БЕРЛИН – Немис полицияси «Ислом давлати» (ИД) террорчилик гуруҳига аъзоликда гумон қилинган беш тожикистонликни ҳибсга олди. Улар Германиядаги АҚШ кучларига қарши ҳужум уюштириш ниятида бўлишган. Бу ҳақда чоршанба (15 апрел) куни прокурорлар маълум қилишган.
Эрта тонгда Шимолий Рейн-Вестфалия еридаги олти хонадонда ва бошқа бир қатор объектларда ўтказилган рейдлар давомида тўрт гумондор ушланган. Яна бир тожикистонлик аввалроқ қўлга олинган эди.
Карлсруэ шаҳар прокуратура маълумотларигат кўра, улар америкалик ҳарбий хизматчилардан ташқари, Исломни танқид қилган шахсларни ҳам нишонга олганлар.
2019 йил январ ойида ИДга қўшилишда айбланган Азизжон Б., Муҳаммадали Г., Фарҳодшоҳ К., Суннатулло К. ва Равшан Б. исмли гумондорлар дастлаб Тожикистонда ҳужумлар уюштиришни режалаган.
Прокурорларнинг айтишича, улар Сурия ва Афғонистондаги 2 нафар юқори мартабали ИД раҳнамоларидан кўрсатма олганларидан кейин ўз эътиборларини Германияга қаратганлар.
Бу шахслар бир нечта объектлар, жумладан Германиядаги АҚШ ҳарбий ҳаво базаларига ҳужум қилишни режалаштиришган ва интернет орқали бомбанинг таркибий қисмларига буюртма бериб, ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар тўплаган.
Улар, шунингдек Исломга нисбатан очиқчасига танқидий фикр билдирган шахсга қарши суиқасд уюштиришни режалаб, ўз қурбонларини кузата бошлаганлар, деб хабар беради прокуратура.
Гумондорлардан икки нафар Албанияда қотиллик содир этиш учун 40 000 долларлик (409900 сомоний) келишув тузган.
Улар Албанияга боришган, режалари амалга ошмагач, Германияга қайтиб келишган.
Прокуратурага кўра, улар Германияда ўз режалари ва Суриядаги ИД учун тўпланган пулларни террорчи гуруҳга йўналтириш учун Туркиядаги молиявий агентларга юборганлар.
Der Spiegel немис ҳафтаномасининг ёзишича, 30 яшар Равшан Б. тўда раҳбари бўлган.
У 2019 йил март ойидан бери, ёнида қурол топилганидан бери тергов остида эди, деб ёзади Spiegel.
Равшан Б. портловчи мосламалар ясаш бўйича йўриқномалар тарқатганликда ва Албанияда қотиллик содир этиш учун пул олганликда айбланмоқда.
Германия жангарилар нишонида
2016 йил декабр ойидагиси улар ичида энг қонлиси бўлган эди – ўшанда Берлиндаги Рождество ярмаркаcида юк машинасининг одамлар устига юриб бориши натижасида 12 киши ҳаётдан кўз юмган эди.
2018 йил июнь ойида немис полицияси илк бор Германияда биологик ҳужумнинг олди олингани ҳақида хабар берган, ўшанда тунислик ИД издоши заҳарли рицин моддаси ва бомба ясашда ишлатиладиган ашёлар билан қўлга олинган эди.
Ўтган йилнинг ноябр ойида эса Оффенбах полицияси «ИД» номидан портлаш содир этишни режалаштиришда айблаб, уч кишини ҳибсга олди.
Ўша ойнинг ўзида Берлинда суриялик фуқаро ҳибсга олинган, у портловчи мослама учун асосий таркибий қисмларини сотиб олиш ва Интернетдаги онлайн-чатларнинг бирида бошқа гумондорлар билан бомба ясаш бўйича маслаҳатларни муҳокама қилишда айбланган.
Германия хавфсизлик хизматлари ҳисоб-китобига кўра, мамлакатда 11000 га яқин радикал фуқаролар бор, уларнинг 680 нафари ўта хавфли ва зўравонлик содир этишга лаёқатли ҳисобланади, бу 2013 йилдаги рақамларга нисбатан беш баравар кўп.
Германия Ироқ ва Сурияда ИДга қарши курашаётган коалициядаги иштироки ва 2001 йилда Афғонистонда ўз аскарларини жойлаштиргани сабабли жангари гуруҳларнинг нишони бўлиб келмоқда.