилган, дейди таҳлилчи ва расмийлар.

Анжуман ишида Нур-Султон (Қозоғистон) ва Бишкек (Қирғизистон) шаҳар ҳокимлари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ички ишлар вазирликлари расмийлари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, тадбирда “Қайтиб келганларни реинтеграция қилишнинг сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатлари: миллий амалиёт шарҳи” ва “Реабилитация жараёнида ижтимоий дастурларнинг роли” мавзуларида маърузалар тингланди.

Ўзбекистон экстремистларни тинч ҳаётга қайтариш борасида катта тажрибага эга. 2019 йилда «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» инсонпарварлик операциялари давомида Сурия ва Ироқдаги қуролли можаролар ҳудудларидан 261 аёл ва бола ватанига қайтарилди. Олдинроқ ОАВда қайтганлар сони 218 киши деб хабар берилган эди.

Тўрт юз этмиш икки нафар экстремист авф этилди ҳукумат яна 20 минг фуқарони қора рўйхатлардан чиқариб ташлади. Бундай рўйхатларни юритиш тўхтатилди.

Ўзбекистонга қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилишда ҳукумат уларга психологик ва моддий ёрдам кўрсатишга оид кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширди, деди конференцияда сўзлаган таҳлилчилар.

Бундан ташқари, уларнинг таълим ва ижтимоий дастурлардан фойдаланиши, ишга жойлашиши ва уй-жой олиши учун шарт-шароитлар яратилди.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этилаётган ислоҳотлардан сабоқ олишга интилмоқда, дейди тошкентлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев.

«Меҳр» инсонпарварлик операциялари каби хайрли ташаббуслар бошқа давлатларни ҳам ўз фуқароларини можароли ҳудудлардан қайтаришга ундамоқда, деди у.

2016 йилга қадар мамлакатда экстремизм билан алоқадор одамларга нисбатан мутлақо бошқача, қаттиқ сиёсат юритилар эди, шу боис ҳам Ўзбекистонннинг бугунги кундаги тажрибаси алоҳида аҳамиятга молик, деди у.

«Бу бамисоли «бир тарафга чипта» эди. Бир марта шубҳа остига тушсангиз, ундан чиқиш имконсиз эди. Ортга йўл йўқ эди», деди у. «Бу одамларнинг янада радикаллашувига сабаб бўлган.»

Бундан ташқари, ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистонда «Жаслиқ» қамоқхонаси ёпилди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу муассасада қийноқлар қўлланишини айтган эди. 1999 йилги терактлардан кейин ташкил этилган бу қамоқхонада террорчилар ва экстремизмда айбланганлар сақланган.

Радикаллашув сабаблари

Анжуман давомида ўзбекистонлик таҳлилчилар ўзбек аёлларнинг нима сабабдан Сурия ва Ироққа кетгани ҳақида фикр билдирдилар.

«Ўрганишларимиздан маълум бўлишича, ватанига қайтарилган аёлларнинг 60 фоизга яқини Сурияга 2016–2017 йилларда, уруш авжига чиққан пайтда борган. Уруш давом этаётганини билган ҳолда шундай қарор қабул қилиш учун жиддий сабаблар бўлиши керак», дейди Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти мутахассиси Бахтиёр Бобожонов «Подробно.уз сайтига кўра.

Бобожоновга кўра, бунга «Ислом давлати» (ИД) мафкурасининг тарғиботи сабаб бўлган, унинг муваффақият қозонишига эса нафақат моҳирона тарғибот маҳсули, балки Марказий Осиё давлат идораларининг хатолари ҳам рол ўйнаган.

Аёллар таълим даражасининг пастлиги сабабли «халифалик» ташвиқоти таъсирига тушганлар.

«Ватанига қайтган аёлларнинг деярли барчаси яхши ўқимаган. Улар яхши таълим олмагани сабабли Ўзбекистонни тарк этган. Улар реал ҳаётни баҳолай олмасдан, нималар содир бўлаётганини англамаганлар», деди Бобожонов.

Низоли ҳудудлардан қайтган аёллар

Шу билан бирга, анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни амалиётда кўриш учун Термезга бордилар. Хусусан, улар можароли ҳудудларидан қайтган аёлларни жамиятга қайта интеграция қилиш билан шуғулланувчи «Барқарор ҳаёт» нодавлат ташкилоти ташаббуслари билан танишдилар.

Бу аёллар кўнгиллилар ёрдамида тикувчилик, қандолатчилик ва ҳунармандчиликни ўрганмоқда.

«Сурхондарё вилоятига келиб кўп нарсадан бохабар бўлдик», деди Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Вояга етмаганларни руҳий-ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази мутахассиси Любовь Рисакова ЎзАга.

«Мени айниқса, реабилитация жараёнида диний элементлар ролини аниқлаш ишлари ҳайратга солди. Қозоғистонга қайтганимда бу тажрибани ўз фаолятимда қўллашга аҳд қилдим», деди у.

Аёллар жавобгарликка тортилишдан қўрқиб уйга қайтмаган, деди Стратегик ва тергов тадқиқотлари институти таҳлилчиси Фариза Рамазанова.

Podrobno.uz нашрига кўра, аёлларга амнистия қўлланилиб, улар афв этилган.

«Ватанига қайтган аёлларнинг ҳаммаси адвокатлар иштирокида сўроққа тутилган», деб қўшимча қилди Рамазанова. «Улар ихтиёрий равишда иқрорнома ёзиб беришган, кейин эса президентга уларни авф этишни сўраб хат ёзишди.»

«Ундан кейин суд ҳар бир иш бўйича ҳукм чиқарди. Баъзилар амнистия қилинди, яъни жавобгарликка тортилмади, бошқалари айбдор деб топилса ҳам, уларга қамоқ жазоси берилмади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500