Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россиянинг нефть қазиб олишни камайтиришдан бош тортиши Қозоғистонни қийин аҳволда қолдирди

Канат Алтинбаев

Валюта айирбошлаш пункти, 12 март, Олмаота. (Канат Алтинбаев)

Валюта айирбошлаш пункти, 12 март, Олмаота. (Канат Алтинбаев)

ОЛМАОТА – Россия ҳукуматининг нефть қазиб олишни камайтиришдан бош тортиши жаҳон бозорида нефть нархининг пасайишига ва Қозоғистонда иқтисодий шок содир бўлишига олиб келди.

Бу таъсир Қозоғистоннинг Кремль сиёсатига нисбатан заиф эканлигини кўрсатган.

Мамлакат аввал ҳам Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) адолатсизлигидан шикоят қилган. ЕОИИ Россия компанияларига Қозоғистон бозорида ҳукмронлик қилишга йўл очиб бериб, қозоқ компанияларининг Россияга экспортига тўсқинлик қилади.

Энди эса Россиянинг дунё нефть бозоридаги ўйинлари Қозоғистонни қашшоқлаштириши мумкин. Нефть мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти ҳисобланади.

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (OPEC) расмийлари 6 март куни Австриянинг Вена шаҳрида Россия ва OPEC ташкилотига аъзо бўлмаган бошқа ишлаб чиқарувчилар билан нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича келишувга эришишга уриндилар, дея хабар беради Reuters.

OPEC ташкилотининг мақсади – коронавирус сабабли нефтга бўлган талаб ва дунё иқтисодиётининг пасайиши сабабли нефть нархини ошириш эди.

Аммо россиялик музокарачилар бу ғояни рад этганлар, шу сабаб OPEC ва унга аъзо бўлмаган давлатлар 1 апрелдан бошлаб нефтни ҳеч қандай чекловларсиз қазиб олишни бошлайдилар. Бу ҳақда Россия энергетика вазири Александр Новак хабар берган.

Москванинг қарори энергетика секторида кескин танқидга учради.

«Россиянинг нефть етказиб беришни фавқулодда қисқартириш чорасини қўллаб-қувватлашдан бош тортиши OPEC+ ташкилотининг нефть нархини барқарорлаштирувчи ролига путур етказиши мумкин», деди АҚШнинг «Rapidan Energy Group» консалтинг компанияси асосчиси Боб МакНалли Reuters нашрига.

OPEC+ Вена музокараларида иштирок этган 24 давлатдан иборат ташкилотдир. Унга OPECнинг 10 аъзоси ва унга аъзо бўлмаган 10 та нефть ишлаб чиқарувчи давлат, жумладан Россия ҳам киради.

«Бу нефть нархининг ўзгарувчанлиги ва геосиёсий беқарорликка олиб келади», деди МакНалли.

Кутилганидек, душанба (9 март) куни биржада нефть нархи 30 фоизга пастлади ва бу «1991 йилда Форс кўрфази урушидан бери энг жиддий қулаш бўлди», деб хабар берган DW.

Кремль қурбони

Москва нефтнинг бир баррелини 40 АҚШ долларига (16262 тенге) сота олмаётган америкалик сланец сотувчиларини бозордан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқда, деди Олмаотдаги «Visor Holding» инвестиция компанияси раҳбари Айдан Карибжанов.

Аммо, Қозоғистонда нефть қазиб чиқариш ҳаражати Россияга нисбатан юқори бўлгани учун «бизга қийин бўлади», деб қўшимча қилди у.

«Коронавирус глобал иқтисодиёт учун шунча муаммо келтириб чиқараётган бир вақтда, коллектив саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва муаммоларни биргаликла ҳал қилиш ўрнига Россия бу вазиятда энг нотўғри қарор қабул қилди», деди Карибжанов.

Қозоқлар олис Москвада қабул қилинган қарор таъсиридан хавотирда.

OPEC учрашувидан кейинги биринчи иш куни – 9 март Марказий Осиёнинг энг йирик нефть ишлаб чиқарувчиси бўлмиш Қозоғистонда қора душанба деб номланди. Ундан бир кун аввал Қозоғистон Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаган эди, баҳорий кайфият ўрнини ҳаяжон ва тушкунлик эгаллади.

Миллий валюта – тенге курси Қозоғистоннинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефть нархининг пасайиши ортидан тушиб кетган.

Қозоғистон шаҳарларидаги валюта айирбошлаш пунктлари хорижий валюталар, хусусан АҚШ доллари ва евро сотишни тўхтатди. Аммо улар сотувчилар учун жуда ноқулай нархларда бу валюталарни сотиб олишда давом этган.

Валюта айирбошлаш шахобчаларидан фарқли ўлароқ, банклар 9 март куни байрам муносабати билан ёпиқ бўлган, чунки бу йил халқаро хотин-қизлар куни якшанбага тўғри келган эди.

«Бугун бутун шаҳарни айланиб чиқдим, ҳеч қаердан доллар сотиб ололмадим. Фақат бир жойда жуда ёмон курсда хорижий валюта сотишаётган эди», деди олмаоталик Сауле Жусупова 9 март куни.

Шаҳарда ваҳима кўтарилган, мижозлар айирбошлаш шахобчаларидан доллар сотишни ўтиниб сўраган ва талаб қилган, аммо бари бефойда, деди у.

«Энди Қозоғистонда нархлар ошиб кетади. Бунга ким айбдор?», дея савоб беради у.

Бошқа бир олмаоталик Жанболат Сулейменов тенгенинг кескин заишлашуви натижасида банк ҳисобидаги жамғармасининг бир қисмидан айрилганини айтди.

«Мен пулларимни тенгеда сақлайман, чунки унинг фоиз ставкалари долларли депозитларга нисбатан юқорироқ. Тенгенинг заифлашуви оқибатида долларга нисбатан 6 ойлик фоизли даромадимдан айрилдим. Қўрқаманки, бу ҳали ҳаммаси эмас.»

«Бир кун олдин (аёлларни табриклаш учун) лолалар сотиб олган эдик, аслида доллар сотиб олганимиз маъқул экан», деди олмаоталик сиёсатшунос Ислам Кураев.

Энг ёмонига тайёрланиш

Қозоғистоннинг муаммолари энди бошланяпти.

Сешанба (10 март) куни Қозоғистон расмийлари жамоатчиликни тинчлантириш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида баёнот бердилар.

Қозоғистон миллий банки «валюта бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш» мақсадида «валюта интервенцияларини» амалга оширишга мажбур бўлганини айтган.

«Миллий банк вазиятни беқарорлашувига йўл қўймайди ва валюта бозорини доимий мониторинг қилиб боради. Керак бўлган ҳолларда валюта интервенциялари янгиланади», дейилади банк баёнотида.

Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли 2009, 2014 ва 2015 йилларда бўлгани каби, қарийб барча турдаги маҳсулотлар, жумладан озиқ-овқат маҳсулотларининг кескин қимматлашиб кетишидан хавотирда.

Миллий иқтисодиёт вазирлиги нархларнинг ўсишини назорат қилади, деди вазир Руслан Даленов 10 март куни.

Ҳукумат «тенгенинг янги курсини инобатга олган ҳолда» пенсия ва нафақалар миқдорини оширади, деб баёнот берди молия вазири Алихан Смаилов ўша куннинг ўзида.

Ҳукумат ўз бюджетини оптималлаштириб, устуворлиги паст йўналишлар учун харажатларни қисқатиради, деди у.

Шунга қарамай, нефть нархларини кескин тушиб кетиши натижасида ҳукумат бу йили бюджет тақчиллигига дуч келиши кутилмоқда. Бу камомадни ёпиш мақсадида ҳукумат Остона халқаро молия марказида (ОХММ) 500 млн. доллар қийматидаги давлат қимматли қоғозларини жойлаштиришга қарор қилган. Нур-Султон ОХММни минтақадаги иқтисодий ва молиявий марказ сифатида илгари суриб келмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500