Карвонсарой
Саломатлик

Марказий Осиё коронавирусга қарши кураш чораларини кучайтирмоқда

Айдар Ашимов

27 феврал куни ҳимоя кийимидаги қозоғистонлик тиббий мутахассислар Хитойдан Нур-Султонга учиб келган самолётни кутиб олмоқдалар. [Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

27 феврал куни ҳимоя кийимидаги қозоғистонлик тиббий мутахассислар Хитойдан Нур-Султонга учиб келган самолётни кутиб олмоқдалар. [Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

НУР-СУЛТОН – Шифокорлар зарарли миш-мишлар ва дезинформациядан огоҳлантираётган бир вақтда Марказий Осиё давлатлари COVID-19 коронавируси пандемиясига қарши курашни кучайтирмоқда.

Айрим мамлакатларда касалликка чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаган бўлса-да, вақт ўтиши билан вазият ўзгариши мумкин.

17 март (сешанба) ҳолатига кўра, Қирғизистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Айни вақтда мамлакат бўйлаб 321 киши карантинда сақланмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус профилактикаси бўйича гуруҳи маълум қилган.

Вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида тунги клублар, кинотеатрлар, кафелар, ўйин майдончалари ва компьютер клублари вақтинча ёпилди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 16 март куни мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида маълум қилди, видеомурожаатдан олинган кадр.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 16 март куни мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида маълум қилди, видеомурожаатдан олинган кадр.

«Бугундан бошлаб ҳукумат аъзолари дам олишсиз ишлайди», деди Қирғизистон бош вазири Мухаммедкали Абилгазиев душанба (16 март) кунги брифингда.

Давлат органлари раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари кечаю кундуз фуқароларнинг саволларига жавоб беришга тайёр, деди у.

«Мен Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин билан икки марта гаплашдим. Биз вазиятни муҳокама қилдик. Албатта, фуқароларнинг ҳаракатланиши чекланади. Аммо, бу чекловлар юк ташиш ёки бизнесга таъсир қилмайди», деди у.

1566 киши карантинга олинган Тожикистонда сешанба кунига қадар коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолат ҳақида хабар берилмаган.

Душанба куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Тожикистон ҳукумати томонидан вируснинг олдини олиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш комплекс лойиҳаси доирасида 100 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратди.

Туркманистондан ҳам коронавирус ҳолатлари ҳақида хабарлар олинмаган.

Шундай бўлса-да, Ашхобод яқинидаги Чўганлида жойлашган касалхона ходими 2 март куни Озодлик (RFE/RL) радиоси билан суҳбатда 10 кундан бери икки бемор карантин ва «қатъий изоляция» остида эканлигини айтган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг сўзларига кўра, мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони 10 тага етган.

15 март куни мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат тасдиқлангани ҳақида хабар берган Ўзбекистон расмийлари зудлик билан вирусга қарши кураш чоралари ҳақида эълон қилганлар.

Расмий Тошкент чегараларни ёпиш билан бирга, ўқув муассасалари учун ҳам таътил эълон қилган, халқаро рейсларни тўхтатган ва оммавий тадбирларни тақиқлаган.

Қозоғистонда фавқулодда ҳолат

Сешанба куни Қозоғистон коронавирусга чалинганлар сони 32 кишига етгани, жумладан Олма-ота шаҳрида 15 ва Нур-Султонда 17 бемор қайд этилгани ҳақида хабар берган ва минтақада касалликдан энг кўп жабрланган мамлакатга айланган.

Қозоғистонда 16 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев душанба кунги видеомурожаатида маълум қилган.

«Қозоғистон қонунчилигига биноан мен мамлакатимиз ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги Фармонга имзо чекдим. Фавқулодда ҳолат 2020 йил 16 март куни эрталаб соат 8 дан бошлаб кучга киради ва 30 кун давом этади. Зарурат юзага келса, бу муддат узайтирилиши мумкин», деди Тўқаев.

Мамлакат бўйлаб кенг кўламли тадбирларнинг ўтказилиши тақиқланган, кинотеатрлар, маданий муассасалар, кўргазмалар ҳамда бошқа оммавий тадбирлар ва майдонлар вақтинча ёпилган, деди у. Озиқ-овқат дўконлари одатдаги режимда ишлайди.

Ҳукумат сафарларга чекловлар жорий этиб, дори-дармонлар, синов ва лаборатория ускуналарини сотиб олиш учун маблағ ажратди, деб қўшимча қилди у.

Қозоғистон cаноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги душанба куни ҳафта давомида амалга ошириладиган 49 та мунтазам халқаро авиарейс, жумладан Қозоғистондан Хитой ва Эронга барча парвозлар тўхтатилганини маълум қилди. Шунингдек, қўшни давлатлар билан аксар темирйўл алоқалари вақтинча тўхтатилган.

Профилактика чораларига чақириқ

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1600 дан ортиқ бемор касалхоналарда, 1000 га яқин одам ўз уйида карантинга олинган.

Вазирлик баёнотига кўра, Хитой ва қўшни давлатлардан келган фуқаролар назоратга олинмоқда.

Вазирлик аҳолини профилактика чораларини кўриш, жумладан қўлларни ва юзларини тез-тез ва яхшилаб ювишга, гавжум жойлардан ва беморлар билан алоқадан тийилишга чақирган.

«Касаллик аломатларини кузатсангиз, касалхонага ўзингиз борманг. Бунинг ўрнига тез ёрдам чақиришингизни сўраймиз», деди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг колл-маркази ходими.

«Бизда барча дори-дармонлар ва синов тўпламлари бор, шифокорлар эртаю кеч ишламоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайд этилган янги ҳолатлар ҳақида хабар бериб боради ва зарурий чораларни кўради», деди у.

Қозоғистонликлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Facebook саҳифаси ёки 1406 рақамига қўнғироқ қилиб, 24 соат ишлайдиган колл-марказидан маълумот олиши мумкин.

«Биз одатдагидек фаолият юритмоқдамиз, аммо танглик кучайган. Табиийки, биз профилактика чоралари ва аҳолини хабардор қилишга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Эпидемиологик вазият назорат остида, мамлакатда саноқли ҳолатлар қайд этилган холос», деди чимкентлик шифокор Меруерт Абдуалиева.

«Зарур ҳолларда одамлар карантин ёки даволанишга зинҳор қаршилик қилмасликлари керак. Ўзингиз, оила аъзоларингиз ва атрофингиздагиларни хавф остига қўйманг», деб қўшимча қилди у.

«Ҳар куни бир неча марта тана ҳароратини ўлчанг, уйларингизни тоза тутинг, хоналарни шамоллатинг ва қўлларингизни совун билан тез-тез ювиб туринг», деди Абдуалиева.

«Ваҳима қилмаяпмиз», дейди таразлик Назгул Касумова.

«Ҳукумат вазиятни назорат қилаётганига ва инфекция тарқаб кетмаслигига ишонамиз. Қўлларимизни ювишимиз, одамлар гавжум жойларга бормаслигимиз ва хотиржамликни сақлашимиз керак», деди у.

Миш-мишлар ва дезинформация

Душанба куни ТВ орқали мурожаатида Тўқаев коронавирус ҳақида ваҳимага сабаб бўлувчи сохта хабар тарқатганлар қонунга мувофиқ жазоланиши ҳақида айтиб ўтган.

Қирғизистон полицияси ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш иловалари орқали сохта ахборот тарқатган 15 та фуқарони қўлга олган. Бу ҳақда душанба (16 март) куни полиция хабар берган.

Бундан аввалроқ АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Филипп Рикер Россия COVID-19 эпидемияси бўйича дезинформация кампаниясини бошлагани ҳақида огоҳлантирган эди.

«Россиянинг ёвуз ниятли кучлари коронавирус ҳақидаги ёлғон хабарларни тарқатиш билан одамлар эътиборини глобал тиббий-санитар чоралардан чалғитиб, жамоат хавфсизлигига таҳдид солмоқдалар», деди у.

Ижтимоий тармоқлардаги Россияга алоқадор минглаб аккаунтлар янги коронавирус ҳақидаги фитна назарияларини тарқатиш бўйича уюшган ҳаракатларни бошлаган эди.

Дезинформация кампанияси COVID-19 вирусининг тарқалиши ортида АҚШ тургани ҳақидаги асоссиз фитна назарияларини илгари сурмоқда, бундан кўзланган мақсад – соғлиқни сақлаш муаммоларига эътибор қаратиб, АҚШнинг дунёдаги обрўсига путур етказиш.

Twitter, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги сохта аккаунтлар Россиянинг бу назариясини турли тилларда тарқатишда давом этган. AFP АҚШ расмийларига Россия дезинформациясига қарши курашиш вазифаси юклатилгани ҳақида хабар берган.

«Россиянинг мақсади АҚШ ташкилотлари ва иттифоқларига ичкаридан, шу жумладан, зарарли таъсирга асосланган кампаниялар орқали зарба бериш», деди Рикер.

Хитой коронавирус пандемиясининг дунё бўйлаб тарқалишидаги ролига нисбатан танқидларга қарши курашар экан, вируснинг келиб чиқиши ҳақида фитна назарияларини илгари сурмоқда.

Бу фитна назариялари оддий фуқаролар томнидан эмас, балки Хитой ҳукуматидаги юқори мансабдор шахслар томонидан тарқатилмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500