https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2020/03/23/feature-02
| Саломатлик

Коронавирусга қарши курашаётган Эрон АҚШнинг ёрдамидан бош тортди, касалланганлар сони ошиб бормоқда

Карвонсарой ва AFP

image

22 март куни Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Ҳоманаий телевидение орқали халққа мурожаат қилди. [IRNA]

Якшанба (22 март) куни Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Ҳоманаий коронавирусга қарши курашда ҳаргиз АҚШнинг ёрдамини қабул қилмаслигини айтди. Бу орада мамлакат касалланганлар сонининг кўпайиб бораётгани ва пухта ўйланмаган сиёсат туфайли дунё аҳолиси саломатлиги учун хавф эпицентрига айланиб бормоқда.

Душанба (23 март) куни Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги касаллик туфайли ўлганлар сони 1812 та етганини расман маълум қилар экан, ушбу мамлакат Италия, Испания ва Хитой билан бирга COVID-19 вирусидан энг кўп жабр кўрган мамлакатлардан бирига айланган.

Сўнгги 24 соат ичида 1411 дан ортиқ янги ҳолат қайд этилиб, жами 23499 одамнинг вирус билан касаллангани тасдиқланди, деди соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Киануш Жаҳонпур.

29 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон раҳбарлари кўмак сўраб мурожаат қилса, Вашингтон вирусга қарши курашда ёрдам беришга тайёрлигини айтди.

image

Суратда: Эрон Вазирлар маҳкамасининг тушкун кайфиятдаги аъзоси, 18 март куни Теҳронда президент Ҳасан Руҳоний билан учрашув чоғида. [IRNA]

Телевидение орқали сўзлаган Ҳоманаий Америка таклифини рад этар экан, бу Эронда вирус инқирозини кучайтиришга уриниш саъй-ҳаракатларни яширишга қаратилгани ҳақидаги фитна назариясини илгари сурган.

Хитой ва Россия каби, Эрон ҳам фаол равишда вирус ҳақида фитна назарияларини ёйинлаб, ёлғон ёки янглиш маълумот тарқатиш билан янада кўпроқ одамлар ҳаётини хавф остига қўймоқда.

Душанба (23 март) куни Ҳоманаийни кескин танқид қилган АҚШ давлат котиби Майк Помпео унинг «уйдирмалари» дунёни янада каттароқ хавф остида қолдираётганини айтган.

Кузатувчиларга кўра, Ҳоманаий ёрдамни қабул қилиш ўрнига, мамлакат аҳолисининг эътиқодига кўпроқ умид қилаётган кўринади.

У эронликларни эпидемияга қарши кураш бўйича ҳукуматнинг кўрсатмаларига амал қилишга чақириб, «барча нарсага Қодир Зот Эрон халқи, барча мусулмон халқлар ва бутун инсоният бошига келган бу мусибатга барҳам беришини» айтган.

Аммо, Эрон ҳукуматига ишонч ҳар доимгидан ҳам пастроқ.

Шубҳали рақамлар

Эронда коронавируснинг назоратсиз тарқалиши унга қўшни ва бошқа давлатларга таҳдид солар экан, Эрон режимининг жамоатчиликка аниқ маълумотларни етказишда шаффоф эмаслиги халқаро майдондаги хавотирни кучайтирмоқда.

Вирусдан энг кўп жабрланган давлатлардан бири бўлишига қарамай, Эрон бошқа мамлакатлар каби изоляция чораларини қўлламаган.

Эътиборлиси, вирусни назорат қилишда қатъийроқ чоралар қўллаган мамлакатлардаги рақамларга нисбатан Эронда янги қайд этилган ва ўлим ҳолатлари сони камроқ.

Масалан, ҳаракатланишга оид қатъий чекловлар жорий этган Италияда ҳар куни 800 та ўлим ҳолати ва 5000 та янги бемор қайд этилмоқда.

Бошқа тафсилотлар Теҳрон ҳақиқий рақамларни жуда камайтириб бераётганини кўрсатмоқда.

Масалан, жума (20 март) куни Эрондаги Қизил хоч жамияти 17 мартдан бери уч миллион фуқаро вирус энг кўп тарқаган 13 та вилоятдан чиқиб кетгани ва касалликнинг мамлакат бўйлаб мислсиз даражада тарқалишига сабабчи бўлгани ҳақида хабар берган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Жаҳонпур уларни «кўрсатмага риоя қилмаган озчилик», деб атаган.

Сунъий йўлдошлар орқали олинган суратлар ва жойлардаги видеотасвирларга кўра, Эрон ҳукумати Қум шаҳрида 100 метр узунликда хандақ қазиган бўлиб, у вирус қурбонлари учун оммавий қабр вазифасини ўтайди.

Бошқа баёнотлар ҳам Эрон режимининг вазиятни тўғри қабул қилишига фойда бермаган.

«Баъзилар нима учун ҳукумат аралашмаяпти деб сўраши мумкин, аммо менимча биз сезиларли даражада аралашдик», деди президент Ҳасан Руҳоний ўтган ҳафта телевидение орқали қилган мурожаатида.

«Улкан ишлар, жумладан бошқа ҳеч бир мамлакатда амалга оширилмаган чоралар кўрилди», деди у ниқоб тақиб олган вазирлар қуршовида.

Сизга мақола ёқдими?

1
Фикрлар 0
Сиёсат
Каптча *