КОБУЛ – Дунё бўйлаб авж олаётган коронавирус пандемияси тинч аҳолининг кундалик ҳаётини издан чиқариш ва раҳбарларни ҳалокатли касалликка қарши туришга мажбур қилиш билан бир қаторда, жангари гуруҳларнинг аҳоли саломатлигига нисбатан иккиюзламачи муносабатини ҳам фош этган.
Душанба (30 март) ҳолатига кўра, дунёда COVID-19 га чалиниш билан боғлиқ тасдиқланган ҳолатлар сони қарийб 750 мингтани ташкил этган, 30 мингдан ортиқ ўлим қайд этилган.
Ҳалокатли вирус Афғонистон ва Покистондаги Толибондан тортиб, Яқин Шарқ ва унинг ташқарисидаги «Ислом давлати» (ИД) гуруҳига дохил жангари гуруҳларни саломатлик ва гигиенани ҳимоя қилишга мажбурлади. Бу айни гуруҳлар томонидан ўнлаб йиллар давомида дунёдаги соғлиқни сақлаш тизимларига нисбатан олиб борилган зўравонлик ва ташвиқот чораларининг тамоман аксидир.
Толибон сўнгги бир неча ҳафта давомида ҳалокатли коронавирус тарқалиши шароитида ўзини одамлар саломатлиги учун қайғурадиган гуруҳ сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Таҳлилчилар ва оддий фуқароларга кўра, бу очиқдан-очиқ иккиюзламачиликдир, негаки бу гуруҳ ўнлаб йиллар давомида тиббий муассасаларга ҳужум қилган, шифокорларни ўлдирган ва фуқароларни эмлаш амалиётларини ман қилган.
«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси расмий вакили Суҳайл Шахин 16 март куни ўз Твиттерида «гуруҳ коронавирусга қарши курашда барча халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва ЖССТ билан ҳамкорлик қилиш ҳамда ўзаро чораларни мувофиқлаштиришга тайёр эканлиги ва буни ўз соғлиқни сақлаш комиссияси орқали тасдиқлашини» айтган.
Бу баёнот гуруҳнинг Афғонистондаги соғлиқни сақлашга доир халқаро саъй-ҳаракатлар нисбатан узоқ йиллик қаршилиги, хусусан ўтган йил апрел ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ва Қизил Хоч ташкилотлари ходимларини ўз назоратидаги ҳудудлардан қувиб чиқарган Толибоннинг позициясига мутлақо зид келади.
Ўтган йил давомида сукут сақлаган Толибон яқинда шу каби хавотирларни билдирди – 15 март куни Толибон вакили Забиулла Мужоҳид «40 мингга яқин одам сақланаётган Афғонистон қамоқхоналарида санитар-гигиеник шароитлар ва тиббий муассасаларнинг йўқлиги жиддий хавф туғдиришини» айтган.
Жангарилар вируснинг тезлик билан тарқалишини, уларнинг сафдошлари ва ҳибсдаги аъзолари хавф остида қолишини биладилар, дейди кобуллик доктор Мина Наз.
Шу сабабли улар энди тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлик қилмоқдалар, деди Наз.
«Афғонистондаги соғлиқни сақлаш тизимининг абгор ҳолатда эканлигига худди шу жангарилар масъул, чунки шифокорлар, тиббиёт ходимлари ва ҳамширалар эмлаш ва тиббий хизмат кўрсатишга тайёр эмас», деди у.
«Улар соғлиқни сақлаш муассасаларига зарар етказишди ва исломий таълимотларга зид деб билганлари учун эмлаш билан шуғулланган тиббиёт ходимларини ўлдирдилар», деб қўшимча қилди у.
Толибон гуруҳи сўнгги ярим йил ичида Майдан-Вардак вилоятида Швеция ёрдам гуруҳи бошқарувидаги ўнлаб тиббиёт муассасаларини ёпиб қўйди. Бу воқеадан бир ой ўтиб эса миналанган автомашинани портлатиш билан Забулдаги шифохонани ер билан яксон қилди.
Бу Толибон ҳаракатининг сўнгги бир неча ўн йиллик давомида жамоат соғлиқни сақлаш тизимига путур етказиш билан боғлиқ сон-саноқсиз ҳаракатларига иккитагина мисол, холос.
Чегаранинг нариги тарафида – Покистонда ҳам тиббиёт ходимлари Толибоннинг касаллик туфайли дабдурустдан хавотирга тушиб қолганини худди шундай совуққонлик билан қарши олишган.
«5000 дан ортиқ аъзоси Афғонистон қамоқхоналарида сақланаётгани туфайли «Толибон»нинг хавотирга тушиши кулгили, негаки ўтмишда жангарилар ўзлари назорат қилаётган ҳудудларда тиббиёт ходимларининг эмлаш ишларига тўсқинлик қилишган», деди Покистоннинг Сват вилоятидаги собиқ соғлиқни сақлаш ходими, доктор Абдур Рауф.
«Толиблар коронавирус касаллиги пайдо бўлгунига қадар профилактик тиббий чораларни исломга қарши деб билганлар», деди Рауф.
«Улар шу йўл билан мамлакат аҳолиси ва бутун дунёга афғонистонликлар соғлиғи ҳақида қайғураётганини кўрсатмоқда, аслида эса уларга барибир ... негаки улар ўз террорчилик ҳужумлари билан ҳар куни афғонлар ҳаётини хавф остига қўйишда давом этмоқда», дейди кобуллик сиёсий таҳлилчи Аминуллоҳ Шариқ.
«Агар Толибон ҳақиқатан ҳам инсонлар ҳаётини сақлаб қолишни истаса, оташкесимга рози бўлиб, тинчлик битими имзолаши ва ҳукумат билан биргаликда коронавирусга қарши курашиши лозим», деди у.
Ташвиқот уруши
Толибонда халқаро аралашувни талаб қиладиган яширин мотивлар бор, дейди 26 яшар кобуллик Носир Аҳмадий.
«Улар халқаро ташкилотлардан маблағ олишга ва уларни ўз террорчилик фаолиятлари учун сарф қилишга уринмоқдалар», деди у.
«Толибонлар шифокорларни ўлдириш, шифохоналар ва тиббиёт муассасаларини портлатиш билан минглаб одамлар ҳаётини хавф остига қўймоқда», деди Аҳмадий. «Бу гуруҳ учун инсонлар ҳаёти аҳамиятсиз.»
«Толибонларда тиббий лабораториялар ва клиникалар ўрнига наркотик моддалар лабораториялари ва уларни ишлаб чиқариш марказлари бор.»
Таҳлилчиларга кўра, Толибонлар ёрдам беришни истаган тақдирда ҳам коронавирусга қарши курашга қодир эмас.
«Толибонлар зарурий ресурслар, малакали шифокорлар, тиббий жиҳозлар, тиббиёт ходимлари, шифохона ва клиникаларга эга эмас», дейди Афғонистоннинг Волиси Жирға (парламент қуйи палатаси) аъзоси, соғлиқни сақлаш қўмитаси вакили доктор Ярбаз Хон Ҳамидий.
Пандемияга қарши курашиш учун толибонлар «ҳукумат шифокорлари ва бошқа соғлиқни сақлаш ходимларини ўз назорати остидаги ҳудудларга киритишлари лозим», деди Ҳамидий.
Расмийларга кўра, касалликка қарши курашда Толибонларнинг глобал соғлиқни сақлаш ташкилотларидан ёрдам сўраши ташвиқотдан бошқа нарса эмас.
«Толибонларнинг коронавирусга қарши кураш нияти бўлганида, улар оташкесимга рози бўлиб, ҳукумат ва хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилар эди», деди Афғонистоннинг Пактика вилоятидан бўлган Волиси Жирға вакили Халид Асад.
Бунинг ўрнига улар «бутун дунё эътиборини жалб қилишга уринмоқда», деди у.
ИД «гигиенаси»
Афғонистон Толибонлари тўсатдан омма саломатлиги ҳақида қайғуриб колган ягона жангари гуруҳ эмас.
ИД ўзининг «Ал Наба» хабарномасида коронавирус билан зарарланган Европани «пандемия ўлкаси» деб номлаб, жангариларни ундан узоқлашишга чақирган. Бу ҳақда «Gulf News» 15 март куни хабар берди.
Европадаги ҳужумларни қўллаб-қувватлаган террорчилик гуруҳи коронавирус юқтирганликда гумон қилинган Европадаги издошларини ўша ерда қолишга ва касаллик тарқалишининг олдини олишга чақирмоқда.
У ўз издошларига «эснаш ва аксириш чоғида оғизларини ёпишни» ва қўлларини тез-тез ювиб туришни маслаҳат берган.
«Дунё жангариларнинг одамлар ҳақида қайғурмаётганини ва фақат ўзини сақлаб қолиш ниятида эканлигини тушуниши керак», дейди ЖССТ собиқ ходими, пешоворлик доктор Умар Хон.
Дунё бўйлаб фаолият олиб бораётган жангари гуруҳлар ўз манфаатлари йўлида исломни нотўғри талқин қилмоқда, деб қўшимча қилди у.
«Жангариларда тиббий билимлар йўқ, улар ислом номи билан бу масалада одамларни адаштирмоқдалар», деди у.
[Мақолани тайёрлашга Пешовардан Ашфақ Юсуфзай ва Кобулдан Сулаймон кўмаклашди]