Карвонсарой
Терроризм

Коронавирус сабабли Туркияда иш жойлари камаяр экан, ИД туркманларни жангариликка ёллашни кучайтирмоқда

Жумагули Аннаев

Кимсасиз Истанбул, 12 апрель куни олинган сурат. Коронавирус авж олиши ортидан Туркияда кўплаб туркман мигрантлари ишсиз қолиб кетганлар. (Ўзан Косе/AFP)

Кимсасиз Истанбул, 12 апрель куни олинган сурат. Коронавирус авж олиши ортидан Туркияда кўплаб туркман мигрантлари ишсиз қолиб кетганлар. (Ўзан Косе/AFP)

АШХОБОД – «Ислом давлати»нинг (ИД) Туркиядаги ёлловчилари коронавирус пандемияси туфайли келиб чиққан иқтисодий инқироздан фойдаланиб, у ердаги туркманистонлик меҳнат мигрантларини нишонга олмоқдалар, дейди ишчилар.

9 апрель куни Истанбулнинг Оқсарой даҳасида яшовчи туркманистонлик мигрант Эркиннинг олдига нотаниш кимса келган.

Номаълум шахс Эркин билан Марказий осиёлик меҳнат мигрантларининг ҳаёти оғирлашгани ҳақида суҳбатлашган.

«У коронавирус сабабли ресторанлар, кафе ва барлар ёпилганини, мигрантлар эса маош ва тирикчилик воситасини йўқотганидан яхши хабардор эди», деди Эркин 10 апрель кунги видеомулоқоти чоғида.

«Шундан сўнг у суҳбатни секингина бошқа мавзуга буриб, хоҳловчилар учун қўшни давлатда (Сурияда) бир ойда 1000 долларлик (3510 манат) иш борлигини айтиб қолди», деб қўшимча қилди у.

Шунда Эркин бу кимса унинг олдига бекорга келмаганини, у террорчилик ташкилотининг профессионал ёлловчиси эканлигини пайқаган.

Номаълум шахс уни ваъдаларга кўмиб ташлаган. Эркиннинг айтишича, Сурияга боришга розилик берганлар шу заҳоти 1000 доллар ва манзилга етиб боргач, яна 1000 доллари олишини таъкидлаган.

Эркин билан гаплашган кимса уни Сурияда таклиф этилаётган иш жанг қилиш ёки одам ўлдириш эмас, балки қурувчилик, завод ёки хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишлар эканлигига бир неча бор ишонтиришга уринган.

«Аммо бундай «тинч иш» учун ҳеч ким бунча пул таклиф қилмаслигини мен ўша заҳоти тушуниб етдим», деди у.

У ўз дўстлари ва танишларига бу учрашув ҳақида сўзлаб бераркан, улар ҳам худди шундай таклифлар олганликларини айтганлар.

Пандемия одамларни ишидан айирган

Туркманистонлик мигрантлар учун Туркия қулай жой, чунки у ерда визасиз 90 кунгача қолиш мумкин.

Ҳукуматлар вируснинг глобал миқёсда тарқалишига барҳам бериш мақсадида карантин эълон қилиб парвозларни тўхтатгунига қадар, Туркияга ҳар ой 20 мингга яқин туркманистонлик келар эди.

2019 йил март ойининг ўзида мамлакатга 22672 нафар туркманистонлик кириб келган. Бу ҳақда Туркия ҳукумати хабар берган.

«Энди ҳеч ким ҳеч қаерга учмаяпти. Чегаралар ёпилди, рейслар бекор қилинди», деди шахсини очиқламасликни сўраган Туркманистон авиакомпаниясининг Истанбулдаги вакили.

23 яшар туркманистонлик Ресул Истанбулнинг Бейўғли даҳасидаги ресторанда официант бўлиб ишлаб келган. Унга кўра, Туркиядаги карантин сабаб ресторан ёпилган. У ва ресторанда ишлаган бошқа мигрантлар ҳозирда ишсиз қолишган ва уларнинг молиявий аҳволи жуда оғир.

Туркияда яшайдиган мигрантларнинг кўпчилиги у ерда ноқонуний истиқомат қилади, яъни уларнинг виза муддати тугаган, ишлаш ҳуқуқига эга эмас ёки туркман паспортининг муддати ўтган.

«Нима қилишимни билмай қолдим. Вазият оғир. Уй ижарага олишга қодир эмасман, шу сабабли 10 киши билан битта хонада яшаб, озиқ-овқат учун пул тежашга ҳаракат қиляпман», деди Ресул.

У вазият 2-3 ой давомида янада оғирлашадиган бўлса, айрим ватандошлари ИД ёлловчиларига таслим бўлиши мумкинлигини истисно этмаган.

«Қийин аҳволда қолганлар жангариликка ёлловчиларнинг тузоғига илиниши мумкин», дейди Ресул.

Унинг сўзларига кўра, туркманлар террорчилар сафига мафкуравий сабаб билан қўшилмайдилар.

«Ҳаммамиз бу ерга ишлаш учун келганмиз. Аммо энди иш ҳам, пул ҳам йўқ», деди у. «Шу боис ҳам оғир аҳволда қолган мигрантларнинг ИД ёлловчилари таклиф қилаётган катта пулдан воз кечиши мушкул бўлади.»

Эркинга кўра, «ватанга йўл ёпиқлиги» учун вазият янада мураккаблашмоқда.

«Биринчидан, парвозлар тўхтаган, иккинчидан, хорижда ноқонуний бўлганингиз ва виза қоидаларини бузганингиз сабабли сизга жарима солиниши ва мамлакатдан (Туркманистондан) чиқишга беш йиллик тақиқ қўйилиши мумкин», деди Эркин.

Шу тариқа ИД ёлловчилари томонидан таклиф қилинаётган катта пул ва бошқа ваъдалар имконсиз қолганлар учун жозибали кўриниши мумкин.

Ёллаш тадбирлари кучаймоқда

Туркиядаги ҳолатнинг ёмонлашуви меҳнат мигрантларининг аҳволини янада қийинлаштирмоқда.

9 апрель куни Turkmen.news сайти Истанбулда 50 дан ортиқ туркманистонликнинг қўлбола спиртли ичимлик ичиб ўлгани ҳақида хабар берган.

«Арзон қўлбола ароқдан бош тортмайдиганлар бор экан, ёлловчиларнинг 1000 долларлик таклифи рад этилишига кафолат йўқ», деди Эркин.

Туркманистон миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ ходими Мақсад Сапармурадовнинг сўзларига кўра, туркманистонликларни жангариликка ёллаш жадаллашган.

9 апрел куни «Хроники Туркменистана» нашрига берган интервьюсида у «Туркияга террорчи ташкилотлар ёлловчилари келгани» ҳақида айтиб ўтган.

«Уларнинг қўлида янги жангариларни ёллаш учун 2 млн. АҚШ долларига (7 млн. манат) тенг нақд пул бор», деб айтган у.

«Авваллари ёлловчилар потенциал издошларни масжидлардан излашган бўлса, эндиликда масжидлар ёпиқ бўлгани учун, улар ижтимоий тармоқлардан ишсиз қолганларни қидирмоқдалар», деб айтган Сапармурадов «Хроники Туркменистана» нашрига.

Ёлланма жангарига айланиш танлови олдида қолган Туркиядаги туркманистонлик меҳнат мигрантлари ва талабалар Туркманистон ҳукуматидан ёрдам келишига умид қилмоқдалар.

«Туркманистонда шундай шиор бор: Давлат – халқ учун. Бу қуруқ гап эмас, деган умиддамиз», деqди Ресул.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500