Карвонсарой
Дипломатия

Ўзбекистон ва Афғонистон коронавирус пандемияси шароитида ҳамкорликни янгиламоқда

Максим Енисеев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгда) 13 июнь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида афғонистонлик ҳамкасби Ашраф Ғани билан учрашди. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгда) 13 июнь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида афғонистонлик ҳамкасби Ашраф Ғани билан учрашди. [Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати]

ТОШКЕНТ – Ўтган ҳафта телефон орқали сўзлашган Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарлари коронавирус тарқалишига қарши биргаликда курашга келишиб, тинчлик ва иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш тарафдори эканликларини яна бир карра тасдиқладилар.

Пайшанба (2 апрель) ҳолатига кўра, касалланганлар сони Ўзбекистонда 190 (иккита ўлим), Афғонистонда эса 237 кишини (тўртта ўлим) ташкил этган.

26 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев афғонистонлик ҳамкасби Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқотда бўлди. Суҳбат чоғида Ғани Мирзиёевга Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди.

Раҳбарлар жорий вазият ва Марказий Осиёда пандемияга қарши кураш юзасидан ҳукумат томонидан кўрилаётган чораларни муҳокама қилдилар. Ғани ушбу касалликка қарши курашда Афғонистонга амалий ёрдами учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди.

23 март куни Афғонистоннинг Саманган вилоятида COVID-19 ни даволашга ихтисослашган шифохона очилди. [Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

23 март куни Афғонистоннинг Саманган вилоятида COVID-19 ни даволашга ихтисослашган шифохона очилди. [Афғонистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

26 март куни Афғонистоннинг Қундуз вилоятида COVID-19 вирусига қарши кураш «машғулотларини» ўтказаётган толибонлар. [Twitter]

26 март куни Афғонистоннинг Қундуз вилоятида COVID-19 вирусига қарши кураш «машғулотларини» ўтказаётган толибонлар. [Twitter]

Мирзиёев матбуот хизматининг хабар беришича, Ғани ўзбекистонлик ишчилар томонидан қурилган ва бошқарилаётган Ҳайратон –Мозори Шариф темир йўли, электр энергияси, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари, Афғонистонга юклар ва гуманитар ёрдамларнинг тўсиқсиз олиб ўтилишини пандемияга қарши курашда асосий омиллар сифатида эътироф этди.

Икки давлат раҳбарлари яқиндан ҳамкорлик қилишни давом эттириш ҳамда ўз мамлакатларидаги соғлиқни сақлаш ва эпидемиологик вазиятни мониторинг қилишга оид қатъий чоралар кўриш муҳимлигини таъкидладилар.

Ғани ва Мирзиёев Афғонистонни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга келишиб олганлар.

Жумладан, Ўзбекистон Афғонистондаги «Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилишини қисман молиялаштириш учун 45 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги бундай ҳамкорликни юқори баҳолаб келади.

АҚШ президенти Дональд Трамп 21 март куни Наврўз байрами муносабати билан ўзбек халқига йўллаган табригида Афғонистонга кўрсатилаётган ёрдам ва жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади.

3 феврал куни Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчликка эришиш жараёнидаги ролини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Мен Афғонистондаги тинчлик ва ярашувни қўллаб-қувватлашга қаратилган доимий саъй-ҳаракатлари учун ҳамкасбларимга миннатдорчилик билдираман. Шу муносабат билан, АҚШ Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ва алоқаларни ривожлантириш учун бир миллион доллар ёрдам ажратишини мамнуният билан эълон қиламан», деди у.

«Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги мустаҳкам алоқалар нафақат бу ерда ва Афғонистонда, балки бутун Жануби-Марказий, Марказий Осиё ва ундан ташқарида тинчлик ва фаровонликка эришишга ҳисса қўшади», деди Помпео.

Икки хавф

«Ҳозирда Ўзбекистоннинг иқтисодий ёрдами Афғонистон учун ҳар доимгидан ҳам зарур», дейди тошкентлик иқтисодчи Шукрулло Мавлонов.

«Бугунги кунда пандемия туфайли икки мамлакат ўртасидаги чегара пунктлари (пиёдалар ва транспорт воситалари учун) ёпилган ва авиарейслар тўхтатилган бўлса-да, юк ташиш давом этмоқда», деди у. «Товарлар Ўзбекистондан темирйўл ва юк машиналари ёрдамида етказиб берилмоқда.»

«Афғонистон Ўзбекистондан электр энергияси ҳам олади», деб қўшимча қилди у. «Бу каналларсиз Афғонистонга коронавирусни тўхтатиш мушкул бўлади.»

«Афсуски, афғонистонлик дўстларимиз бир вақтнинг ўзида иккита хавфга қарши курашишлари керак: булар эпидемия ва терроризм», дейди тошкентлик сиёсатшунос Валерий Хан.

Экстремист ва террорчилар пандемияга қарши курашишни истамаяпти, аксинча бу ҳолатдан фойдаланиб ўз ҳужумларини кучайтиришга уринмоқда, деб огоҳлантиради кузатувчилар.

«Ўтган ҳафта давомида ҳукумат Афғонистонда коронавируснинг тарқалиши хавотирли экани ва миллионлаб одамларни касаллантириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириши ортидан зўравонлик янада кучайган. Ўтган ҳафтада, коронавирус аниқланган ўнлаб вилоятларда Толибонлар 300 дан ортиқ ҳужумларни амалга оширган», деб хабар беради «New York Times» нашри шахси очиқланмаслигини сўраган расмийга асосланиб.

25 март куни «Ислом давлати» (ИД) Кобулда қонли қирғин уюштирди – сикхлар ибодатхонасига қилинган ҳужумда камида 25 киши ўлдирилди.

Кейинроқ, 29 март куни Толибонларнинг икки ҳужуми давомида йигирмага яқин афғон полициячилари ва ҳукуматпараст жангарилар ҳалок бўлган.

Сохта янгиликлар

Пандемия Толибонларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги иккиюзламачилигини ҳам фош этди.

Гуруҳ бир неча ўн йиллар давомида тиббий муассасаларга ҳужум қилиб, шифокорларни ўлдирган ва аҳолининг муҳим вакциналарни олишига тўсқинлик қилиб келган.

Сўнгра, пандемия авж олишидан бир оз аввал Толибонлар «профилактик чораларнинг исломга зид эканлигини» таъкидлаган эдилар.

Узоқ вақт давомида толибонларнинг аҳоли саломатлигига бефарқлигини тасдиқловчи кўплаб далиллардан кейин, Толибон жангариларининг COVID-19 вирусига қарши кураш бўйича «машқлар» олиб боргани акс этган фотосуратлар кузатувчиларни ҳайратга солган. «Тренинг» давомида жангари гуруҳ қуроллар ва оғир артеллерияни намойиш қилган.

«#COVID19 га қарши курашнинг толибонча усули», деб ҳазиллашган ўзининг Twitter саҳифасида журналист Нур Али бу суратларга муносабат билдириб.

Ўзбекистоннинг коронавирус ҳақидаги дезинформацияга қарши кураш ва аҳолини хабардор қилишга оид тажрибаси Афғонистонга қўл келиши мумкин.

Сохта янгликлар ва дезинформацияга қарши курашда қўлланилаётган воситалардан бири – Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ташкил қилинган «Коронавирус-инфо» Телеграм-каналидир.

Мазкур ташаббусда кўплаб ўзбек журналистлари ва блоггерлар иштирок этмоқда.

Канал 1,3 миллиондан ортиқ обуначи тўплашга улгурди. Улар ўз смартфонлари орқали мунтазам равишда тасдиқланган маълумотларни ўқиб боришлари мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Тошкент, 2020 йил 31 март, 13:53 - REGNUM Ўзбекистон ҳарбий самолёти Хитойдан Тошкентга 200 минг дона тест тўпламлари ва 50 мингта комбинезон олиб келди, деб хабар беради Кун.уз. Улар Ўзбекистон президентининг буйруғи билан харид қилинган. Шунингдек, шу рейснинг ўзида Ўзбекистондан Хитойга 2,5 миллиард сўм (262 минг АҚШ доллари) қийматидаги инсонпарварлик ёрдами етказиб берилган. Юкнинг умумий оғирлиги 20 тоннани ташкил этди.

Жавоб бериш