Карвонсарой
Терроризм

Қирғизистонлик таҳлилчилар маҳкумларни дерадикализация қилиш учун тизимли ёндашув зарурлигини айтмоқда

Мунара Боромбаева

Бишкекда кўчани кесиб ўтаётган эркаклар, 22 март. Жазони ижро этиш давлат хизмати маълумотига кўра, Қирғизистонда экстремизм ва терроризмда айбланган 204 нафар маҳбус бор. [Мелисовский]

Бишкекда кўчани кесиб ўтаётган эркаклар, 22 март. Жазони ижро этиш давлат хизмати маълумотига кўра, Қирғизистонда экстремизм ва терроризмда айбланган 204 нафар маҳбус бор. [Мелисовский]

БИШКЕК – Қирғизистон қамоқхоналаридаги дерадикализация жараёни учун тизимлироқ ёндашув зарур, дейди таҳлилчилар.

Жазони ижро этиш давлат хизмати ГСИН маълумотларига кўра, 2020 йилнинг март ойи ҳолатига мамлакатда терроризм ва экстремизмда айбланиб судланганлар сони 204 кишини ташкил этмоқда.

2019 йилда экстремистик ва террорчи гуруҳлар тарафдорларидан бўлган 21 нафар, 2020 йилда эса 9 нафар маҳкум тарбиявий-профилактика ишлари натижасида ушбу гуруҳларга аъзоликдан расман воз кечиб, тўғри йўлга қайтди, деб қўшимча қилади ГСИН.

Эришилган ютуқларга қарамай, Қирғизистонда судланган экстремистлар ва террорчиларни радикаллашувдан халос қилиш бўйича тизимли ёндашув ишлаб чиқилмаган, дейди Бишкеклик диний мутахассис, профессор Қодир Маликов.

Гарчи халқаро ва нодавлат ташкилотлар, шунингдек мустақил таҳлилчилар дерадикализация бўйича изланишлар олиб бораётган бўлса-да, малакали мутахассисларнинг тақчиллиги бу борадаги ишлар етарли эмаслигидан дарак бермоқда.

«Биргина мисол, бизда «Мутакаллим» аёллар хусусий жамғармаси бор, унда маҳбус аёллар билан ишлашга ихтисослашган ўқитувчи аёллар фаолият кўрсатади, аммо улар радикализмда айбланган аёлларга дарс бермайди», деди Маликов.

«Қирғизистон мусулмонлари диний идорасида (ҚМДИ) бевосита қамоқхоналар билан ишлайдиган даъват бўлими бор, аммо унга техник имкониятлар ва адабиётлар етишмайди», деди у.

Маҳбуслар билан кўришиш қийинлашган

«Булар Қуръонни тафсир қилиш бўйича чуқур билимга эга, экстремистик гуруҳлар мафкураси ва тарихини билан яхши биладиган, шунингдек, маҳкумлар психологиясини тушунадиган мустақил кадрлар бўлганида нур устига аъло нур бўлар эди», деди у маҳбусларни дерадикализация қиладиган ходимларни назарда тутиб.

Шу билан бирга, ҚМДИ дерадикализацияга муҳтож бўлган маҳбуслар билан учрашишда қийинчиликларга дуч келган.

«2003 йилдан бери ҚМДИ ва ГСИН ўртасида келишув мавжуд бўлиб, унга биноан тажрибали диний уламолар қамоқхоналарни зиёрат қилади ва маҳбуслар билан суҳбатлар ўтказади», дейди қамоқхоналарга бориб юрадиган ҚМДИ имоми Билол ҳожи Сайпиев.

«Имом 2-3 соат давомида шаръий билимлардан гапиради, маҳбуслар ҳам бунга хайрихоҳ. Улар бундай суҳбатлардан фойда олаётганликларини айтмоқдалар», деди у.

Сайпиевнинг айтишича, авваллари ҚМДИ вакиллари фаол терговда бўлган ва вақтинчалик изоляторда сақланаётган шахсларнинг олдигагина кира олмас эдилар. Улар ҳатто умрбод қамоқ жазосини ўтаётган маҳбуслар билан учрашишлари мумкин эди.

«Аммо, охирги уч йилдан бери биз терроризм ва экстремизмда айбланганлар билан учраша олмаяпмиз, чунки улар учун алоҳида қамоқхона қурилган», деди Сайпиев. «Улар алоҳида ҳибсда сақланади ва бизга улар билан кўришишга рухсат йўқ.»

«ҚМДИ ГСИН билан гаплашиб, маҳбуслар билан учрашишга изн олиб бермоқчи, сабаби дерадикализация жараёнида уларга тўғри билимлар берилиши зарур», деди у.

Дерадикализация режаси билан бирга, уни ким ва қай тарзда амалга оширишини очиқлаб берувчи стратегия ҳам бўлиши керак, дейди бишкеклик диншунос олим ва Исломшунослик институти директори Маметбек Мирзабаев.

«Янгиликларда илгари терроризм ёки экстремизмда айбланиб судланган шахс қайта ҳибсга олингани ҳақида эшитиб қоламиз. Бунга сабаб, у билан ҳеч ким дерадикализация ишларини олиб бормаганидир», деди Мирзабаев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500