Карвонсарой
Саломатлик

Марказий Осиё мамлакатлари коронавирусга қарши кураш йўлида бирлашмоқда

Канат Алтинбаев

Арбат одатда олмаоталиклар сайр қилишни яхши кўрадиган гавжум шоҳкўча. Коронавирус сабабли бу ерлар энди бўм-бўш, 24-март куни олинган сурат. [Канат Алтинбаев]

Арбат одатда олмаоталиклар сайр қилишни яхши кўрадиган гавжум шоҳкўча. Коронавирус сабабли бу ерлар энди бўм-бўш, 24-март куни олинган сурат. [Канат Алтинбаев]

ОЛМАОТА – COVID-19 вирусининг тарқалиши кучайиб борар экан, Марказий Осиё мамлакатлари маълумот алмашишдаги фаол ҳамкорлик, логистика бўйича ҳамжиҳатликда иш юритиш ва минтақада пандемия авж олган пайтда бирдамликни кучайтириш билан касалликка қарши кураш йўлида бирлашмоқдалар.

Пайшанба (9 апрель) кунига келиб, минтақадаги уч мамлакатда коронавирус ҳолатлари қайд этилган: Қозоғистонда касалланганлар сони 764 та, улардан етти нафари ўлган; Қирғизистонда 280 та касалланиш ва 4 ўлим ҳолати; Ўзбекистонда эса 555 та касалланиш ва 3 ўлим ҳолати қайд этилган.

Тожикистон ва Туркманистонда COVID-19 вирусига чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳолат рўйхатга олинмаган.

Расмий маълумотларга кўра, коронавирус Марказий Осиёга март ойида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) COVID-19 касаллигини глобал пандемия деб эълон қилганидан сўнг, бир оз кечикиб кириб келди.

Суратда: 24 март куни Олмаотадаги «Сункар» турар жой мажмуаси олдида навбатчилик қилаётган тиббиёт ходимлари, бу ерда COVID-19 вирусига чалинган бемор аниқланган.

Суратда: 24 март куни Олмаотадаги «Сункар» турар жой мажмуаси олдида навбатчилик қилаётган тиббиёт ходимлари, бу ерда COVID-19 вирусига чалинган бемор аниқланган.

Ўшандан бери Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ижтимоий масофани таъминлашга доир қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Кинотеатрлар, савдо марказлари, кафе ва ресторанлар ёпилди.

Ўзаро кўмак

Минтақада касаллик авж олиб борар экан, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари бир-бирларига ўз ёрдамларини таклиф қилмоқдалар.

27 март куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Бишкекдаги президент матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот чоғида коронавирус тарқалишига қарши кураш, савдо, иқтисодиёт ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди, дейилади пресс-релизда.

Пандемия Марказий Осиё давлатларининг турли соҳаларда бирлашишига ёрдам берди.

Март ойи бошида қозоқ-қирғиз чегарасидаги божхона ходимлари ҳужжатларни тезлик билан текшира олмагани сабабли чегарада юк машиналари тўпланиб қолган эди.

Март ойи ўрталарида Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин қирғизистонлик ҳамкасби Муҳаммедкали Абилгазиев билан юк машиналарининг чегарадан ўтиш жараёнини соддалаштириш ва коронавирусга қарши кураш бўйича ҳамкорликдаги чораларни келишиб олган.

Шу қаторда, COVID-19 вируси билан касалланиш ҳолатлари ўсиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистон ҳам қўшни Қирғизистонга ёрдам қўлини узатмоқда.

29 март куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Қирғизистоннинг Ўш вилоятига 10 минг дона ниқоб ва 900 та комбинезон юборган бўлса, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 4800 та тезкор тест ва реагентлар жўнатган. Бу ҳақда Бишкекнинг Gezitter.org нашри хабар берган.

Шу билан бирга, 2 апрель куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига 1000 тонна ун, шахсий ҳимоя костюмлари, респираторлар, қўлқоплар, кўзойнаклар ва контактсиз термометрлар ортилган юк поезди етиб келди, деб хабар беради Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Коронавирус пандемияси чоғида Қирғизистон ва Ўзбекистондаги маҳаллий ҳокимликлар ўзаро ҳамкорликни янада кучайтирдилар, деди Ўш вилоятида ҳуқуқ-тартибот органларига коронавирус тартибига риоя қилишга кўмаклашаётган кўнгиллилар штаби вакили Қодир Сулаймонов.

«Бунгача, Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов даврида икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқ эди, 2016 йилда Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг ҳамма нарса ўзгарди», дейди Сулаймонов.

«Ҳозир, айниқса пандемия вақтида Қирғизистон ва Ўзбекистон бир-бирига озиқ-овқат ва зарурий тиббий жиҳозлар билан ёрдам бериб, ҳақиқий дўстона муносабатни намойиш қилмоқда», деди у.

Россиянинг нохайрихоҳ муносабати

Кузатувчиларга кўра, Москванинг ҳатти-ҳаракатлари бундай самимиятдан кескин фарқ қилади.

Россия президенти Владимир Путин бир неча ҳафта давомида коронавирус пандемиясига қарши тартибсиз чоралар кўрди, мамлакат бўйлаб ҳаракатни қатъий чекламади.

Аммо, бу ёндашув натижа бермади ва касалланиш ҳолатлари кўпая бошлади, оқибатда касаллик кенг миқёсда тарқалмоқда ва рўйхатга олинмаяпти, деган хавотирлар пайдо бўлди.

16 март куни эса Россия кутилмаганда ўз чегараларини ёпди.

Натижада, чегараларнинг икки томондан ёпилиши Марказий осиёликлар учун қийинчиликлар келтириб чиқарган.

Россия аэропортларида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг юзлаб фуқаролари қолиб кетган, уларнинг кўпчилиги ҳатто бир неча кун аэропортларда тунашга мажбур бўлган.

Россия аэропортларидан номунтазам рейслар амалга оширилган, айрим йўналишлар учун чипталар нархи қарийб уч марта қимматлаган. Шунингдек, Россиядан Марказий Осиёга поездлар қатнови ҳам тўхтаган.

Охир-оқибат, Россия ҳукумати одамлар соғлиғи учун ҳалокатли вариантни танлади: йўловчилар саломатлиги ёки уларнинг режаларини сўраб ўтирмасдан, уларни ёппасига аэропортлардан ҳайдаб чиқара бошлади.

3 апрелга ўтар кечаси Новосибирскдаги Толмачев аэропорти ходимлари 100 дан ортиқ мигрантни Марказий осиёлик бинодан ҳайдаб чиқарган, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик (RFE/RL) радиосининг қирғиз хизмати.

Улар ватанига қайтиб кетиш учун рейсларни кутиб, аэропортда икки ҳафта яшашга мажбур бўлишган.

Қирғизистондаги Миграция бўйича халқаро ташкилот қирғизистонликларни хостелларга жойлаштириш ва озиқ-овқат билан таъминлашга ёрдам берган. Ўзбекларнинг омадлари келмаган, уларга ҳеч ким ёрдам бермаган.

Аввалроқ, 31 март куни Москванинг Домодедово аэропортида қолиб кетган тожикистонлик мигрантлар форма кийган хизматчилар томонидан ҳайдаб чиқарилган. Мигрантлар бу бинода 10 кундан ортиқ қолиб кетишган. Бу ҳақда RFE/RL радиосининг қирғиз хизмати хабар берган. Уларнинг ҳаммаси кечаси кўчага чиқариб юборилган.

Шахси номаълум тожикистонлик тадбиркор уларга ёрдам бериб, ўз ҳовлисига жойлаштирган.

Россиялик расмийлар эса яхшилик қилган бу одамни «қонунни бузган ҳолда мигрантларни кўчиришда» айблади.

Мигрантлар жиддий хавф остида

Фаолларга кўра, ҳукуматнинг меҳнат мигрантларига нисбатан бундай муносабати COVID-19 вирусига қарши курашда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Россияда қолаётган мигрантларда касалланиш хавфи айниқса катта, дейди Москвада яшовчи ҳуқуқбон Каримжон Еров.

«Одатда мигрантлар бир хонадонда 5-10 кишидан, гуруҳ-гуруҳ бўлиб яшайди. Бу касаллик кўпайиши учун жуда катта имконият, вирус тарқалиши дахшатли суръатларда бўлиши мумкин», деди у.

Давлатлар касалликка қарши умумий курашда ҳамкорлик қилаётган бир вақтда, Россия ҳукумати меҳнат мигрантларига қарши қатъий сиёсатини ўзгартириши лозим, дейди Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги клиника шифокори Айгерим Жакешева.

«Биз докторлар, россияликларни қабул қиляпмиз ва уларга тиббий ёрдам кўрсатяпмиз, ҳеч кимни бизникилар ва бошқалар деб ажратмаяпмиз», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қандайдир фейк хабарга ўхшайди. Ташвиқот. Россия 16 март куни ўз чегараларини ёпди; 23 март куни Тошкентда ўзини-ўзи яккалаш бўйича чекловчи чоралар жорий қилинди. Ва бир ҳафта ичида барча жамоат транспортлари қатнови бутунлай тўхтатилди. Муаллиф бу ҳолатларнинг Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидаги қарорларга қай тарзда зид келишини очиқламаган. Қозоғистон ҳеч нарсани тўхтатмади ва изоляция ҳам қилмади. Ёки уларнинг бундан умуман хабари йўқ.

Жавоб бериш