ОЛМАОТА – Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) раҳбарлари 10 апрель куни янги коронавирусга қарши ҳамкорликдаги чораларни муҳокама қилиш учун видео-анжуман ўтказдилар.
«COVID-19 пандемиясига қарши курашда ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик» саммитида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирок этишди.
Анжуманда шунингдек, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ҳам қатнашди.
Қирғизистон ва Тожикистонга 5 минг тоннадан ун юбориш билан, Қозоғистон ўз қўшниларини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда, деди Тўқаев видео-анжуман чоғида.
Тўқаевга кўра, шу кунларда Қозоғистон илмий тадқиқот институти коронавирусни аниқловчи диагностик тест ишлаб чиққан ва мамлакат бу тажриба билан ўртоқлашишга тайёр.
Айни вақтда Жеенбеков гуманитар ёрдам ва кундалик эҳтиёж маҳсулотларини ташишда чегаралардаги чекловларни камайтиришни таклиф қилди. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг матбуот хизмати хабар берган.
Бу режа маъмурий ва божхона тўловлари механизмларини соддалаштириш ҳамда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида муҳим экспорт товарларига божларни камайтиришни ўз ичига олиши лозим, деб қўшимча қилинади баёнотда.
Президент Мирзиёев матбуот хизмати хабарига кўра, у Туркий кенгаш доирасида ягона эпидемиологик мониторинг тизимини ишлаб чиқишни таклиф қилган.
Шунингдек, у кенгашга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида эпидемиологик тадқиқотлар ва ўта хавфли инфекцияларнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш бўйича маълумот ва тажриба алмашишни енгиллаштириш таклифи билан чиқди.
Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар мувофиқлаштириш гуруҳининг пандемияга қарши курашига ёрдам беради, деб қўшимча қилган у.
Пандемия Туркий кенгаш давлатлари учун жиддий хавфдир, деди Нур-Султондаги Шарқ-Ғарб ҳалқаро геосиёсий башорат маркази президенти Карлигаш Нугманова.
«Онлайн саммит якунида Туркий кенгашга аъзо давлатларда эпидемиологик назоратни йўлга қўйиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт ва бизнесни қўллаб-қувватлаш доирасида бир қатор комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди», деди у.
Путин туркий халқларни вирусга ўхшатди
Марказий Осиё давлатлари бир неча йиллар давомида минтақада ўз таъсирини кучайтиришга уринаётган Россиясиз қарор қабул қилиш ва ҳаракат қилиш истагида эканлиги Туркий кенгаш видеосаммитида намоён бўлди, дейди қирғизистонлик собиқ дипломат, бишкеклик Мурат Конокбаев.
Пандемия даврида Марказий Осиё давлатларининг Москвадан ҳафсаласи янада пир бўлди , бу давлатларнинг Россияда қолиб кетган фуқаролари ҳар куни фундаментал ҳуқуқларининг поймол қилинишига дуч келмоқдалар , деди у.
Бошқа давлатлар ҳамжиҳатлик билан бир-бирини қўллаб-қувватлаётган пайтда, Россиядаги муҳит Марказий осиёлик меҳнат мигрантлари учун тобора хавфли тус олиб бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, чегаралар ва аэропортларнинг ёпилиши ортидан Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонлик минглаб фуқаролар Россияда қолиб кетишган.
Россия авиакомпаниялари минтақа мамлакатларга парвозларни тўхтатган ва чипта эгаларига пулларини қайтармаган, мижозларнинг чипталари эса куйган. Ўз ишини йўқотгани меҳнат мигрантлари пуллари тугагани сабаб бошпанасиз қолиб кетганлар.
Бу орада, 8 апрель куни Вазирлар маҳкамаси билан пандемия борасида видеомулоқот қилган Россия президенти тарихдан ҳақоратли мисол келтириш билан омма эътиборини тортди.
«Юртимиз кўп қийинчиликларни енгиб ўтди: бижанак ва куманлар (қипчоқлар) зулмини ҳам кўрди. Россия буларнинг барчасидан ўта олди. Бу коронавирусни ҳам даф қиламиз», деб айтган у 10-13 асрларда Евроосиёда кўчманчи бўлиб яшаган туркийзабон халқни зарарли ва ўта хавфли вирусга таққослаб.
Қипчоқлар замонавий қозоқ, қирғиз ва ўзбекларнинг узоқ тарихдаги аждодлари ҳисобланади.
Бижанаклар ҳақида маълумотлар етарли эмас, аммо Россия қипчоқлар билан дўстона муносабатда бўлган, лекин 13 асрда татарлар босқини вақтида уларни ўз ҳолига ташлаб қўйган, деган эди қадимги Русь бўйича тарихчи мутахассис Федор Успенский Meduza нашрига.
Путиннинг бу сўзлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кулгига қолди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Марказий Осиё давлатлари бўйича таҳлилчи ва сиёсатшунос москвалик Аркадий Дубновга кўра, Путинга нутқ ёзиб берувчи шахс бижанаклар ва қипчоқларни тилга олиб, унинг масхара бўлишига сабаб бўлган.
Россия президентининг хавфли вирусни туркийзабон халқлар аждодларига ўхшатиши жуда хунук иш бўлди, дейди тошкентлик Шуҳрат Муҳамедов.
«Путин ақлли ва тарихни яхши билади дейишади. Унда нега бунақа гапларни гапиради?», деди у.
Сафсата
Жавоб беришФикрлар 3
Охирги вақтларда туркий мамлакатлар яқиндан ҳамкорлик қила бошлагани қувонарли.
Жавоб беришФикрлар 3
Мақоланинг турган-битгани сафсата. Путиннинг сўзларини қандай талқин қилинганини қарасангиз-чи!!! Муаллиф мақоланинг охирида Россия томони карамли перашкани ўйлаб чиқаришда ва «Юлдузлар уруши» сценарийсининг ёзилишига таъсир ўтказганликда ҳам айбдор, деб қўшиб қўймабди-да!!!
Жавоб беришФикрлар 3