Карвонсарой
Саломатлик

Халқаро банклар коронавирус инқирози таъсирини юмшатишда Марказий Осиё давлатларига кўмаклашмоқда

Карвонсарой

Шифокор эркакнинг тана ҳароратини ўлчамоқда, Бишкек атрофлари, 1 апрель. Шаҳар COVID-19 вируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ёпилган. (Вячеслав Оселедко/AFP)

Шифокор эркакнинг тана ҳароратини ўлчамоқда, Бишкек атрофлари, 1 апрель. Шаҳар COVID-19 вируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ёпилган. (Вячеслав Оселедко/AFP)

МАНИЛА, Филиппин – Дунё коронавирус пандемиясига қарши курашар экан халқаро молия институтлари Марказий Осиё давлатларига ўз ёрдамини таклиф қилмоқда.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Масацугу Асакава ва Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков 3 апрель куни телефон орқали ОТБ Қирғизистоннинг вирусга қарши кураш чораларини қай тарзда қўллаб-қувватлай олишини муҳокама қилдилар, дейилади ОТБ баёнотида.

Душанба, 6 апрель ҳолатига кўра, Қирғизистонда 216 та касалланиш ва 4 ўлим ҳолати қайд этилган.

Жеенбеков ва Асакаванинг суҳбати чоғида ҳамкорликнинг турли соҳалари муҳокама қилинган. Бу ҳақда президент матбуот хизматига асосланиб, 24.kg нашри хабар берган.

Ниқоб таққан ўт ўчирувчилар COVID-19 коронавируси пандемиясига қарши кураш мақсадида Бишкек кўчаларини дезинфекция қилмоқда. (Вячеслав Оселедко/AFP)

Ниқоб таққан ўт ўчирувчилар COVID-19 коронавируси пандемиясига қарши кураш мақсадида Бишкек кўчаларини дезинфекция қилмоқда. (Вячеслав Оселедко/AFP)

Жеенбеков Қирғизистон иқтисодиётини ривожлантириш ва коронавирусга қарши курашдаги қўллаб-қувватлови учун ОТБга миннатдорчилик билдирди. Ҳозирги вазият «саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва инқирозга қарши қўшма чора-тадбирларни амалга оширишни» тақозо қилмоқда, деб айтган у 24.kg нашрига кўра.

Асакава Жеенбековни Қирғизистондаги фискал чоралар, жумладан ночор қатламни ёрдам пули билан таъминлаш ва Қирғизистон Республикаси Миллий банкининг хусусий секторда ликвидликни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз вақтида олиб борган сиёсати учун олқишлади.

«ОТБ коронавирус пандемияси Қирғизистонда одамлар ҳаёти, турмуши ва бутун иқтисодиётга сезиларли таҳдид эканлигини тан олади», деди Асакава. «Биз пандемиянинг ҳукумат ва тадбиркорларга нисбатан ижтимоий ва иқтисодий таъсирини камайтириш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз.»

Вируснинг кейинчалик тарқалишининг олдини олиш

ОТБ зарурий тиббий воситалар ва анжомлар сотиб олиш учун Қирғизистонга 200 минг АҚШ долларига тенг (17 млн. сўм) миқдорида шошилинч ёрдам ажратишни маъқуллаган.

ОТБ, шунингдек, Қирғизистонда соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ва кредитлар ҳам ажратади.

Ўтган ҳафта Қирғизистонга Жаҳон банки (ЖБ) ҳам ёрдам қўлини чўзди.

2 апрель куни ЖБ директорлар кенгаши Қирғизистон республикасининг COVID-19 бўйича фавқулодда чоралар режаси учун 12,15 млн. АҚШ доллари (1 млрд. сўм) ёрдам пули ажратди. Бу ҳақда ЖБ баёнотида хабар қилинган.

Бунга қўшимча равишда, ЖБнинг «COVID-19 глобал пандемияси билан боғлиқ тиббий ва ижтимоий хавф-хатарларга тайёрланиш ва уларга самарали чора кўриш бўйича мамлакат саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш» жорий лойиҳасидан 9 млн. АҚШ долларига тенг (763,8 млн. сўм) пул ажратилади.

«Фавқулодда COVID-19 лойиҳасидан мақсад одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва бундан кейин касаллик тарқалишининг олдини олиш», дейди Жаҳон банкининг Қирғизистондаги вакили Болормаа Амгаабазар.

«Маблағ Қирғизистоннинг COVID-19 бўйича фавқулодда вазият режасини қўллаб-қувватлайди, жумладан тегишли профилактика чораларини кўриш, зарур дори-дармонлар, тиббий ускуналар ва жиҳозлар сотиб олиш, жонбозлик кўрсатаётган тиббий ходимлар ҳаётига таҳдидни камайтириш ва беморларни даволашни ўз ичига олади», деб қўшимча қилди Амгаабазар.

Жаҳон банкига кўра, ташаббус мамлакатга махсус шифохоналардаги саккиз ўрин учун мўлжалланган 10 та тўлиқ жиҳозланган интенсив терапия бўлимларига ўрнатиш ёки янгилаш учун интенсив терапия ускуналари ва улар учун сарфланувчи ашёлар сотиб олишга кўмаклашади. Бу жиҳозлар ичига механик вентиляторлар, юрак дефибриляторлари ва бошқа зарур ускуналар киради.

Бунга қўшимча равишда, беморлар ва шифокорлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 24 та шифохонадаги 20 та интенсив терапия хоналари, 100 та изоляция хоналари фавқулодда таъмирланади, деб хабар берди Жаҳон банки.

Ўзбекистон учун грантлар

Ўтган ҳафта ОТБ Ўзбекистонга ҳам ўз кўмагини тақдим этган.

6 апрель ҳолатига Ўзбекистонда COVID-19 вируси билан 390 та касалланиш ва 2 та ўлим ҳолати тасдиқланган.

1 апрел куни Асакава Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умрзоқов билан телефон орқали суҳбатлашди. Унда пандемияга қарши курашда Ўзбекистонга кўрсатиладиган ОТБ ёрдами муҳокама қилинди.

«ОТБ ҳозирги ўта мушкул даврда вирус тарқалишига қарши курашда, тадбиркорлар ва бандликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдам ва иқтисодиётнинг барқарор фаолиятини таъминлаш учун молиявий ёрдам ажратиш билан Ўзбекистонга кўмаклашишни ёқлайди», деб айтган Асакава ОТБ баёнотига кўра.

«ОТБ Ўзбекистоннинг вирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлари учун 200 минг АҚШ долларига (1,9 млрд. сўм) тенг миқдорда грант ажратишни маъқуллади», деди у.

ОТБ Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш бўйича сиёсий тавсиялар беради ва «ссудаларни қайта тақсимлайди», деб қўшимча қилди Асакава.

Умрзоқов доимий қўллаб-қувватлови учун ОТБга миннатдорчилик билдирди.

Асакава Ўзбекистон ҳукуматининг пандемияга қарши барвақт курашишни бошлаганини олқишлади. Ҳукуматнинг тезкор чора-тадбирлари иқтисодий тикланиш учун керак бўладиган вақтни қисқартиради, деди у.

ОТБнинг коронавирусга қарши чора-тадбирлари 18 мартдан, ривожланаётган аъзо давлатларнинг бевосита эҳтиёжларини қондириш учун «тахминан 6,5 млрд. долларлик бошланғич пакетни» эълон қилган пайтдан бошланган.

Тожикистон учун ёрдам

Бу орада, Жаҳон банки ҳеч қандай коронавирус ҳолатлари қайд этилмаган Тожикистонга ҳам ёрдам бермоқда.

2 апрель куни Жаҳон банки Тожикистоннинг пандемияга тайёргарлик кўриши учун 11,3 млн. АҚШ доллари (115,4 млн. сомоний) миқдорида грант ажратди. Бу ҳақда ташкилот баёнотида хабар қилинган.

Ушбу маблағ мамлакат бўйлаб шифохоналарда 100 га яқин реанимация бўлимларини ташкил этиш ва тожикистонликларнинг коронавирус билан касалланган беморларни даволаш қобилиятини кучайтиришга кўмаклашади.

Шу билан бирга, маблағ Тожикистонга коронавирусни аниқлаш ва даволаш учун турли лаборатория ҳамда тиббий жиҳозлар сотиб олиш имконини беради.

«Мазкур лойиҳа мамлакатга профилактик чораларни амалга ошириш, тиббий ходимларни ҳимоя қилиш ва COVID-19 ҳолатларини камайтиришга, шу билан бирга, кам таъминланган ва энг ҳимоясиз қатлам, айниқса болаларни ҳимоя қилишга ёрдам беради», деди Жаҳон банкининг Тожикистон бўйича бошқарувчиси Ян-Питер Олтерс.

Жаҳон банкининг ёрдами пандемия бўйича оммавий хабардорлик ва унинг олдини олиш чоралари, масалан қўл ювишга оид тарғибот кампанияларини молиялаштиради. Шу билан бирга, у муҳтожлар, асосан қиммат нархлар туфайли озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келиши мумкин ёш болали оилаларга шошилинч пул ўтказмаларини таъминлайди.

Бундай ўтказмалар пандемия даврида оилаларда тўйиб овқатланмаслик хавфини камайтириши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу қийин вақтда биз ўзбекистонликларга ёрдам берилаётганидан хурсандман

Жавоб бериш