АШХОБОД – Ўз нейтралитетининг 25 йиллигини нишонлаётган Туркманистон хавфсизлик соҳасидаги ислоҳотларни кучайтирмоқда.
1995 йил 12 декабрда 185 мамлакат томонидан қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси резолюциясида Туркманистоннинг доимий нейтрал мақоми минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ёрдам бериши таъкидланган бўлиб, у барча давлатларни Туркманистоннинг бетарафлигини ҳурмат қилишга чақиради.
Аммо, Афғонистон билан 744 км узунликдаги умумий чегарага эга мамлакат тор-мор этилган «Ислом давлати»га (ИД) мансуб туркманистонлик жангариларнинг Сурия ва Ироқдан уйига қайтиши туфайли хавфсизлик муаммолари билан юзма-юз келмоқда.
Шу билан бир вақтда, бу йили Туркманистон ўз бетарафлик мақомининг 25 йиллигини кенг миқёсда нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда.
3 март куни «Олтин аср» давлат телеканали юбилей тантаналари доирасида халқаро анжуманлар, давра суҳбатлари, концертлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берди.
Тантаналарга қарамай, Туркманистон хавфсизлик масалаларида тобора фаоллашиб бормоқда, дейди кузатувчилар.
Минтақавий муаммоларни ўрганувчи ашхободлик Давлет Муродовга кўра, бундай фаоллик бугунги куннинг янги таҳдид ва чақириқлари, Афғонистон шимолидаги вазиятнинг кескинлашуви ва Эрон томонидан кутилаётган «нохушлик» билан боғлиқ.
Эрон ва Туркманистон 1148 км узунликдаги умумий чегарага эга.
Муродовнинг айтишича, оддий туркманистонликлар мамлакатнинг бетарафлик мақомини халқаро ҳамжамият томонидан Туркманистонга берилган «дахлсизлик ёрлиғи» сифатида кўради ва «у хавфсизликда бўлишимизни ва ҳеч ким бизга таҳдид солмаслигини кафолатлайди», деб ўйлайди.
Бироқ, минтақада радикализм ва экстремизм ғояларини ёйиш, «халифалик» барпо этиш ва гиёҳванд моддалар сотиш орқали бойишни кўзлайдиган радикал гуруҳлар ва жиноий тўдалар бор.
«Бу каби бузғунчи кучларнинг етакчилари ва ғоявий раҳнамолари, давлатлар ўртасида ҳеч қандай чегараларни тан олмасликлари ҳақида очиқдан-очиқ гапирадилар, шу боис Туркманистон хавфсизлик масалалари билан жиддий шуғулланиши керак», деди Муродов.
«Улар чегараларни тан олмас экан, давлатимизнинг бетараф мақомини ҳам тан олмаслиги мумкин», дея қўшимча қилди у.
Чора-тадбирларни мувофиқлаштириш
Сўнгги ойларда Туркманистон давлат хавфсизлик кенгашининг фаолияти ва таркиби ўзгарди.
Бош прокуратурадаги манбага кўра, «унинг таркибида янги юқори лавозимли расмийлар пайдо бўлган».
«Миллий хавфсизлик вазири Яйлим Бердиев каби айрим собиқ аъзолар бошқа лавозимга ўтказилган, ички ишлар вазири Искендер Муликов ва президент хавфсизлик хизмати раҳбари Мелис Нобатовлар эса лавозимидан озод қилиниб, жавобгарликка тортилган», деб хабар берди манба.
Улар коррупция ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
Айни вақтда, Туркманистоннинг ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзаро ҳамкорликни кучайтирганлар.
Ўзгаришлар икки воқеадан сўнг содир бўлди: парламент Туркманистон давлат хавфсизлик кенгаши тўғрисидаги қонунни қабул қилди, 30 январь куни эса янги лавозим – хавфсизлик масалалари бўйича бош вазир ўринбосари лавозими жорий этилди.
Илгари Давлат хавфсизлик кенгаши котиби вазифаси «куч тузилмалари вазирларидан» (ички ишлар, миллий хавфсизлик ёки мудофаа) бирига юклатилар эди, президент эса умумий бошқарув ва назорат билан шуғулланган.
Янги қонунга кўра, хавфсизлик масалалари бўйича бош вазир ўринбосари ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятини ҳам мувофиқлаштиради.
Полиция генерал-лейтенанти ва Ички ишлар вазирлиги институти ректори Чоримурод Аманов бош вазирнинг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари ва Давлат хавфсизлик кенгашининг котиби вазифасини ўтайди, деб хабар берган 30 январь куни Туркманистон телевидениеси.
Унга «мамлакат ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ташкилотга» раҳбарлик қилиш вазифаси юклатилди, дейилади хабарда.
Халқаро майдондаги иштирок
Мамлакат ичида хавфсизликни таъминлаш чораларини кўраётган расмийлар бу борада минтақавий шериклар билан тез-тез маслаҳатлашишни бошлаганлар.
Февраль ойи бошларида туркманистонлик дипломатлар Ашхобод, Кобул ва Нью-Деҳлида учрашувлар ўтказиб, хавфсизлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Томонлар терроризм таҳдидларига қарши кураш бўйича профилактика чораларини амалга ошириш, минтақавий даражада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Бу орада Туркманистон ва Қўшма Штатлар ҳамкорликнинг янги йўналишлари устида ишламоқда– булар терроризмга қарши кураш, чегаралар хавфсизлиги ва оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик каби соҳалардир, деб хабар берган расмийлар.
Дэвид Маунт раҳбарлигидаги АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) делегацияси январ ойи охирида Ашхободда Туркманистон давлат божхона хизмати расмийлари билан учрашди.
Ашхобод расмийлари бугунги куннинг халқаро глобал муаммолари, таҳдид ва чақириқларини ҳал қилмай, якка ҳолатда мамлакат ичида хавфсизликни таъминлаб бўлмаслигини тушуниб етмоқдалар, деди Мурадов.
«Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, деган мақол бу вазиятни яхши тасвирлайди», деди Мурадов.
«Бу жангда барча воситалар фойда беради ва бошқаларнинг тажрибаси қўл келади», деб қўшимча қилди у.
У мутахассислар ўртасида кўникма ва маълумот алмашиш, интернетда террористик ва экстремистик мафкурага қарши фаол курашиш ва уларнинг молиявий қўллаб-қувватлаш манбаларини аниқлаш орқали хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Террорчилик таҳдидини баҳоловчи 2019 йилги Глобал терроризм индексида (GTI) Туркманистон дунёдаги хавфсиз давлатлардан бири деб топилган.
«Албатта, биз бу рейтинг кўрсаткичидан мамнунмиз, лекин бу бизни тинчлантириши ва бўшаштириши керак эмас», деди Мурадов.