МОСКВА – Сешанба (31 март) куни Россия депутатлари мамлакатда янги коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбланганлар учун жазони қатъийлаштирувчи қонунни маъқулладилар. Шундай бўлса-да, Кремлпараст оммавий ахборот воситалари Ғарбдаги инқирозни кучайтиришга қаратилган дезинформацион кампаниялар орқали одамлар ҳаётини хавф остига қўйишда давом этмоқда.
Инсонлар ҳаётига хавф солувчи ҳолатлар тўғрисида «билатуриб ёлғон маълумот» тарқатиш орқали кимнингдир ўлимига сабаб бўлган ёки бошқа оғир оқибатларни келтириб чиқарган шахсга 2 миллион рубль (25000 АҚШ доллари) миқдоридаги жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши мумкин.
Шу жумладан, ёлғон маълумот тарқатиш орқали бировнинг саломатлигига зарар етказганлик учун 1,5 миллион рубль (19000 АҚШ доллари) миқдоридаги жарима ва уч йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Қонунда коронавирус билан боғлиқ карантинни бузганлар учун жуда қаттиқ – етти йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Қонун лойиҳаси Россия президенти Владимир Путин томонидан имзоланиши кутилмоқда.
144 миллионлик аҳолига эга Россияда шу пайтгача коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 2777 та ҳолат қайд этилган бўлиб, улардан 24 таси ўлим билан якунланган, касалланганлар сони эса кўпроқ экани тахмин қилинмоқда.
12 миллиондан ортиқ аҳолига эга Москвада душанба (30 март) кунидан карантин жорий қилинди. Россиянинг ўндан ортиқ вилоятлари ҳам коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун шу каби чоралар қўллашни бошладилар.
Хорижда сохта хабарлар тарқатиш
Кремль COVID-19 ҳақида дезинформацияни тарқатиш қилиш билан Ғарб давлатларининг соғлиқни сақлаш тизимини обрўъсизлантириб, инқирозни кучайтиришга уринаётганига қарамай, мамлакат ичида шундай жазо чораларини жорий қилди, дейди Ғарб расмийлари ва кузатувчилар.
АҚШ расмийларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги Россияга алоқадор минглаб аккаунтлар вирус атрофидаги ваҳимани кучайтириш учун уюшган ҳатти-ҳаракатларни амалга оширганлар.
Мақсад – саросима ва қўрқув пайдо қилишга қаратилган ўнлаб, айрим ҳолларда бир-бирига зид гап-сўзларни тарқатишдан иборат.
«Биз Кремлнинг оқибатларни ўйламай дезинформация тарқатишга уринаётганини кўриб турибмиз», деди 27 март куни Глобал ҳамжиҳатлик маркази мувофиқлаштирувчиси Лиа Габриэль, деб хабар беради AFP.
Бунга «коронавирус Хитой, АҚШ ёки Буюк Британия томонидан ишлаб чиқилган биологик қурол бўлиб, у дастлаб Хитойда эмас, балки АҚШда пайдо бўлган ёки вирус тоталитар ҳукмронлик ўрнатиш воситасидир» деган иддаоларни мисол ўлароқ келтириш мумкин.
Кремлпараст манбалар бу назарияларни ўзи ўйлаб топмаяпти, балки улар Хитой ва Эрондан чиққан фитна назарияларини териб олиб, уларни янада кучайтирмоқда, дейди ишчи гуруҳ билан ишлаётган тадқиқотчилар.
ЕИдан ташқарида, жумладан «Россиядан, Россияда жойлашган ёки қайсидир йўл билан кремлпараст манбаларга боғлиқ шахслар» томонидан тарқатилаётган дезинформация кучайган, деди ЕИ вакили Питер Стано.
ЕИ дезинформацияга барҳам бериш учун иттифоққа аъзо давлатлар, НАТО ва G7 билан яқиндан ишламоқда, деди Стано.
Жамоатчилик асосли ва ишончга сазовор ахборот манбаларига мурожаат қилиши лозим, деди Стано.
«Дезинформация тарқатаётган ҳар қандай кимса аслида одамларнинг ҳаёти билан ўйнашмоқда», деди у.
Путин касалланганми?
Коронавирус Россия раҳбариятининг энг юқори табақасини ҳам зарарлаган бўлиши мумкин.
Кремлнинг чоршанба (1 апрель) кунги хабарига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганларни даволаётган энг асосий шифохона раҳбарида президент билан учрашувдан кейин касаллик аниқлангач, Путин ўз вазифаларини масофадан туриб бажаришга қарор қилган.
Ўтган ҳафта Москвадаги «Коммунарка» касалхонасига ташриф буюрган Путин билан учрашган Денис Проценко сешанба куни коронавирусга чалинганини, аммо ўзини яхши ҳис қилаётганини айтди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга «шу кунларда президент ҳамма ишларни масофадан туриш бажаришни маъқул кўрмоқда» деб айтган. Бунгача Путин видеоконференция орқали ҳукумат мажлиси ўтказишни режалаштирган эди.
Тубанлик ва қабиҳлик Россиянинг аслидир
Жавоб беришФикрлар 1