Карвонсарой
Жамият

Ўзбекистон ҳукумати аҳолини коронавирусга оид ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда

Максим Енисеев

Cуратда: Тошкентдаги Ҳазрати имом мажмуаси, 7 март. [Айдар Ашимов]

Cуратда: Тошкентдаги Ҳазрати имом мажмуаси, 7 март. [Айдар Ашимов]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ҳукумати ва мамлакатдаги диний пешволар одамларни коронавирус билан боғлиқ дезинформация ва ваҳимадан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.

Жонс Хопкинс университетининг глобал харитасига кўра, чоршанба (25 март) ҳолатига Ўзбекистонда вирусга чалиниши билан боғлиқ 55 та ҳолат тасдиқланган. COVID-19 вирусининг бошқа шаҳарлар ва вилоятларга тарқалишининг олдини олиш мақсадида, сешанба (24-март) кунидан Тошкентга кириш-чиқиш йўллари ёпилди.

16 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси карантин ва эпидемия вақтида мусулмонларнинг ўзини тутиш қоидалари тушунтирилган фатво чиқарди.

Фатво Ўзбекистоннинг бош муфтийси Усмонхон Алимов томонидан миллий телевидение орқали ўқиб эшиттирилди.

Ўзбекистон бош муфтийси Усмонхон Алимов 16 март куни миллий телевидение орқали қилган чиқишида эпидемия муносабати билан чиқарилган фатвони ўқиб эшиттирмоқда.

Ўзбекистон бош муфтийси Усмонхон Алимов 16 март куни миллий телевидение орқали қилган чиқишида эпидемия муносабати билан чиқарилган фатвони ўқиб эшиттирмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни Тошкентда коронавирус эпидемияси муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаат қилди. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

Президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни Тошкентда коронавирус эпидемияси муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаат қилди. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

Кундалик ибодатларни уйда адо этса ҳам бўлади, деди Алимов. У жамоатчиликни касалликка қарши курашга кўмаклашиш ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига риоя қилишга чақирди.

«Бундай фавқулодда вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларни нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаромдир», дейилади фатвода.

Ўзбекистондаги бошқа динлар етакчилари ҳам ўз қавмларини тинчликни сақлашга ва фитналар таъсирига тушмасликка чақирдилар.

«Шахсий гигиенага риоя қилиш лозим. Аммо энг асосий, хотиржамликни сақлаш ва ваҳимага йўл қўймаслик. Бутун Ўзбекистон аҳолиси учун дуодамиз», дейди рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон митрополити Викентий 18 март кунги видео мурожаатида.

Евангелия насронийлари, католик ва арман насроний жамоаларининг етакчилари ҳам шунга ўхшаш мурожаатларлар билан чиқишган.

Иғвогарликка қарши кураш

Айни пайтда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари миш-мишлар тарқалишининг олдини олиш ва жамоатчилик орасида ваҳимани юмшатиш учун жиддий чоралар кўрмоқда.

Бош прокуратура ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ интернетда бузғунчи маълумотлар тарқатиб, жамоатчилик орасида ваҳима келтириб чиқараётган ва осойишталикни бузаётган 33 та аккаунтни аниқлаган, деб ҳабар беради Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) 17 март куни.

Бу аккаунтларнинг 25 таси хорижда рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга тегишли бўлган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар берган ИИВ.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ижтимоий тармоқлар орқали ёлғон маълумот тарқатиш билан шуғулланган 13 кишини сўроқ қилган, улардан тўрт нафарига жиноий жавобгарлик белгиланди. Қолган тўққизтасига огоҳлантириш берилди.

«Мамлакатни беқарорлаштирмоқчи бўлганларнинг фитнасига учманг. Ёддан чиқарманг: ҳар бир ҳолат аниқланади ва айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўрилади», деди ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов.

Ўзбекистон қонунчилигига биноан, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 4600 долларлик жаримадан тортиб, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бундай маълумотларни тарқатганларга эса 7000 доллар миқдоридаги жаримадан тортиб, 3 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.

18 март куни халққа мурожаат билан чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам дезинформация масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини «пиар қилишни» яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади», деди Мирзиёев.

«Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак», деди у. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур. Бу масалани ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам алоҳида назоратга олиши лозим.

Бу чоралар маҳаллий дезинформация манбаларига қаратилган бўлса-да, бугунги кунда Хитой, Россия ва Эрон ҳукуматларининг коронавирус билан боғлиқ фаол дезинформация кампаниялари халқаро ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб турибди.

«Коронавирус-инфо»

Сохта янгиликлар ва дезинформацияга қарши кураш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида «Коронавирус-инфо» Телеграм канали ташкил қилинган.

Мазкур ташаббусда кўплаб ўзбекистонлик журналистлар ва блоггерлар иштирок этмоқда.

15-19 март кунлари ушбу Телеграм каналига 500 000 га яқин фойдаланувчи қўшилди, бу эса уни Ўзбекистондаги энг йирик каналлардан бирига айлантирган.

«Телеграм – Ўзбекистонда энг оммабоп хабар алмашиш иловаси. Шу сабабли «Коронавирус-инфо» ҳозирги кунда эпидемия ва вирусга қарши кураш бўйича муҳим маълумот манбаига айланди», дейди ўзбекистонлик журналист Алишер Муҳаммадалиев.

«Эпидемия бошланган вақтда интернет турли аҳмоқона миш-мишларга тўлиб кетди», деди у.

«Турли экстремистик каналлар вирусни «уйғурларга зулм қилган Хитой учун жазо» деб аташди, одамлар бу касаллик мусулмонларга юқмайди, фақат насроний ва буддистларга юқади, дедилар», деб қўшимча қилди у.

«Этник зиддиятларни келтириб чиқарувчи миш-мишлардан ташқари, карантиннинг илк кунларида Ўзбекистонда ваҳима қўзғашга қаратилган кўплаб аҳмоқона хабарлар тарқала бошлади», деди Муҳаммадалиев. «Масалан, осмондан туриб шаҳарни дезинфекция қиладиган вертолётлар ва шаҳарда юзлаб касалланганларнинг борлиги айтилди».

«Facebook ва Телеграмда диний мазмундаги кўплаб радикал каналлар мавжуд. Улар «коронавирус» сўзида «Қуръон» сўзи борлигини ва вирус фақат «кофирларни» жазолашини айтмоқда, дейди тошкентлик Манзура Абдухолиқова.

«Уларнинг айтишича, намоз ўқиётган одамлар вирусдан қўрқмаслиги керак. Кўплаб мусулмонлар фаол равишда бу каби ёлғон хабарларни тарқатдилар», дейди Абдухолиқова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500